Мақолалар

Жаннат райҳонларини асрайлик

Аллоҳ таоло бутун оламларни яратиб, уларнинг барчасини  зийнатлади. Дунё осмонини юлдузлар билан безади. Бу ҳақда “ Қуръони Карим”да:“Дарҳақиқат, Биз энг яқин осмонни  чироқлар (юлдузлар) билан безадик...”( Мулк сураси, 5-оят). Инсонни яратиб, уни ҳаётининг давомчиси бўлган болалар билан безади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:“Мол-мулк, болалар дунё ҳаётининг зийнатидир ...”( Каҳф сураси, 46-оят).

Дарҳақиқат, болалар инсон ҳаётининг зийнатидир. Айниқса, ҳаётимиз зийнати бўлган болаларимиз солиҳ фарзандлар бўлса, нур устига аъло нур бўлади. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам “Боланинг  ҳиди  жаннат ҳидларидан бир ҳиддир” (Алҳоким ривояти) деб марҳамат қилганлар.  Ва яна “ Солиҳ бола жаннат райҳонларидан бир райҳондир” дейилади.

Жаннат райҳонлари бўлган болаларни ҳимоя қилиш муҳим ишлардан биридир. Мана шу мақсадда ҳар йили ёзнинг биринчи куни дунё миқёсида болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида кенг нишонланади.

             Маълумки, халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни 1954 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан барча мамлакатларга 1956 йилдан бошлаб нишонлашни тавсия қилган байрам ҳисобланади. Ушбу байрам дунё болалари ҳаётини, сиҳат-саломатлигини яхшилашга йўналтирилган байрам тадбири саналади.  Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни жаҳон жамоатчилиги эътиборини болаларни турли хил хавфлардан сақлашга қаратиш кунидир. Бу кун болаларни турли хил  шовқин-суронли ўйинлар ўйнатадиган кун эмас, балки болалар катталарнинг ҳимоясига муҳтож эканлигини эслатиб қўйиш кунидир. Ва болалар учун ота-она, барча-барча ёши катта кишилар жавобгар эканлигини таъкидлаш  ҳамдир. 

               Халқимизда азал-азалдан болалар тарбиясига алоҳида эътибор бериб келинади. Болаларни маънавий етук ва жисмонан бақувват бўлишлари уларни келажакда комил инсон бўлиб вояга етишлари учун муҳимдир. Ана шу эътибор туфайли юртимизда кўплаб алломалар, фозилу-фузалолар етишиб чиқди.

             Ёшлигидан ҳар томонлама соғлом бўлиб тарбияланган бола ота-онага меҳрибон, Ватан ва халқига содиқ инсон бўлиб етишади. Ана шундай ҳар томонлама соғлом бўлиб етишган инсон ўзининг кимлигини, қандай буюк зотларнинг авлоди, қандай бебаҳо мерос ворислари эканини теран англаб етади ва у она юртга муҳаббат ва садоқат ҳисси билан яшайдиган,  она юртимизни ёт ва бегона таъсирлардан, бало-қазолардан сақлашга, Ватанимизни ҳар томонлама равнақ топишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшадиган бўлиб вояга етади.

            Хулоса қилиб айтамизки, халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунининг бутун ер куррасида оммавий нишонланиши халқлар ўртасида бирдамлик ва ҳамкорликини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Болаларимиз ҳар кунимизнинг диққат марказида бўлмоғи шарт ва лозимдир. Чунки болалар порлоқ келажагимиз пойдевори ва эртанги кунимизнинг эгаларидир.

 

Р. АКБАРОВ

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими

Read 2821 times

Мақолалар

Top