Мақолалар

Касбингизга эътибор қилинг!

Миқдом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.  “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч ким  ҳеч қачон ўз қўли билан топган таомдан яхшироқ таом еган эмас.  Аллоҳнинг пайғамбари Довуд алайҳиссалом ўз қўли билан топганидан ер эди”, дедилар.

 Шарҳ: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳадиси шарифда биз умматларга ҳаракат, иш ва емакда ҳалол йўл танлашга тарғиб этмоқдалар. Балки янада ҳалолроқ бўлган қўл меҳнатига йўлламоқдалар. Лекин бу Исломий чақириқ ҳозирги асримизда мусулмонлар қулоғига чалинмаганга ўхшайди. Чунки дунёдаги мусулмонларни ишлаб чиқаришлари заифлашиб, жаҳолат, камбағаллик ва касаллик қамраб олди. Айрим соғлом кишилар ҳам ҳар хил ниқоб остида тиланчилик йўлига ўтиб олишди.

 Ундай кимсалар қаторига кафтга дам солувчи, қумга фол очувчи, ёлғондакам тасаввуфий шайх ва шу кабиларни киритишимиз мумкин. Мана шу нарсалар Ислом ва мусулмонлар пешонасидаги доғдир. Лекин мусулмонлардан бошқалар “Ишламаган тишламайди” шиори остида бирлашиб, амал қилиб, пешқадам бўлишмоқда. Унинг учун ана ўша мусулмонмас қавмлар дунё тизгинини қўлга олиб, Ислом ва мусулмонларни лоқайд, заиф, қолоқ ва шунга ўхшаш ёмон атамалар билан номламоқдалар. Ислом бу каби сифатлардан тамоман йироқдир. Агар тарихга назар соладиган бўлсак, буни акси бўлганини кўришимиз мумкин. Масалан, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Мадинага қуп-қуруқ, сармоясиз кириб келдилар. Набий алайҳиссалом Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу билан Саъд ибн Рабийъ разияллоҳу анҳуни исломий биродар қилиб қўйдилар. Шунда Саъд Абдураҳмонга: “Мен ансорлар ичидаги энг бадавлат кишиман. Сенга мол-дунёйимни ярмини бўлиб берайин деганида, ҳақиқий Ислом шахсияти мужассам бўлган Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу: “Бунинг учун менда ҳожат йўқ. Тижорат қилиш учун бозор борми? Менга ўшани кўрсат”, дедилар. Икковлари Қайнуқо бозорига боришди. Абдураҳмон ибн Авфда пишлоқ ва сарёғ бор эди. Аллоҳ номига қасамки, улуғ саҳобий Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу бозорда пишлоқ ва сарёғ сотишдан ҳаё қилмасдилар. У киши одамларга боқиманда бўлишдан ҳаё қилардилар.

 Пайғамбарлар сийратига назар соладиган бўлсак ҳар бир пайғамбарни ўз касби бўлган. Масалан: Одам алайҳиссалом деҳқон, Нуҳ алайҳиссалом денгизчи, Идрис алайҳиссалом тикувчи, Мусо алайҳиссалом қўй боқувчи ва ҳаказо.

 Демак мусулмонликни даъво қилувчи кишилар ҳалол касб қилиб, ана шу касб орқали тирикчилик қилишлари керак экан. Асло тиланчилик йўлига ўтмаслик даркор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида “Ким сўрашликдан бир эшикни очадиган бўлса, Аллоҳ таоло унга фақирлик эшигидан етмиштасини очиб қўяди” деб марҳамат қилганлар.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, албатта, сизлардан бирингиз арқонини олиб, ўтин териб, орқасига кўтариб келгани, бировнинг олдига бориб берса-бермаса сўрашидан яхшидир”, деганлар.

 Ҳаким ибн Ҳизомдан қилинган ривоятда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Юқоридаги (берувчи) қўл пастдаги (олувчи) қўлдан яхшидир. Садақани ўз оилангдан бошла! Садақанинг афзали бойлик орқасидан қилинганидир. Ким иффат қилса, Аллоҳ унга иффатни беради ва ким беҳожатликни талаб қилса Аллоҳ уни беҳожат қилиб қўяди”,дедилар.

 Ким Аллоҳдан иффат талаб қилса унинг учун савоблари билан ризқлантириб қўяди. Ким одамлардан беҳожат  бўлишини сўраб, ўша нарсага йўл қидирса, Аллоҳ унинг учун эшикларни очиб, беҳожатлик, иффат ва каромат сабабларига муваффақ қилиб қўяди.

 Айниқса, ҳозиргидек доруломон замонда яшаётган хар бир шахс бу ҳақиқатларни динимиз таълимотидаги кўрсатмаларни яхши билиши ва унга амал қилмоғи даркор. Шунда дунёмиз ҳам охиратимиз ҳам маъмур бўлажак, иншааллоҳ.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов

Read 2786 times

Мақолалар

Top