Мақолалар

Дангасалик сабаблари

1-сабаб: Кўнгил қолиши ва муваффақиятсизлик. Кишида бу ҳолатларнинг топилиши унинг мақсадларига етишиш йўлида гўёки “бу ишга сенинг қудратинг етмайди” деган ўйни келтириш билан тўсқинлик қилади. Айтайлик, бир инсон мақсадини рўёбга чиқариши учун ҳаракатни бошлайди ва нафсини шунга тайёрлайди. Бироқ, у ушбу мақсади йўлида турли тўсқинликларга рўбарў келади. Натижада икки йўл пайдо бўлади.

1 – Кўнгли қолиши ва муваффақиятсизликка учраши. Натижада дангасалик қилиб, мақсадидан ортга чекинишга ўтади.

Мисол учун, бир киши бирор-бир мавзуда мақола, дастур, қўлланма, китоб ёки илмий иш қилмоқчи. Албатта бу йўлда жуда кўплаб изланишларга, баҳс ва мунозараларга рўбарў ҳамда ёзганларига далиллар келтириши зарур. Баъзида бу ишларга қодир бўлмайди, қодир бўлсада у ўйлаган муддатдан кўпроқ вақт талаб қилади, натижада қилаётган ишидан кўнгли қола бошлайди ва шу сабаб мақсадидан дангасалик қилиб, ҳаракат қилишдан тўхтайди.

2 – Мақсади йўлидаги турли-туман тўсқинликлардан ўтади, уларга парво ҳам қилмасдан янада кўпроқ ҳаракат қилади, ўзидаги бор имкониятларини ишга солиш билан бир қаторда, Аллоҳдан ёрдам сўраш ила ўйлаган мақсадига эришади. Бу кучли ва сабр қаноатли кишиларнинг сифати бўлиб, афсуски бу тоифадагилар жуда кам учрайди.

Бир ўйлаб кўрайлик! Бу тиришқоқлик ва ҳаракатчанлик уламоларимизда бўлмаганида эди, биз ҳаргиз “Тафсири Тобарий”, “Умдатул Қорий”, “Жамиъул муснад ва сунан” ва “Тарихул Ислам” каби узоқ вақт, буюк матонат, гўзал сабр ва Аллоҳнинг ёрдами ила талаб қилинадиган улкан асарларга эга бўлмасдик.

Шундай экан ҳар қандай хайрли ишларимизда бизга рўбарў келадиган машаққатларга тезда енгилмасдан, кўзлаган мақсадимиз сари интилишда бардавом бўлишга интилайлик.

Абдураҳмонов Яҳё Убайдуллоҳ ўғли,

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби

Read 2591 times

Мақолалар

Top