Мақолалар

Карантин вақтида нарх-навони оширмаслик ҳақида

Бутун дунёда бўлгани каби жонажон мустақил онаватанимизда ҳам бўлиб турган коронавирус вабосини Аллоҳ таоло Ўзи юртимиздан кўтарсин. Ҳар бир мусулмон Аллоҳ таолога, Аллоҳнинг Росулига ва ўзларидан бўлган бошлиқларига итоат қилиши, Қуръоний хитоб ила ҳукм қилингандир. Бу ҳукмга амал қилиш лозим ва лобуддир. Вабо сабабидан карантин қоидаларига риоя этиш-Аллоҳга итоат этиш деганидир. Чунки бу қоидалар бутун инсониятнинг соғлигини асраш учун қилинаётган сай-ҳаракатдир.
Яна бир масала, юртга келган бирор бир бало сабабидан, ўз манфаъатларини кўзлаб, нарх-навони асоссиз ошириб олишлик бу энг катта гуноҳлардандир.
Мунаббиҳот китобида “Икки хислат борки, улардан бирор нарса афзал эмас:
Бири-Аллоҳга иймон келтиришлик,
Иккинчиси- Мусулмонларга фойда келтиришлик.
Яна икки хислат борки, улардан ёмонроқ нарса йўқдир:
Бири- Аллоҳга ширк келтиришлик,
Иккинчиси- Мусулмонларга зарар етказишликдир.”, дейилади.
Албатта нарҳ навони оширишлик мусулмонларга зарар етказишлик бўлган, Аллоҳга ширк келтириш даражасида баҳоланаётган иш ҳисобланар экан. Демак, нарҳ-навони оширишлик билан зарар бермасдан аксинча таннарҳида фойда қўймасдан савдо сотиқ ишимизни амалга оширсак мусулмонларга фойдаси тегаётган кимсалардан бўламиз. Зеро Росули акром салоллоҳу алайҳи васаллам “Сизларни яҳшингиз, инсонларга манфаът (фойдас)и текканларингиздир ”, дея марҳамат қилганлар. Нарҳ-навони сунъий равишда оширишликдан шариатимиз ҳам қаттиқ қайтарган. Нарҳ-навони сунъий равишда оширишни шариатимизда нима деб аталишини, бунинг кўриниши қандай эканлигини билиб олсак, шояд савдо-сотиқ ишларимиз ҳалоллик билан амалга ошса.
«Эҳтикор» деганда эса, турли йўллар билан бир хил савдо молини эгаллаб олиб нархни оширишга уриниш айтилади.
Анас р.а.дан ривоят қилинади: «Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, нарх кўтарилиб кетди бизга нархни белгилаб беринг» дейишди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: «Албатта, Аллоҳнинг ўзи нархни белгиловчи, тутувчи, кенг қилувчи ва ризқ берувчидир. Мен эса сиздан бирортангиз ҳам мендан на қон ва на молда зулм, даъво қилмаганингиз ҳолимда Аллоҳга рўбаро бўлишни хоҳлайман» дедилар». Сунан эгалари ривоят қилдилар.
Қимматчилик кўпчиликни ташвишга солиб қўяди. Чунки бу ҳолат барчага зарар келтираётган бўлиб кўринади. Ҳамма бу ҳолатдан чиқиш йўлини истайди. Энг осон, энг содда ва ҳаммага «ялт» этиб кўринадиган чора бозорда нархни чегаралаб қўйиш бўлиб, кўринади. Нима учун Пайғамбар с.а.в. бу ишни қилмадилар? Ҳатто баъзи саҳобалар бу таклифни қилганларида ҳам маъқул кўрмадилар. Чунки Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир нарсага юзаки қарамасдилар.
Нархни чегаралаш вақтинча фойда бергани билан алдамчиликдир, кейин эса зарар бўлиши турган гап. Сўнгра тожирлар ўз фаолиятларини тўхтатадилар. Бу ҳол эса эл юртга бошқа томондан ризқ келишини маън қилади. Шунинг учун ҳам қанчадан-қанча бой давлатлар хонавайрон бўлади. Фақирилк ва мискинликка рўбаро бўлади.
Сотувчи ўз молини ўз ихтиёри ила ўзи хоҳлаган нархда сотса, яхши бўлади. Олувчи ўз ихтиёри ила ўзи рози бўлиб, хоҳлаган нархга олса, яхши бўлади. Муҳими, ўзаро розилик бўлиши керак.
Яхши ва сифатли нарсанинг нархи баланд бўлади. Ёмон ва сифатсиз нарсанинг нархи эса паст бўлади. Ҳаммаси бозор кўтаришига қараб бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир киши бозор яхши кўтарадиган молни етиштиришга, олиб келишга қизиқади. Ҳамма шунга урингандан кейин юртда доимий ва ҳақиқий серобчилик, арзончилик ҳукм сурадиган бўлади.
Муаммар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам.: «Ким эҳтикор қилса, ўша хатокордир» дедилар». Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилдилар.
«Эҳтикор» луғатда ушлаб туриш маъносини англатади. Шариатда эса сотиб олинган нарсани нархини ошириш учун қасддан сотмай ушлаб туришга «эҳтикор» деб айтилади.
Уламоларимиз халқ оммасининг эҳтиёжи кўпроқ тушадиган нарсалар, хусусан, озиқ-овқатнинг эҳтикорига алоҳида, бошқа нарсанинг эҳтикорига алоҳида қараганлар.
Биринчиси мутлоқ мумкин эмас десалар, иккинчисини қимматчилик вақтида мумкин эмас деганлар.

Абдуллоҳ ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таомни 40 кеча эҳтикор қилса, батаҳқиқ у Аллоҳдан воз кечган ва Аллоҳ ундан воз кечган бўлади. Қайси юртнинг аҳлидан бир киши оч ётган бўлса, батаҳқиқ, улар Аллоҳнинг зиммасидан тушган бўлурлар» деганлар.
Баъзилар шу ҳадисга суяниб эҳтикор фақат таомда бўлади дейдилар. Лекин жумҳур уламолар эҳтикор ҳақида ҳадислар кўп, шунинг учун бу ҳадис асос бўла олмайди дейдилар.
Умар ибн Ҳаттоб р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жалб қилувчи ризқлантирилгандир, эҳтикорчи эса лаънатлангандир» деганлар.
«Жалб қилувчи» бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келиб сотувчидир. Демак, бу иш, яхши ишдир. Ким бу ишни қилса ризқи улуғ бўлади. Аммо ўз юрти бозорида энг керакли нарсаларни сотиб олиб, ушлаб туриб, сунъий равишда нархни кўтарувчилар лаънатлангандур. Чунки унга халқ муҳтож бўлиб турганди, у эса ишлаб чиқармай, бошқа юртдан олиб келмай фойда топишга уринган харомхўр кимсадир.

Имом Аҳмад Абу Хурайра р.а.дан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз с.а.в.: «Ким мусуломонларнинг нархларига киришиб, уларга қимматчилик келтириш учун ҳаракат қилса, Аллоҳ учун уни қиёмат куни катта оловга ўтказмоғи ҳақ бўлади» деганлар.
Демак, эҳтикорчи бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам қаттиқ азоб-уқубатларга дучор бўлади. Карантин даврида инсонларга хайру-саховатимиз билан савобли ишларни амалга ошириб олайлик. Бундай улуғ ишларни қанча кўп қилсак, шунча оздир.

Олтинкўл тумани “Кўтармачек” жоме масжиди
имом-хатиби А. Худайбердиев

Read 2189 times

Мақолалар

Top