Мақолалар

Қурбонлик қилинглар! Чунки у отангиз Иброҳимнинг суннатидир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй», деган («Кавсар» сураси, 1-2-оятлар).

«Кавсар»ни тафсирчиларимиз «кўп яхшилик» деб айтишлари, бу эса Пайғамбарлик, Қуръон, ҳикмат, умматнинг кўплиги, шафоат ва Пайғамбаримизга берилган бошқа сон-саноқсиз яхшиликлардан иборатлиги ва бошқалар тўғрисида кўп ва хўб ёзганлар.

«Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй».

Кавсарни берган Аллоҳга ҳар қанча шукр қилинса, шунча оз. Холис Аллоҳнинг Ўзи учун ибодат қилиб, намоз ўқиш, фақат Худонинг йўлида жонлиқ сўйиб, бева-бечораларни тўйдириш шукрнинг бир кўринишидир.

Уламо аҳлларимиз «Ушбу ояти каримадаги «намоз»дан мурод ийди қурбон намози, «жонлиқ»дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон», деганлар.

عَنْ مِخْنَفِ بْنِ سُلَيْمٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا وُقُوفاً مَعَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم بِعَرَفَاتٍ فَسَمِعْتُهُ يَقُولُ: يَا أَيُّهَا النَّاسُ، عَلَى كُلِّ أَهْلِ بَيْتٍ فِي كُلِّ عَامٍ أُضْحِيَّةٌ وَعَتِيرَةٌ، هَلْ تَدْرُونَ مَا الْعَتِيرَةُ؟ هِيَ الَّتِي تُسَمُّونَهَا الرَّجَبِيَّةَ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Михнаф ибн Сулайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эдик. Мен у зотнинг:

«Эй одамлар! Ҳар бир уй аҳлига ҳар йили бир қурбонлик ва атийра лозимдир. Атийра нималигини биласизларми? У сизлар ражабия деб атайдиган нарсадир», деганларини эшитдим».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган «атийра» ҳақида ўтган фаслда батафсил сўз юритилди. Ражаб ойида жоҳилият ишларини аралаштирмай сўйиш сўйиб, ўзи еб, камбағалларга ҳам берса, ҳечқиси йўқлиги баён қилинди.

«Кавсар» сурасининг юқорида келган ояти ва ушбу ҳадис Ҳанафий мазҳаби уламоларининг «Ҳур, муқим, бой мусулмон одамга қурбонлик қилиш вожибдир», деган гапларига ҳужжатдир.

Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бошқа ҳадисларида:

«Қурбонлик қилинглар! Чунки у отангиз Иброҳимнинг суннатидир», деганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Можа ва ал-Ҳокимлар ривоят қилган ҳадисда эса:

«Ким имконга эга бўлиб туриб, қурбонлик қилмаган бўлса, зинҳор намозгоҳимизга яқинлашмасин», дейилган.

Бошқалар қурбонлик қилишни суннати муаккада, деганлар. Уларнинг ҳам ўзларига яраша далиллари бор.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: شَهِدْتُ مَعَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم الْأَضْحَى فِي الْمُصَلَّى، فَلَمَّا قَضَى خُطْبَتَهُ نَزَلَ عَنْ مِنْبَرِهِ وَأُتِيَ بِكَبْشٍ فَذَبَحَهُ بِيَدِهِ وَقَالَ: بِسْمِ اللهِ وَاللهُ أَكْبَرُ، هَذَا عَنِّي وَعَمَّنْ لَمْ يُضَحِّ مِنْ أُمَّتِي. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳда Қурбон намозига қатнашдим. У зот хутбаларини тугатиб, минбарларидан тушганларида бир қўчқор кетирилди. Бас, у зот уни ўз қўллари билан сўйдилар ва:

«Бисмиллаҳ ва Аллоҳу Акбар! Бу мендан ва менинг қурбонлик қилмаган умматимдан», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайити намозини масжидда эмас, намозгоҳда ўқиганлари.

2. Ийд намозидан кейин хутба қилиниши.

3. Ийд намози хутбаси минбарда қилиниши.

4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонликка қўчқор сўйганлари.

5. Қурбонликни эгаси ўз қўли билан сўйса, афзаллиги.

6. Қурбонликни сўйишда «Бисмиллаҳ ва Аллоҳу акбар!» дейиш кераклиги.

7. Сўювчи илмли киши бўлса, қурбонликни сўйиш пайтида кимдан эканлигини айтиш мумкинлиги.

8. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қурбонлик қилмаган умматлари номидан қурбонлик қилганлари.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Read 2512 times
Tagged under

Мақолалар

Top