Мақолалар

Вақтга эътибор

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони каримда ва суннатда вақтга ҳар томонлама ва турли шаклларда эътибор берилган. Шундай эътиборларнинг энг аввалида вақт ҳам Аллоҳнинг буюк бир неъмати экани ва унинг аҳамиятини баён қилиш (ғояси) туради. Қуръони карим вақт қадрининг буюклиги ҳамда Аллоҳнинг инсонга атаган фазлу карами кенглиги ҳақида баён қилиб: «У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйинсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна у Зот кеча ва кундузни сизлар учун бўйинсундирди. Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар» (Иброҳим, 33–34, мазмуни), дейди.

Ва яна айтади: «У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган зотдир» (Фурқон, 62, мазмуни).
Яъни, Аллоҳ кечанинг ортидан кундуз ва кундузнинг ортидан кечани келадиган қилиб қўйди, демак, кимда-ким улардан бирини беҳуда амаллар билан ўтказса, иккинчисида ўша қилган хатоларини тўғрилашига имкон бор. Вақтнинг аҳамиятини баён қилиб, Аллоҳ таоло Маккада нозил қилинган сураларни қасам билан бошлайди. Бунга мисол тариқасида «Вал-Лайл», «Вал-Фажр», «Ваз-Зуҳо», «Вал-Аср» кабиларни олиш мумкин. Мазкур сураларни кўздан кечирсак, Аллоҳнинг қуйидаги сўзларини ўқиймиз:
«(Борлиқни ўз зулмати билан) ўраб келаётган кечага қасам; Ёришиб-кўринган кундузга қасам» (Вал-Лайл, 1–2, мазмуни);
«Тонгга қасам (Зулҳижжа ойидаги илк) ўн кечага қасам» (Вал-Фажр, 1–2, мазмуни);
«Чошгоҳ вақтига қасам (ўз зулмати билан чор атрофни) қоплаб-ўраб олган кечага қасам» (Ваз-Зуҳо, 1–2, мазмуни);
«Аср (вақти)га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир» (Вал-Аср, 1–2, мазмуни).
Аллоҳ ўз махлуқларидан бирининг номи билан қасам ичиши у нарса ё ҳодисага инсонларнинг диққатини қаратиш ҳамда ўша қасам ичилган нарсанинг қадри ва манфаати буюклигини инсонларга билдириш ҳисобланишини муфассир олимлар тушунтиришган.
Пайғамбар суннатларида ҳам вақт қиймати алоҳида таъкидланади ва унинг Аллоҳ олдида қиёмат кунида инсон бўйнидаги бир масъулият экани тасдиқлаб ўтилган. Ҳатто ҳисоб-китоб кунида ҳам бандага бериладиган асосий тўртта саволдан иккитаси ана шу вақт ҳақидадир.
Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунича бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси — умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси — ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси — мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб орқали) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси — ўрганган илмига қандай амал қилгани сўралади».
Шунингдек, инсон умрининг ҳар бир давридан умумий равишда, ёшлик давридан эса, ўзига хос шаклда сўралади. Ёшлик умрнинг бир бўлаги, лекин унинг бошқа даврлардан ажратиб турувчи ўзига хос қийматдор тарафи бор. У ғайрату шижоатга, ўткинчи мақсадларга тўла фаслдир ҳамда гўдаклик ва кексалик заифликлари орасидаги жисмоний қувватга тўлишган бир даврдир. Рум сураси 54-ояти мазмуни бундай: «Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни ночор нарсадан (яъни, бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) ночорликдан кейин куч-қувват (пайдо) қилди, сўнгра куч-қувватдан кейин яна ночорлик ва қариликни (пайдо) қилди...»

Шайх Юсуф ҚАРЗОВИЙ

Read 2620 times
Tagged under

Мақолалар

Top