Мақолалар

Итоатли зотлар тавсифи

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

يَخَافُونَ رَبَّهُمْ مِنْ فَوْقِهِمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ

“Улар (фаришталар) устиларидаги (кузатиб турган) Парварди­горларидан қўрқурлар ва ўзларига буюрилган буйруқларини бажарурлар” (Наҳл, 50).

Бутун олам Аллоҳнинг мулкидир. Ундаги барча мавжудот — наботот, ҳайвонот, жонли ва жонсиз нарса кечаю кундуз У Зотга тасбеҳ айтади. Дарахтнинг битта барги ҳам Аллоҳнинг изнисиз узилиб тушмас. Аллоҳ бу оламни кўзга кўринадиган моддалардан яратганидек, кўз билан кўриб бўлмайдиган руҳ оламини ҳам яратган. Парвардигорнинг биз билган ва билмаган яна қанчадан-қанча махлуқотлари бор. Шулар ичида энг жозибалиси Аллоҳнинг нуроний, итоатли фаришталаридир. У зотлар руҳ оламидан бўлгани учун ҳам биз уларни кўз билан кўролмаймиз.

Аллоҳ таоло илоҳий ҳикмати билан фаришталар оламини бандаларига ғайб қилган. Бизга кифоя миқдордаги маълумотлар Қуръони карим ва суннатда баён қилинган. Уларга имон келтириш Аллоҳга имон келтиришдан сўнгги фарзлардандир. Фаришталарнинг борлигига ишонишнинг ўзи кифоя эмас. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда айтилганидек, уларнинг васфлари, хизматлари ва хусусиятларига имон келтириш лозим. Муқаддас манбаларда исмлари Жаброил (алайҳиссалом) каби зикр қилинган фаришталарга ҳам, зикр қилинмаганларига ҳам ишониш лозим.

Қуръони каримда бундай дейилган:

آمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنْزِلَ إِلَيْهِ مِنْ رَبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ كُلٌّ آمَنَ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْ رُسُلِهِ

“Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилин­ган нарсага (оятларга) имон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарла­рига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди” (Бақара, 285).

Улар қандай ҳам ажойиб махлуқотдирлар! Улар Раббул Оламиннинг буйруғига доим шай бўлиб, У Зотга ҳамду сано, тасбеҳ айтиб турадилар. Инсон нафас олиб чарчамагани каби улар ҳам тоат-ибодат ва тасбеҳ айтиш билан чарчамайдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:

وَلَهُ مَنْ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَمَنْ عِنْدَهُ لَا يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِهِ وَلَا يَسْتَحْسِرُونَ * يُسَبِّحُونَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ لَا يَفْتُرُونَ

“Осмонлар ва Ердаги борлиқ Уники­дир. Унинг ҳузуридаги зотлар (фаришталар) Унинг ибодатидан орланмайдилар ва чарчамайдилар ҳам. Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳга) тасбеҳ айтадилар” (Анбиё, 19-20).

Фаришталарга инсонлардан фарқли ўлароқ ихтиёр берилмаган, улар доимо Аллоҳ таолога итоатда бўлиб, исён қилмайдилар. Инсонга эса шаҳват ҳам, ақл ҳам берилган. Шу боис, аҳли сунна вал жамоа ақидасига кўра, киши имон келтириб, шаҳватини ақли билан бошқариб, солиҳ амаллар қилса, фаришталардан афзал ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُولَئِكَ هُمْ خَيْرُ الْبَرِيَّةِ

“Албатта, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар – айнан ўшалар халойиқнинг энг яхшисидирлар” (Баййина, 7). Зеро, фаришталар ҳам Аллоҳ таолонинг махлуқларидир.

Фаришталарнинг барчалари Аллоҳнинг ишончли бандалари, элчилари ва расуллари бўлиб, доимо У Зотнинг ибодати билан машғулдирлар. Улар гуноҳлар­дан холи, инсонлардаги каби нафс эҳтиёжларидан фориғ, ўзларига белгилан­ган вазифаларни сўзсиз бажарувчи мавжудотлардир. Бу зотларнинг қанотлари бор, улар учиб юрадилар ва фақат Раббул Оламинга буйсунадилар. 

Фаришталар пайғамбарлик ва расуллик мақомида турадилар. Чунки Жаброил (алайҳиссалом) Аллоҳнинг амрини одамларга етказганлар. Фаришталарни сўкиш ёки ҳақорат қилиш мумкин эмас. Ким бирор фариштани сўкса ёки ёмон кўрса, кофир бўлади, худди пайғамбарлар (алайҳимуссалом)ни сўкканидек ёки ҳақорат қилганидек. Ким бирор пайғамбарни ёки фариштани ҳақорат билан тилга олса, кофир саналади. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:

مَنْ كَانَ عَدُوًّا لِلَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَرُسُلِهِ وَجِبْرِيلَ وَمِيكَالَ فَإِنَّ اللَّهَ عَدُوٌّ لِلْكَافِرِينَ

Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, (билиб қўйсинки) Аллоҳ ҳам (ундай) кофирларга душмандир” (Бақара, 98).

Фаришталар жаннатдан ман қилинмаган. Улар ҳозирда ҳам Аллоҳ таолонинг изни билан жаннатга кириб-чиқиб турадилар. Аммо жаннат ноз-неъматларига боқишдан бошқа роҳатга эришолмайдилар. Зеро, роҳатланиш иштаҳа ва лаззат орқали амалга ошади. Лаззат ва роҳатланиш эса, шаҳватдан юзага келади. Юқорида таъкидлаганимиздек, фаришталар шаҳват ва табиатдан холи қилиб яратилган. Шундай экан, жаннат неъматларидан уларга лаззат ва иштаҳа ҳосил бўлмайди. Шунга кўра, фаришталар тоатлари туфайли савобга эришмайдилар, яъни уларга жаннат ва унинг ноз-неъматларидан роҳатланиш бўлмайди. Лекин улар бугунги кундагидек қиёматда ҳам жаннатга киришдан тўсилмайди. Зеро, фаришталар тоат-ибодатлари ҳақини Аллоҳ таолодан тўлиқ қилиб олганлар. У эса, яратилишларидаги аслий неъматдир. Чунки Аллоҳ таоло уларни муқаддас, маъсум, шаҳватдан холи, дилхушлик, ўйин-кулги қилмайдиган, емайдиган ва никоҳланмайдиган ҳолатда яратган. Фариштада бу нарсаларга на хоҳиш ва на истак бор. Улар бу неъматга шукр қилиб, Аллоҳ таолога доимий ибодат қиладилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил (алайҳиссалом)ни икки марта асл хилқатида жумладан, Исро кечасида олти юз қаноти борлигини кўрганлар. Уларнинг ҳар бири мағрибдан машриққа етарди, дейилади.

Фаришталар нурдан яралган. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

خلقت الملائكة من نور، وخلق إبليس من مارج من نار، وخلق آدم مما وصف لكم

“Фаришталар нурдан, жинлар олов тутунидан, Одам эса сизларга васфи қилинган нарсадан яратилгандир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Фаришталар нурдан яралганини ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлади. Нур-ёруғлик тезлиги тахминан сонияга 299792458 метр (уч юз минг километр)га тенг. Шунга биноан уламолар фаришталар нурдан яратилгани учун ҳам, уларнинг тезлиги ҳаддан зиёд бўлганидан кўзга кўринмайди, дейишади.

Аллоҳ таоло уларни комил итоат қиладиган табиатда яратгани ҳақида бундай хабар беради:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ

“Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар) (Таҳрим, 6).

Фаришталар адади жуда кўп, уларнинг сонини эса ёлғиз Аллоҳ билади. Манбаларда, Жаброил,  Микоил, Исрофил, Азроил (алайҳимуссалом), жаннат ва жаҳаннам посбонлари, жаннат хизматчилари, забония – дўзах аҳлини азобловчи ўн тўққизта фаришта, Аршни кўтариб турувчи саккизта ёки саккиз турли фаришталар, киромун котибин, инсонларни жин, шайтонлар ёмонлигидан қуриқлашга вакил қилинган ёки кеча ва кундузда алмашиб турадиган фаришталар, зикр мажлисларида тўпланадиган фаришталар, дуо фаришталари, тоғлар фариштаси, бандалар­нинг руҳларини юқорига олиб чиқувчи фаришталар, Мункар ва Накир, она қорнидаги гўдакнинг ризқи, амали, ажали ва Аллоҳнинг амри билан бахтли ёки бахтсиз бўлишини тақдир китобида ёзишга буюрилган фаришталар ва ҳоказо.

Жаброил, Микоил, Исрофил ва Азроил (алайҳимуссалом) каби фаришталар махлуқларга расул ҳисобланадилар. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

اللَّهُ يَصْطَفِي مِنَ الْمَلَائِكَةِ رُسُلًا وَمِنَ النَّاسِ

Аллоҳ фаришталардан ҳам элчилар танлар, инсонлардан ҳам...” (Ҳаж, 75).

Ёмғирнинг ҳар бир томчисида фаришта бор. Киши уларнинг мавжудлиги, сифатлари ва вазифаларига Қуръон ва суннатда айтилганидек қатъий ишонмагунича имони тўғри бўлмайди. Инсон қилаётган ҳар бир ишини ёзиб борувчи фаришталарга ишонса, доимий равишда кузатувда эканини ҳис этиб, инсонлар кўзидан ғоиб бўлганида ҳам гуноҳ иш қилишдан ҳаё қилади.

Фаришталарнинг борлиги қатъий далиллар билан собит бўлгани учун уларни инкор қилиш куфр ҳисобланади. Қуръони каримда бундай дейилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا آمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَالْكِتَابِ الَّذِي نَزَّلَ عَلَى رَسُولِهِ وَالْكِتَابِ الَّذِي أَنْزَلَ مِنْ قَبْلُ وَمَنْ يَكْفُرْ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا بَعِيدًا

 “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга, Пайғамбарига, (шу) Пайғамбарига нозил қилган Китоб (Қуръон)га ҳамда илгари нозил қилган Китобга имон келтирингиз! Кимки Аллоҳни, фаришталарини, китобларини, пайғамбарларини ва “Охирги кун (қиёмат)”ни инкор этса, демак, у жуда узоқ (қаттиқ) адашибди” (Нисо, 136).

Ҳар куни улардан етмиш минг фаришта “Байтул Маъмур”да намоз ўқийди. У ерда бир марта намоз ўқиб чиққан фаришта, қиёматгача иккинчи марта яна қайтиб келишига навбат етмайди.

Меърож қиссасида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) еттинчи осмонга чиққан­ларини ҳикоя қилиб бундай дейдилар:

 

“…менга Байтул Маъмур кўрсатилди, Жаброил­ (алайҳисса­лом)дан у ҳақда сўрадим, у зот бундай деди: “Бу Байтул Маъмурдир, унда ҳар куни етмиш минг фаришта намоз ўқийди, у ердан чиққан фаришта, қиёматгача бошқа қайтиб келмайди” (Муттафақун алайҳ).

Фаришталар Одам (алайҳиссалом)дан олдин яратилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلَائِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الْأَرْضِ خَلِيفَةً قَالُوا أَتَجْعَلُ فِيهَا مَنْ يُفْسِدُ فِيهَا وَيَسْفِكُ الدِّمَاءَ وَنَحْنُ نُسَبِّحُ بِحَمْدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَ قَالَ إِنِّي أَعْلَمُ مَا لَا تَعْلَمُونَ

“Эсланг, (эй Муҳаммад!) Раббингиз фаришталарга: “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман”, – деганида, (улар) айтдилар: “Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз. (Аллоҳ) айтди: “Албатта, Мен сизлар билмаган нарсаларни билурман” (Бақара, 30).

Фаришталар Аллоҳнинг Ердаги халифаси инсонларга ёрдамчидирлар. Аллоҳ таоло инсон онаси қорнидалигидаёқ унга бир фариштани бириктириб, ажали, бахтли ёки бахтсизлиги ва умрини тақдирда ёзиб қўйишга вакил қилган. Шундан бошлаб инсон вафот этгунча улар унга ҳамроҳ. Улар унинг ҳар бир сўзи, қилаётган барча амалини ёзиб борадилар. Қуръони каримда бундай дейилган:

مَا يَلْفِظُ مِنْ قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ

“У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф, 18).

Фаришталар доимо инсон ҳаётини муҳофаза этиб, ўлим соати келгач, жонини оладилар, қабрда азоб ёки роҳат берадилар. Бу гўзал фаришталар мўминларнинг дўстларидир. Улар бизларга манфаатли нарсаларни ўргатиб, яхшилик ва эзгуликка шижоатлантириб, ёмонлик ва гуноҳлардан қайтариб, огоҳлантириб борадилар. Улар модомики, Раббимизга тоат-ибодатда эканмиз, ҳақимизга истиғфор айтадилар. Бошқаларга яхшиликни насиҳат қилаётган чоғларимизда эса салавот ва салом айтадилар.

Бу ажойиб мавжудотлар туш, ўлим соатларимизда, қайта тирилиш дамларимизда ёнимизда, хотиржамлик ва тинчликни башорат қилиб, биз билан бирга бўладилар. Зеро, Қуръони каримда бундай дейилади:

إِنَّ الَّذِينَ قَالُوا رَبُّنَا اللَّهُ ثُمَّ اسْتَقَامُوا تَتَنَزَّلُ عَلَيْهِمُ الْمَلَائِكَةُ أَلَّا تَخَافُوا وَلَا تَحْزَنُوا وَأَبْشِرُوا بِالْجَنَّةِ الَّتِي كُنْتُمْ تُوعَدُونَ * نَحْنُ أَوْلِيَاؤُكُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَفِي الْآخِرَةِ وَلَكُمْ فِيهَا مَا تَشْتَهِي أَنْفُسُكُمْ وَلَكُمْ فِيهَا مَا تَدَّعُونَ

“Албатта: «Раббимиз – Аллоҳ», – деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): «Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз” (Фуссилат, 30-31).

Уларда заррача риё, ҳасад, адоват, исён, куфр, нифоқ йўқ. Қани энди ўтаётган ҳар бир соатимиз шу фаришталарга ўхшаб Улуғ, Меҳрибон Холиққа бўйсунишда ўтса.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Еттинчи осмонда яратилгандан бери саждада турган фаришталар бор. Қиёмат куни бошларини саждадан кўтариб айтишадики: “Эй Раббимиз, Сен барча айбу нуқсондан пок Зотсан. Биз сенга ҳақиқий ибодат қила олмадик. Сенга ҳақиқий қулчилик ҳақини ўтай олмадик”.

Жаннатда жаннат аҳлига бу нуроний мавжудотлар: (Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши!” (Раъд, 24), дея нидо қилишади. Аллоҳ таоло барчамизни ана шундай саодатли бандалари қаторида қилсин. Омин!

Толибжон ҚОДИРОВ

Read 2246 times

Мақолалар

Top