Мақолалар

Қуръони каримда фарзанд тарбияси ҳақида

Қуръони каримнинг “Каҳф” сурасида Хизр алайҳиссалом билан Мусо (алайҳиссалом)нинг ўртасида бўлиб ўтган мулоқот зикр қилинган. Унда жумладан шундай дейилади:

 فَانْطَلَقَا حَتَّى إِذَا لَقِيَا غُلَامًا فَقَتَلَهُ قَالَ أَقَتَلْتَ نَفْسًا زَكِيَّةً بِغَيْرِ نَفْسٍ لَقَدْ جِئْتَ شَيْئًا نُكْرًا

яъни: “Сўнгра яна йўлга тушдилар. Бориб бир болани учратганларида (Хизр) уни қатл этди. (Буни кўрган Мусо) деди: Ҳеч кимни ўлдирмаган бир бегуноҳ жонни ўлдирдинг-а?! Ҳақиқатан, (сен) хунук иш қилдинг!”” (Каҳф, 74).

Ояти каримада баён қилинишича, Мусо (алайҳиссалом)нинг Хизр (алайҳиссалом)га эътироз тарзида берган саволи ўринли эди. Чунки, норасида гўдакни ўлдириш Мусо (алайҳиссалом)нинг шариатида ҳам ман этилган эди.

Тафсир китобларида келтирилишича, боланинг исми Жайсур бўлиб, у ота-онасининг ёлғизгина суюкли арзандаси эди. Ота-онаси уни еру кўкка ишонмас, унга нисбатан муҳаббатлари ҳаддан ташқари эди. Бироқ, унинг тақдирида “кофир бўлиши” ёзилган эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Хизр (алайҳиссалом)ни огоҳ этган эди. Чунки, Хизр (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло келажакда бўладиган ишларни ҳам илмини билдирган бўлиб, Мусо (алайҳиссалом) бундай илмга эга эмас эдилар. Мусо (алайҳиссалом) Хизр (алайҳиссалом)га ҳамроҳ бўлган вақтларида у кишининг бир қанча ғайриоддий ишлар содир этганларига гувоҳ бўлдилар, бироқ уларнинг ҳақиқатини англаб етишга илмлари етмасди. Шунинг учун ҳам Хизр (алайҳиссалом) Мусо (алайҳиссалом)га норасида болани ўлдиришининг сабабини айтиб беришига тўғри келди.

 قَالَ هَذَا فِرَاقُ بَيْنِي وَبَيْنِكَ سَأُنَبِّئُكَ بِتَأْوِيلِ مَا لَمْ تَسْتَطِعْ عَلَيْهِ صَبْرًا

яъни: “У (Хизр) айтди: Мана шу сен билан менинг ажрашимиздир. Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан огоҳ қилурман” (Каҳф, 78).

وَأَمَّا الْغُلَامُ فَكَانَ أَبَوَاهُ مُؤْمِنَيْنِ فَخَشِينَا أَنْ يُرْهِقَهُمَا طُغْيَانًا وَكُفْرًا

яъни: “Ҳалиги боланинг эса, ота-онаси мўмин кишилар эди. Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан қўрқдик” (Каҳф, 80).

       Бир бегуноҳ жонни ўлдириш барча пайғамбарларнинг шариатида ҳам ҳаром қилинган. Аммо, бу ерда Хизр (алайҳиссалом) томонидан бу боланинг ўлдирилишига сабаб, унинг мўмин бўлган ота-онасининг имонини сақлаб қолиш эди. Чунки, бола катта бўлгач, ота-онасини ҳам имондан воз кечиб, унинг динига ўтишга мажбур қилар эди.

فَأَرَدْنَا أَنْ يُبْدِلَهُمَا رَبُّهُمَا خَيْرًا مِنْهُ زَكَاةً وَأَقْرَبَ رُحْمًا

яъни: “Шу сабабдан, уларга Парвардигорлари у (бола)дан кўра покизароқ ва ундан кўра меҳрибонроқ (бошқа бир болани) бадал (эваз) қилиб беришини истадик” (Каҳф, 81).

       Оятнинг тафсирида баён этилишича, Хизр (алайҳиссалом) болани ўлдирган вақтда Аллоҳ таоло унинг онасига ҳомила ато этган эди. Вақти соати етиб қиз бола туғилди. Вояга етгач, ўша даврнинг пайғамбарига турмушга чиқди ва унинг зурриётидан етмишта пайғамбар чиқди (Руҳул баён тафсири).

       Ушбу воқеа устида чуқурроқ мулоҳаза юритадиган бўлсак, ундан фарзанд тарбиясида қўллашимиз мумкин бўлган бир қанча фойдаларни олишимиз мумкин. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда тарихда бўлиб ўтган воқеалар ҳақида зикр этар экан, уларни мўминларга ибрат бўлиши учун нозил қилганлигини баён этади.

 لَقَدْ كَانَ فِي قَصَصِهِمْ عِبْرَةٌ لِأُولِي الْأَلْبَابِ مَا كَانَ حَدِيثًا يُفْتَرَى وَلَكِنْ تَصْدِيقَ الَّذِي بَيْنَ يَدَيْهِ وَتَفْصِيلَ كُلِّ شَيْءٍ وَهُدًى وَرَحْمَةً لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ

яъни: “Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун (катта) ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган гап эмас, балки ўзидан олдинги нарсаларни (яъни, самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга имон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (манбаи бўлган бир Китоб)дир”. (Юсуф, 111).

       Ушбу воқеанинг фарзанд тарбиясидаги аҳамияти:

  1. Ота-она фарзандига бир кўзда меҳр ва бир кўзда қаҳр билан боқиб, тарбияни олиб бормоғи лозим. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Бирор нарсага ҳаддан ташқари муҳаббат қўйиш кўзни кўр, қулоқни кар қилиб қўяди”. Хизр (алайҳиссалом) қатл этган боланинг ота-онасининг унга бўлган муҳаббати уларни кўр қилиб қўйган эди. Ота-онасига боланинг айби кўринмас эди. Ота-она унинг учун ҳамма нарсага рози эдилар. Агар у катта бўлиб, ота онасини имонларидан кечиб, кофир бўлишларини талаб қилса, ота-она унинг бу талабини ҳам қондиришга тайёр эди.
  2. Ота-она кези келганда фарзандини эркалаши, унинг кўнглига ҳам қараши керак. Бироқ доимо шундай бўлиш ярамайди. Кўнгли тусаганини муҳайё қилиб турган ота-онанинг фарзанди олдида қадри қолмайди. Бир кун келиб фарзандининг раъйини қайтарган ота ёки онасига фарзанд зуғум ўтказиши, ҳатто улардан юз ўгириб кетиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ҳозирги кунда баъзи ота-оналар биз кўрмаган нарсани фарзандимиз кўрсин, деб болаларининг кўнгли нимани тусаса, шуни қилиб беряпти. Албатта, ота-онанинг топгани фарзанди учун, бу маълум. Лекин, миллийликка, мусулмончиликка тўғри келмайдиган нарсаларни талаб қилганда ота-она фарзандининг бундай талабларини ҳам қондириб беравермаслиги керак.
  3. Имон ва эътиқод масаласи энг муҳим масала ва у ҳамма нарсадан қадрлидир. Ояти каримада баён қилинишича, боланинг ота-онаси имонли кишилар эди. Шундай экан, уларни имонидан айирадиган фарзанднинг боридан йўғи... Ота-онасига турли туман жафолар етказадиган фарзандлар йўқ эмас. Аммо, бузуқ ақидаларга эргашиб, имонли ота-онасини ҳам ўз эътиқодига эргашишга даъват қилса, унинг эътиқодига юрмаганлари учун уларни имонсизликда айбласа, бундан оғир жафо, бундан оғир гуноҳ йўқ.
  4. Тарбияли фарзанд ота-онасини бошига кўтаради, уларга раҳмат олиб келади. Ноқобил тарбия топган фарзанд эса, охир оқибат ота-онасини эл-юрт орасида юзини қора, бошини хам қилади.

“Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!” (Фурқон, 74).

 

Ҳомиджон Ишматбеков

 

Read 3314 times

Мақолалар

Top