Мақолалар

Ношукрлик  –  неъмат  заволи (1-қисм)

Аллоҳ таолонинг биз бандаларга ато этган неъматлари жуда ҳам кўп бўлиб, энг буюк неъмати – иймон, яъни Аллоҳни таниш ва У Зотнинг Ўзигагина ибодат қилишдир. 

Иймон Аллоҳ таолога шукр қилиш билан мукаммал бўлади.  

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: «Кимда ким Аллоҳнинг унга берган неъматларини танимай, билмай, фақатгина ейдиган ва ичадиган нарсаларнигина неъмат деб биладиган бўлса, ҳақиқатда илми жуда ҳам кам бўлиб, азобини ҳозир қилибди. Кимда ким дунёдан беҳожат бўлмаса, унга бирон бир дунё йўқдир».   

Ушбу мақолада шукрнинг ҳақиқати, шукрли бўлиш нақадар улуғ неъматлиги ва ношукр бўлиш неъматлар заволи экани ҳақида сўз юритилади.   

Шукр ҳақида таъриф  

Шукр араб тилида аслида оз ем билан семирадиган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Неъмат берувчига мақтов сўзларини айтишга шукр сўзини ишлатиш машҳур бўлган. 

Шукрли инсон – Роббига берилган неъматлар учун кўп шукр айтувчи, ўзига буюрилган вазифаларни сидқидилдан ва тиришқоқлик ила адо этувчидир. 

Уламоларимиз шукрнинг истилоҳида бир неча тарифларни айтганлар. 

Роғиб: «Шукр – неъмат тасаввури ва изҳоридир. Куфр эса – неъматни унутиш ва яширишдир», деган. 

Кафавий: «Шукр урфда неъмат учун берилган ҳар бир мукофотдир. Шукрнинг асли - неъматни тасаввур ва изҳор қилишдир. Шукр бандадан бўлганда, эҳсонга нисбатан бўлган ирфондир. Аллоҳ таолодан бўлганда эса, савоб ҳамда гўзал мақтовдир», деб айтган. 

Муновий: «Шукр икки хил бўлади: Биринчиси тил шукри бўлиб, у неъмат берувчига мақтов айтиш билан адо бўлади. Иккинчиси эса аъзоларнинг шукри бўлиб, неъматга яраша мукофот тақдим қилиш билан адо этилади», деган.  

Ибнул Қаййим: «Шукр – Аллоҳ неъматининг банда тилида мақтов ва эътироф, қалбида шуҳуд ва муҳаббат, аъзоларида эса бўйсуниш ва тоат тарзида зоҳир бўлишидир», деб айтган. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», дея марҳамат қилади. (Иброҳим, 7).  

Ушбу оят ҳақида марҳум аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзларининг «Тафсири ҳилол»  китобида қуйидагича ёзади: «Шукр неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларни айтиш ва у неъматни Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлашдан иборатдир. Берилган неъматга шукр этиш инсоннинг тўғри йўлда мустақим эканини кўрсатади. Шукр қилувчи инсон Аллоҳ таоло ўзини доим кузатиб туришини ҳис этади ва неъмат етганда зоҳир бўладиган манманлик, исроф ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлади.  Натижада ўзига берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтиради».  

Шукр ҳақида оятлар 

Қуръони каримда шукр ҳақида  оятлар жуда кўп бўлиб, бу ўринда улардан баъзиларини келтирамиз: 

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло:  

«Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади?! Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчи зотдир», деб марҳамат қилган. (Нисо, 147). 

Аллоҳ таолонинг ушбу оятдаги шукр қилувчилик сифати - банданинг озгина қилган амалига ҳам кўплаб савоблар бериш ила уни мукофотлайди, дегани бўлади. 

Ибн Жарир Табарий бу оят тафсирида бундай дейди: «Эй мунофиқлар, Аллоҳ таоло агар унга итоат этсангиз ва буйруқларига ижобат этиб, қайтариқларидан тийиладиган бўлсангиз, сизларни дўзахнинг энг тубига солишига ҳожати йўқ. Зотан, сизларни азоблашдан У зотга бирон бир манфаат йўқ. Ким не қилса, ўз танлови ила қилур". 

Қатода ушбу оят ҳақида: «Дарҳақиқат, Аллоҳ жалла саноуҳу шукрли ва мўмин бандани азобламайди», деб айтган. 

Демак, шукр ва иймон бир-бирига яқин бўлиб, иймонли инсон шукрли бўлиши ҳам лозим экан. Шунингдек, доимо Ҳақ таолога шукр ила юрувчи инсонни У Зот азобламас ҳам экан. 

Аллоҳ таоло «Бақара»  сурасининг 152-оятида: «Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз», деб марҳамат қилган.

Имом Абу Лайс Самарқандий ушбу оят ҳақида бундай дейди: «Аллоҳ таолонинг ушбу ояти маъноси  «Эй бандалар, Мени тоат ила эсланг, шунда сизларни мағфират ила эслайман», ёки  «Мени инсонлар ичида зикр қилинг, сизларни фаришталар ичида зикр этарман», ёки бўлмаса, «Мени хурсандчилик онларида зикр этсангиз, сизларни қийинчилик онларингизда эсларман», дея марҳамат қилингани бўлади.  

Ҳақиқий неъмат илмдир. Зотан, илмдан бошқа барча неъматлар роҳатдан бошқа нарсага ўзгаради. Таом ейилгач, бир муддатдан сўнг ташқарига  чиқишни талаб этади. Кийим ҳам кийилавергач, иссиқ ва совуқ таъсирида эскириб, ҳолати ўзгаради. Илмдан эса соҳиби сира ҳам малолланмайди. Балки кўпинча зиёдасини талаб қилаверади». 

Шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан шукр деса-ю, амали билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади.  

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло «Наҳл»  сурасининг 114-оятида: «Бас, Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-пок ҳолида енг. Ва агар унга ибодат қиладиган бўлсангиз, Аллоҳнинг неъматига шукр қилинг», деб марҳамат қилган. 

Ушбу оят тафсирида аллома Шайх Муҳаммад Али Собуний бундай ёзади: «Сизларга Аллоҳ таоло мубоҳ қилган ҳалол покиза неъматларни енглар. Аллоҳ сизларга ато этган улуғ неъматга, агар У Зотга иймону ихлос ила ибодат этадиган бўлсангиз, Ундан бошқа ҳеч кимга ибодат қилмаслик ила шукр қилинглар».  

Ҳақиқий шукр ~ неъмат берувчи Зотни таниш ва Унгагина ибодат қилишдир. 
 
Аллоҳ азза ва жалла:  

«Эй Оли Довуд, шукр қилинглар! Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир», дея марҳамат қилган(Сабаъ, 13). 
 
Ибн Аби Ҳотим айтади: «Собит Буноний раҳимаҳуллоҳ: «Довуд алайҳиссалом оила аъзолари, фарзандлари ва аёлларига куннинг вақтларини ибодат учун тақсим қилиб берган эди. Куннинг ва туннинг бирон бирон вақти йўқки, унда Довуд алайҳиссаломнинг оила аъзоларидан бири намоз ўқимаган бўлса».

Бу оят ҳақида Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Эй Оли Довуд, шукр қилинглар!», яъни эй Довуд алайҳиссалом аҳллари, сизларга дин ва дунёингиз борасида берилган неъматлар учун шукрли бўлингиз. 

Муҳаммад ибн Каъб Қуразий: «Шукр – Аллоҳга тақво ва солиҳ амал этмоқдир. Бу сўз, феъл ва амалда шукрда қоим бўлганларга айтилиб, Довуд алайҳиссалом аҳллари шундай бўлган эдилар», деб айтган. 

Фузайлдан ривоят қилинади: «Довуд алайҳиссалом: Эй Роббим! Сенга қандай шукр этаманки, шукр Сен ато этадиган неъматдир», деди. Шунда Аллоҳ таоло унга: «Эй Довуд, буни неъмат эканини англаган онингда шукр қила олдинг», дея ваҳий қилди. 

Ибн Аби Ҳотим ривоятлари. 

Абу Абдураҳмон Ҳубулий: «Намоз – шукр. Рўза ҳам – шукр. Аллоҳ ризосини кўзлаб қилинган ҳар бир амал – шукрдир. Шукрнинг энг афзали эса – ҳамддир», деган. 

Ибн Жарир ривояти.

(давоми бор).

Суннатуллоҳ Абдулбосит

Read 2812 times

Мақолалар

Top