Мақолалар

“... ПОРТАЛГА ЁЗАМАН!”

(ечимми ёки таҳдид... тадбиркорликми ёки “уддабуронлик”...)

Ушбу мақолани ёзиш, айниқса даврий нашрларга тақдим этишда жуда ҳам кўп бора истиҳола қилдим... Ўйлаб-ўйлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига билдирилаётган айрим мурожаатларни кўз олдимга келтириб, аниқ бир қарорга келдим, яъни ушбу мақолани ёздим ва даврий нашрларга тақдим этдим...

Ҳаётда Сизни эшитувчи, кўмакдош, ташвишингиз билан яшовчи инсоннинг борлиги нақадар улуғ бахт. Аксинча, додингизни кимга ҳам айтасиз... Дардингизни ким ҳам эшитарди... Бундай ҳаёт тарзи – умр мазмунини йўқотишдан бошқа нарса эмас. Аслида инсоният оламини мана шу эҳтиёж ила яратилишида ҳам буюк илоҳий ҳикмат мавжуд.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! ...” – деб, марҳамат қилади. “Моида” сураси, 2-оят.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир” – дедилар. “Улар қайсилар, ё Расулуллоҳ?” – дейилди. Ул зот: “Қачон учратсанг, унга салом бер, қачон сени (бирор маъруф зиёфатга) чақирса, унга жавоб бер (меҳмони бўл), қачон сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, қачон акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тила, қачон бемор бўлса, уни бориб кўр ва қачон вафот этса, ҳозир бўл (яъни, жаноза ва дафн тадбирларида иштирок эт)!” – дедилар”. Имом Бухорий ривояти.

Ушбу муқаддас таълимотлар асосида инсонлар бир-бирларига ҳар дам яхшиликни раво кўриб, хатар ва ҳалокатлардан огоҳ этиб, асраб, яхши кунида шодлигига шерик, ташвишли онларида дардига ҳамдард, уни ушатувчи малҳам бўлиб яшамоқлари амр этилмоқда.

Инсоннинг бу дунё-ю, у дунёси саодатли бўлиши учун мазкур кўмаклашув муҳим мезон этиб, белгилаб қўйилди. Мана шу мезон риояси ила унинг бахти тўкис бўлади. Меҳр-оқибат, инсонийлик ришталари шаклланади. Жамият аъзолари орасидаги ўзаро муносабатлар мустаҳкамланади. Натижада инсонлар ўртасида ижтимоий алоқалар ривожланади. Ҳамжиҳатлик кучаяди. Зотан, инсонга хос фазилат, унинг асосий ҳаёт мазмуни ҳам айнан мана шу ҳамжиҳатлик ичрадир.

Албатта, бу борада фақатгина ўзни эмас, аксинча, ўзгаларни ҳам ўзидек ўйлаб, давр забонида айтганда – халқ дарди билан яшамоқ даркор. Зеро, юксак маънавиятли инсон мазкур кўрсатмаларни ўзи ва ўз навбатида бошқаларнинг ҳам ҳақи – деб, билади.

Суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис салом бу фазилат борасида барчамизга юксак намуна бўлганлар. Балки, ҳаётларининг асосий мазмуни мана шундан иборат бўлди, яъни – уммат, халқ дарди, уларнинг икки дунё саодати ғами.

Етук олим ва адиб Саййид Жаъфар Ибн Ҳасан Барзанжий роҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Иқдул-жавҳар фи мавлидин-Набиййил-Азҳар” асарида Расулуллоҳ алайҳис саломнинг хулқларини қуйидагича таърифлайди:

Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўта ҳаёли ва ўта тавозели эдилар. Кавушларини ўзлари ямар, кийимларини (йиртилса) ўзлари тикар, қўй (ва туя)ларини ҳам соғар, (шу тариқа) аҳли аёлларининг юмушларига чиройли ҳолатда ёрдамлашар эдилар.

Мискин ва камбағалларни яхши кўрар, улар билан бирга ўтирар, хаста-беморларини зиёрат қилар, (вафот бўлганларини эса) жанозаларини ўзлари ҳозирлар эдилар.

Камбағаллик заифлаштириб, мушкул аҳволга тушиб қолган фақир кимасаларга паст назарда қарамас эдилар. ...”.

Халқ дарди билан яшаш Расулуллоҳ алайҳис саломнинг асосий ҳаёт мазмунига айланган экан, демак бу – илоҳий амрдир.

Зотан, ул зот ўзларича бир иш қилмаганлар. Қандай ҳаёт кечирган, Қуръони карим сўзларидан бўлак нимаки айтган (шунингдек, амалга оширган ёки маъқуллаган) бўлсалар – одатда уларнинг барча-барчаси ул зотга Аллоҳ таоло томонидан илҳом қилинган ваҳй бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

Сизларнинг соҳибингиз (Муҳаммад) залолатга кетгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ. У (Қуръонни) ҳаводан (хомхаёлдан) сўзлаётгани ҳам йўқ. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган (туширилаётган) ваҳйдир”.  “Нажм” сураси, 2, 3 ва 4-оятлар.

Яъни, Қуръни каримнинг ҳар бир калимаси фаришта Жаброил алайҳис салом орқали Пайғамбаримиз алайҳис саломга нозил қилинган Аллоҳнинг сўзлари бўлса, Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг айтган сўзлари (ҳадислари), шунингдек, амалга оширган ёки маъқуллаган ишлари эса Аллоҳ томонидан ул зотнинг қалбларига илҳом қилинган илоҳий кўрсатмалар ҳисобланади.

Яна бир бора таъкидлаш жоизки, халқ дарду ташвиши, унинг ёрқин эртаси ғами билан яшамоқ – Расулуллоҳ алайҳис саломнинг асосий ҳаёт мазмунига айланган илоҳий кўрсатма бўлди.

Мана шундай олийжаноб фазилат борасида давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев барчага намуна бўлиб, ўзларининг 2016 йил 14-декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқида жумладан шундай деган эдилар:

 “... Биз 2017 йилни юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”деб, эълон қилдик. Лекин, ҳаммамиз тушунамизки, халқ билан мулоқот, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш – бу биз учун фақат бир йиллик иш эмас.

... Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ. Шундай экан, биз биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак одамларимиз билан. Ким билан бомаслаҳат иш тутишимиз керак аввало халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади!

Шу маънода, буюк Алишер Навоий бобомизнинг “Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами – деган, сатрларида қанчалик чуқур ҳаётий ҳикмат, фалсафа бор. ...”.

Мана шу мақсадда шахсан муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан ҳар бир фуқароларимизни давлат президентига барча масалаларда тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятлари яратилди.

Масаланинг аҳамиятли жиҳати шундаки, бугун кимдир бу имкониятлардан оқилона фойдаланса, яна айримлар жуда ҳам ачинарли тариқада фойдаланишга уринмоқда.

Аслида, виртуал қабулхонани жорий этилишидаги асосий мақсад – Сиз-у биз мисол халқнинг дардини эшитиш, уларга кўмаклашиш, тадбирли режаларида ёрдамлашиш, уларнинг бахти, камоли, эртанги куни эди. Шундай эмас-ми?!

Бироқ, мазкур манзилга келиб тушаётган айрим мурожаатларни ўқиган, эшитган ёки ўрганган онинг қаттиқ хафа бўлиб кетасан киши.

Нотўғри йўл тутган ўғлининг тақдиридан хавфсираб, унга берган автомашинасини олиб қўйган отага аччиқ қилиб автомашина олиш мақсадида пул маблағи сўраб мурожаат қилган ёш йигитнинг мурожаатига нима дейиш мумкин?!

Ота-онасининг дунё бағрига сиғдиролмас орзулари оламида тарбияланган якка-ю ягона фарзандни бугун катта бўлиб, касб-ҳунар коллежини тамомлагач унинг бахти йўлида қадди лол бўлган, қўллари қаварган меҳрибонларининг ёнида бўлиш, уларнинг хизматини қилиб, дуоларини олиш ўрнига ота-онасидан аразлаб, улар билан бирга яшашдан ор қилиб, танҳо яшаш мақсадида порталдан чора излаганига нима дейиш мумкин?!

Ҳожатхона чуқури тўлиб, уни тозалаб берилишини сўраб мурожаат қилган забардаст эркакнинг мурожаатига нима дейиш мумкин?!

Икки ўғли ҳам ўзларига тегишли Chevrolet Captiva русимли автомашинани бошқариб юрган отанинг: “Томимнинг шифери учиб кетди, ўрнини шифер билан ёпишда ёрдам берсангиз...” – дея, мурожаат айлаганига нима дейиш мумкин?!

Яна кимнингдир кимгадир аччиқ қилиб: “Бир кўрсатиб қўяй!”, яна бирини: “Бир ёзайчи, нима бўлар экан? Ростдан ҳам ўрганар эканми?” қабилида мурожаат қилаётганига нима дейиш мумкин?!

Яна уларнинг “Ёздим. Ўрганишди. Барибир натижа бўлмади. Қоп-қоп ваъдалар ҳаммаси қоғозда экан-да...” – деган, хулосаларига нима дейсиз...

Бу мурожаатлар муҳтарам давлатимиз Раҳбари кутган – халқ дарди эмас, иллатку, ахир!

Ҳакимлардан бири шундай дебдилар:

Агар сўз қалбдан чиқса – қалбга бориб жойлашади. Борди-ю у (қуруқ) тилдан чиқса – қулоқдан нарига ўтмайди!”.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳдан шундай ривоят қилинади:

Мўминнинг тили қалбининг ортида бўлади. Агар бирор нарсани гапиришни хоҳласа, уни қалби билан тадаббур қилади (ўйлайди), сўнг тилига чиқаради. Мунофиқнинг тили эса, қалбидан олдида бўлади. Шу сабабли ҳаёлига келган нарсани тилига чиқаради, қалби билан ўйламайди”.

Тобеинлардан Маймун ибн Миҳрон роҳимаҳуллоҳ шундай деган эканлар:

Яхши инсонларга дўст тутиниш ярим доноликдир. Гўзал савол ва мурожаат илмнинг тенг ярмидир!”.

Дарҳақиқат, илмнинг бир қисми савол бўлса, иккинчи қисми жавобдир. Шу иккиси асосида илм шаклланади. Кутилган жавоб бўлиши учун эса онгли ва муносиб савол яратилиши керак.

Тўғри, халқимизда “Бола йиғламаса, она сут бермайди” – деган, нақл бор. Бироқ, бола йиғисида ҳам маъно бўлади. У оч қолса йиғлайди. Эҳтиёжи битса, ортиғини сўрамайди.

Айрим асоссиз молиявий мурожаатлар билан яқиндан танишар экансиз, хафсалангиз пир бўлади. Ахир, давлат маблағлари ҳавои нафс ёки кўр-кўрона сарф этиш, ўзни кўз-кўз қилиш учун жамланган эмас. Давлат бойлиги оқар дарё ҳам эмас... Улардан унумли ва мақсадли фойдаланиш, оқилона харжлаш керак.

Фаразан, кимдадир тадбиркорлик борасида салоҳият ва иқтидор бор, бироқ, молиявий имконият йўқ. Марҳамат! Фойдалансин, тегишлилиги бўйича белгиланган тартибда мурожаат қилиб, ёрдам олсин, тадбиркор бўлсин, фуқароларни иш билан таъминласин. Яна кимдадир дард, ташвиш, муаммо бор, тегишлилиги бўйича жойларга белгиланган тартибда мурожаат қилиб, ечимини тополмаяпди. Марҳамат! Мурожаат қилсин, мушкули осон бўлсин, дардига дармон топилсин!

Мана шу мисол ҳолатларни халқ дарди, ташвиши – дейдилар.

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишни жоиз – деб, биламан: портал бу – таҳдид ҳам эмас-ки, у билан кимнидир қўрқитиб, “қаҳрамонлик” кўрсатсак ва “зўр” чиқсак...

Эр ва хотин. Ёш оила. Ўрталарида бир ярим ёшли ширин қиз фарзанд. Оила сахнасида нималар бўлмайди дейсиз... Сабр қилса ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади. Йўқ. Келиннинг онаси “Тор қорнимга сиққан қизим кенг уйимга сиғмайди-ми?!” – дея, қизини ўз уйига олиб кетди. Ортидан “Қизим энди бу йигит билан яшамайди!” – дея, қатъий ва кескин қарор қабул қилди. Икки ёш эса бирга яшамоқни хоҳлар, келин эса бу истагини онасига айтишдан чўчир эди. Натижада куёв бу икки томонлама истакларини ўз номидан катталар эътиборига ифода қилди. Оилани тиклаш мақсадида ўртага тушган “амаки” келиннинг онасига уларнинг орасини ислоҳ қилиш борасида сўз очди. Амаки ҳақ сўзлар айтди. Ҳа, фақатгина ҳақ сўзларни. Уч-тўрт калимадан сўнг иккинчи томон баҳс-мунозарага киришиб кетди. Унинг сўзлари тобора жадаллашиб, ниҳоят кескин тус олди. Ғазабдан қалтираётган қўлларини хонтахтага зарб билан уриб, сўнги сўзни айтди: “... Уйимдан чиқиб кетинг! Чиқиб кетинглар! Ясно?! Акс ҳолда ҳаммангнинг устингдан ПОРТАЛГА ЁЗАМАН! Понятно, понятно?” – дедию, уйининг ичкари хонасига кириб кетди. ...

Бу мисол таҳдидларни кўплаб учратиш мумкин...

Бўлар-бўлмасга портални “қурол” қилиб, “рақиби”ни қўрқитмоқчи бўлганларнинг таҳдидини қандай тушуниш мумкин?!

Бу мисол мурожаатлар ҳам муҳтарам давлатимиз Раҳбари кутган – халқ дарди эмас, янада улкан иллатку, ахир!

Кечирим, тинглаш, тушуниш ёҳуд тушунтириш, онгли ва тўғри қарор қабул қилиш мисол инсоний фазилатлар қаёқда қолмоқда...

Қолаверса, портал – улуғ даргоҳ. Уни эрмак ёки ўйинга айлантириш улкан жаҳолат ва қабоҳатдир.

Порталдаги мурожаатларни кўриб, нима учун: “Менга китоб олишда амалий ёрдам кўрсатинг...”, “Шаҳримиз ёки қишлоғимизда очиқ кутубхона ташкил этиб беринг...” мисол гўзал таклифлар учрамаслигига хайратланасан киши. Аслида энг асосий дардимиз мана шу – китоб мутолааси бўлиши керак эмасми...

Айтадилар-у: “Емоқ учун яшалмайди, яшамоқ учун ейилади!” – деб. Бу иборадаги яшамоқдан мурод – маънавий ҳаёт, руҳан тирикликдир.

Тўғри, халқимизда “Аввал таом, кейин калом!” – деган, нақл бор. Лекин, бугун Она заминимизда оч одамнинг ўзи йўқ!

Бир ўйлаб кўринг... Мулоҳазасиз, ўйланмасдан амалга оширилган мурожаатлар ортида қанчадан-қанча сарсонгарчиликлар, йўқотишлар юзага келмоқда. Сарф этилган ортга қайтмас вақтлар, кўз нурлари, электр қуввати, қоғозлар ва бошқалар... Буларнинг ҳам ҳисоби бор-ку, ахир...

Агар биз виртуал қабулхонада иш юритаётган мутасаддилар, ўз навбатида мурожаатларни ўрганиш бўйича масъулларни ўринли мурожаатларимиз асосида тўғри йўналтирсак – қимматли вақтлар, кўз нурлари, қувватлар, қораланган қоғозлар зое кетмайди. Натижада бизнинг ҳам, уларнинг ҳам қалблари шодликка тўлади. Аксинча унинг акси бўлади.

Энг аввало ҳар бир юмушимизни ўз оиламизда ёки маҳалламизда, нари борса туман ёҳуд шаҳримизда ҳал қилиш чорасини изласак айни муддао иш бўлар эди. Борди-ю бу йўналишда мурожаатимиз ҳал қилиб берилмаса ёки унинг ечимини топиш имкони бўлмаса давлат Раҳбарининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилсак муносиб иш бўлар эди.

Аксинча, маҳалла, туман ёки шаҳар мутасаддилари ким... Улар давлат Раҳбарининг вакиллари эмасми... Уларга асоссиз ҳолда ишончсизлик билдириш муносиб ишмикин...

Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, давлат Раҳбари ҳам оила отасидек гап. Фарзандлар ҳар ишда бўлар-бўлмасга биргина отасига осилаверса, ота қаергача боради... Уни қадрлаш, унга керакли ўриндагина мурожаат қилиш, қолган вақтларда муаммоларини ўзлари ўзаро ҳал этмоқлари юксак фазилат, маънавият ва донолик ҳисобланади.

Шунингдек, Сиз-у биз халқнинг дарди билан яшаётган давлатимиз Раҳбарини оила отасидек авайламоғимиз, унга қанот бўлмоғимиз, у кишини ўзимиз ва фарзандларимиз учун кўп йиллар кераклигини унутмаслигимиз лозим!

 Нурали МАВЛАНОВ, 

Зангиота тумани бош имом-хатиби 

Read 7337 times

Мақолалар

Top