Ибратли ҳикоялар

Катта тош

Бир шаҳар ўртасида катта тош турар эди. У ўтган-кетганларга ва аравалар юришига халақит берарди. Шаҳар ҳокими маслаҳатчиларини чақириб, тошдан қандай қилиб қутилиш мумкинлигини сўради. Маслаҳатчилардан бири тошни портлатиб майдалаш керак, деди. Бу маслаҳат ҳокимга маъқул келмади. Тош портлатилса, атрофдаги уйларга зарар етиши мумкин эди. Иккинчи маслаҳатчи бошқа шаҳарлардан тош йўнувчиларни чақириб, уни қўл кучи билан майдалашни маслаҳат берди. Бу таклиф ҳам маъқул келмади. Чунки бу иш учун кўп маблағ ва вақт керак эди. Уларнинг ёнидан ўтиб кетаётган бир деҳқон тасодифан бу гапларни эшитиб қолди. "Мен тошдан осон ва тез қутилиш йўлини биламан", деди у. "Бу иш учун қанча маблағ керак бўлади?" деб сўради ҳоким. "Ҳеч қандай маблағнинг кераги йўқ, фақат битта ёрдамчи берсангиз бўлди", деди деҳқон.

Деҳқон ёрдамчиси билан тош ёнидан чуқур кавлай бошлади. Чуқур тайёр бўлгач, кўпчилик бўлишиб тошни унинг ичига ағдаришди. Деҳқон тош устидан тупроқ тортиб текислаб қўйди. Бу ишни кўриб севинган ҳоким деҳқонни ўзига биринчи маслаҳатчи қилиб олди.

Билгинки, йўқчилик ва қийинчилик одамни кўп ўйлашга мажбур қилиб, файласуф қилиб юборади, аксинча, тўқчилик эса одамни ланж қилиб, зеҳнни ўтмаслаштиради. 

 Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Read 5986 times
Tagged under

Мақолалар

Top