Мақолалар

Синовли кунларда нархларни сунъий ошириб одамларга зулм қилиш оғир гуноҳ

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Ростгўй, омонатдор тижоратчи набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир (Имом Термизий ва Имом Ҳоким ривоятлари).

Ушбу ҳадисдан маълумки, ростгўй ва омонатли тижоратчи набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга, лекин бу мақомга етиш осон эмас. Балки инсон кўз олдида оладиган фойдаси бир эмас, бир неча баробар бўлиб кўриниб, боз устига нафс ва шайтон васваса қилиб турганда ҳақиқий иймонли тижоратчи ўз ватандошлари, қўни-қўшниларини танг аҳволда ташлаб қўймайди. Шу ишининг мукофотига жаннатда пайғамбарлар сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий келган кунларда мушриклар мусулмонларга нисбатан қамални кучайтириб, Маккага келган ҳар қандай егулик ёки савдо молларини зудлик билан сотиб олиб қўйишарди. Оқибатда, мусулмонларнинг ҳоли танглашди, улар оч қолганликларидан барглар ва ҳайвон териларини ейишга мажбур бўлди. Ҳатто аёллар ва гўдакларнинг очликдан қичқириб йиғлаётгани эшитилиб турарди. Уларга фақат яширинча у-бу нарса келиб турарди. Қамалдагилар эҳтиёжларини бутлаш учун фақат уруш ҳаром қилинган ойлардагина ташқарига чиқа олар эдилар. Улар четдан келган карвонлардан нарсалар сотиб олишар эди. Бироқ Макка аҳли қамалда қолганлар сотиб ололмасин, деб атайин моллар нархини ошириб юборишар эди.

Бундай ҳолатлар тарихда ҳам бўлиб ўтган, лекин бу жоҳил ё мушриклар томонидан қилинган. Ўз миллатини ватанини севган инсон озиқ-овқат, дори-дармон ва инсонлар эҳтиёжи кўп тушадиган нарсаларни ошириб, бундай синовли кунларда диндошлар биродарларини, юртини оғир аҳволга солмайди. Зеро, ҳар бир қилаётган ишининг ажри Аллоҳ таоло зиммасидадир.

Имом Аҳмаднинг муснадларида шундай келтирилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмонларнинг озиқ-овқатларини қиммат сотишни ирода қилиб қирқ кун иҳтикор-монополия қилса, у инсон Аллоҳ таолонинг ҳимоясидан узоқ бўлибди, Аллоҳ ҳам ундан узоқ бўлибди”, дедилар.

Демак, мусулмонларни моддий-молиявий қийинчилиги устига қурилган ҳар қандай савдо-сотиқ динимизда қаттиқ қораланган. Бу ишни қилган инсон Аллоҳ таолонинг ҳимоясидан узоқ бўлиб, шайтонга яқиндир. Айни дамда Аллоҳ таоло ундай инсонларга назар солмайди, уларни ўз ҳолларга ташлаб қўйгандир. Ким ўз ҳолига ташланган бўлса, ундай инсонларнинг охири войдир. 

Охират ғамида бўлган инсон яхшилик қилишга ошиқади, дунё ғамида бўлган инсон юртдошлари бошига келган оғир кунларда ҳам ўз шахсий манфаати йўлида виждонсизларча йўл тутади.

Азиз диндошлар, ватандошлар бу оғир синовли кунларда бир-биримизга ёрдам қўлларини чўзайлик, яхши амаллар қилишга шошилайлик. Зеро, бу кунлар ҳам ғаниматдир.

Ф. Хусанов,

Тошкент шаҳридаги “Ислом ота”

жоме масжиди имом-ноиби.    

Read 2322 times

Мақолалар

Top