Мақолалар

Амир Темур «Чилустун»да намоз ўқиганми?
Сарлавҳа кимнингдир эътиборини тортиши, бошқа бировнинг фикрини чалғитиши, ҳатто айримларни ажаблантириши мумкин. Бу саволнинг жавоби кўпчиликни бефарқ қолдирмаса керак.
 
Гап Нурота туманига кўрк бериб турган «Чашма» меъморий мажмуаси ва у ердаги «Чилустун» жомеъ масжиди ҳақида кетмоқда.
 
Очиғи, юртимизда Нуротанинг «Чашма»си ҳақида билмаган одам кам топилса керак. Афсоналарга бой табиий, чучук ва кўплаб касалликларга шифо, мўъжизавий балиқлари кўзни яшнатувчи тиниқ булоқ ҳақида эшитганлар кўп. Қолаверса, агар бу ерга келсангиз, мажмуанинг пайдо бўлиш тарихи, ундаги қадимий масжид ва обидалар, булоқ сувининг нега шифобахшлиги ҳақида ҳикоя қилиб беришади.
 
«Чашма мажмуаси»да жойлашган «Чилустун» жомеъ масжидининг илк қад ростлаши X асрга бориб тақалади. Иккинчи бор XVI асрда ва ундан кейин 1905-1912 йилларда бинонинг эски пойдевори устига қайтадан қурилган. Масжидининг ташқи кўриниши тўртбурчак шаклда бўлиб, меҳроби ғарбий деворга туташтирилган. Унинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундан иборатки, масжидда қадимда ишлатилган қуёш соатининг ўрни бор ва қадимги акс-садо берувчи овоз кучайтиргичлар кейинги таъмирлаш жараёнида сақлаб қолинган.
 
2626.JPG
 
2009-2010 йилларда жомеъ масжиди асл қиёфасини сақлаган ҳолда қайта таъмирланди.
 
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018-2020 йиллар давомида «Чашма» мажмуасини ободонлаштириш учун маҳаллий бюджет ҳамда турли вазирлик ва идоралар маблағларидан жами 8 миллиард 231 миллион сўм ажратилди, – дейди «Чилустун» жомеъ масжиди имом хатиби Отабек Атоев. – 2018 йил август ойидан мажмуада кенг қамровли қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланиб, «Чилустун» масжиди пол қисмидан 1,2 метр тупроқ чиқарилиб қадимий шамоллатиш шахтаси қайта тикланди. Масжиднинг том қисми ва ташқи деворлари тўлиқ қайта таъмирланди.
 
Ҳақиқатан ҳам, «Чашма» сўнгги уч йил давомида таниб бўлмас даражада ўзгарди. Мажмуага жуда яқин жойлашган 120 дан зиёд хонадон (жами 255 та оила) қарийб 20 миллиард сўм тўлаб берилган ҳолда кўчирилиб, ҳудуд кенгайтирилди. Мажмуадаги ички йўллар асфальтлаштирилди, замонавий тунги ёриткичлар ҳамда сув ўзанлари ўрнатилди. «Панжвақта», «Чилустун», «Саидато», «Домалла» масжидлари ва «Шайх Абул Ҳасан Нурий» мақбараси тўлиқ қайта таъмирланди. «Нурота» меҳмонхонаси қурилиб, фойдаланишга топширилди, мажмуага туташ «Ҳунармандлар маркази» бунёд этилмоқда.
 
Халқ орасида «Чашма» қадимдан кўплаб машҳур жаҳонгиру фузалоларни ўзига жалб этгани ҳақидаги ҳикоятлар, айниқса, «Чилустун»ни буюк муҳаддис Имом Бухорий, соҳибқирон Амир Темур, фалакиётшунос олим ва шоҳ Мирзо Улуғбек, улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий зиёрат қилган ва ушбу масжидда намоз ўқиган, деган ривоятлар юради. Албатта, биз ҳам бунга ишонгимиз келади, лекин нега уларнинг аксариятининг тарихий манбалари ўрганилмагани мавҳум бўлиб келмоқда.
 
Қайд этиш жоизки, сўнгги 30 йил давомида Нурота, унинг тарихи, «Чашма» мажмуаси ва қадимий обидалари ҳақида ўнга яқин рисолалар нашр этилган. Мамлакатимиз тарихи, масжид ва обидалар, муқаддас қадамжолар ҳақидаги маълумотлар жамланган интернет сайтларида ҳам кўплаб, лекин асосан такрор маълумотлар жой олган. Қизиғи, ўтмишдаги тарихий шахсларнинг Нуротага ташрифи ҳақида ривоятлар аниқ тарихий манбаси йўқлиги сабабли, фақат ривоят шаклида тилдан тилга, китобдан китобга ўтиб келмоқда.
 
Юртимизга, хусусан, Нуротага келаётган сайёҳлар оқимининг кўпаяётганидан фахрланасиз. Тарихий ва меъморий обидаларимиздан ҳайратга тушган сайёҳ борки, унинг тарихи билан қизиқади. Ана шундай пайтда биз улар ҳақида аниқ тарихий манбалардаги маълумотлар эмас, балки халқ орасидаги ривояту ҳикоятлар билан чегараланиб қолаётганимиз сир эмас. Маълум бир мажмуа ёки обида ҳақидаги ривоятлар яхши, албатта, ҳатто уларнинг кўпчилиги ишонарли, шу заминнинг фарзандлари уларни айни ҳақиқат деб ҳам қабул қилади. Бироқ дунёни ўзимизга ишонтирмоқчи эканмиз, барча маълумотларимизни аниқ тарихий фактлар устига қуришимиз, яъни, мавжуд тарихий фактни жамоатчиликка аниқ кўрсатиб бера олишимиз керак.
 
Нуротанинг тарихи, хусусан, «Чашма» мажмуаси, бу ердаги тарихий обидалар, ўтмишда содир бўлган ушбу даргоҳлар билан боғлиқ воқеётлар, улуғ саркардалар, мутафаккиру шоирлар, номи дунёга машҳур алломаларнинг бу ўлкага ташрифи ҳақидаги аниқ манбаларга асосланган ҳужжатли рисоланинг йўқлиги сайёҳларга бераётган маълумотларнинг ривоятларгагина асосланиб қолгандек кўрсатмоқда.
 
Мақоладан мурод – воҳа ва мамлакатимиз тарихчилари эътиборини Нурота тарихига яна бир бор қаратиб, унинг мозий қаърида ётган гавҳар саҳифаларидаги олтин маълумотларни халқимизга улашишга даъватдан иборат. Зеро, ҳозирги ва келажак авлод ҳам, юртимизга меҳр қўяётган сайёҳлар ҳам уларга жуда ташнадир.
 
Бектемир Пирнафасов,
журналист.
ЎзА
Read 2645 times

Мақолалар

Top