Мақолалар

Абу Мансур Мотуридийнинг қандай асарлари бор?

Аҳли сунна вал жамоанинг икки ақидавий йўналишидан бири мотуридия мазҳаби ҳисобланади. Бу мазҳаб асосчиси Абу Мансур Мотуридий шаръий илмларнинг учта йўналиши бўйича асарлар таълиф этган:

  1. Тафсир;
  2. Усулул фиқҳ;
  3. Ақоид.

Тафсир йўналиши бўйича “Таъвийлоту аҳли сунна” (Аҳли суннанинг тушунтиришлари) номли улкан тафсир ёзган. Бу тафсирда Қуръон оятлари тафсиридан ташқари эътиқодга, усулул фиқҳга ва фиқҳга тегишли ҳукмлар ҳам маҳорат билан очиб берилган. Қуръон оятларини кўпинча оятлар билан тафсир қилган, айрим ўринларда ҳадислар билан ҳам тафсир қилган. “Таъвийлоту аҳли сунна” тафсирини ҳамаср уламолардан Муҳаммад Зоҳид Кавсарий: “Бу китоб ўз бобида унга тенги йўқ бўлган китобдир”, дея мадҳ қилган. Абу Мансур Мотуридий “Таъвийлоту аҳли сунна” тафсирида жуда кўплаб ҳикматли гапларни келтирган, улардан намуна сифатида қуйидагиларни айтиш мумкин:

 – Аллоҳ таоло бандаларини улар учун манфаатли бўлган нарсаларга буюради ва уларга зарар етадиган нарсалардан қайтаради;

  • Дунё яхшиликлари илм ва ибодатдир, охират яхшиликлари жаннат ва мағфиратдир;
  • Қуръон шифо изловчилар учун дунёда шифодир, уни (ҳукмларини) маҳкам тутганлар учун раҳматдир;
  • Дунёдаги нарсалар иккита нур орқали – қалб нури ва ҳаводаги нур орқали кўринади. Кофир кимсанинг қалб нурини зулмат тўсиб қўйгани сабабли Қуръоннинг нури ва шифосини кўра олмайди. Мўмин эса унинг шифоси ва нурини иймони нури орқали кўради.

Абу Мансур Мотуридий усулул фиқҳ йўналиши бўйича “Маъхозуш шароиъ” (Шаръий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (Илмий баҳслар) номли иккита китоб ёзган. Ушбу икки китоб ҳанафия мазҳабидаги қоидалар ва улардан келиб чиқадиган ҳукмларни гўзал суратда жамлаган асарлар, деб васф қилинган. Зеро, бу китоблар ҳижрий олтинчи асргача ҳанафийларнинг усулул фиқҳ бўйича мурожаат қиладиган асосий манбалари ҳисобланган. Кейинчалик эса ушбу йўналиш бўйича ёзилган Абу Зайд Даббусийнинг “Тақвиймул адилла” ва Фахрул Ислом Паздавийнинг “Канзул усул” каби усулул фиқҳ бўйича ёзилган асарларнинг асоси бўлиб хизмат қилган. Уламолар бу икки китобнинг бизгача етиб келмаганини афсус билан ёдга оладилар.   

Абу Мансур Мотуридий ақоид йўналиши бўйича кўплаб асарлар ёзган. Бу асарларни ўрганиб чиққан уламолар уларни уч турга ажратганлар:

  1. Мақолот (мақолалар);
  2. Раддиялар;
  3. Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари.

Мақолот:

Аслида Мотуридийдан олдин ҳам “Мақолот” (мақолалар) номли бир қанча китоблар ёзилган ва уларда асосан Ислом динига мансуб турли фирқаларнинг қарашлари жамланган. Масалан, Абул Ҳасан Ашъарийнинг “Мақолотул исломиййин” асари худди шундай асарлар сирасига киради. Баъзи олимлар Абу Мансур Мотуридийнинг “Мақолот” китобини “Китабут Тавҳид” билан битта китоб бўлган деб ҳисоблашган.

Раддиялар:

Абу Мансур Мотуридий қадарий, мўътазилий ва қарматий каби адашган фирқаларнинг қилаётган даъволарига бирма-бир нақлий ҳамда ақлий далиллар асосида раддиялар қилган. “Баяну ваҳмил мўътазила” (Мўътазилийларнинг нотўғри тасаввури баёни), “Родду аълал қаромита” (Қарматийларга раддия) каби асарларида мазкур фирқаларнинг умумий қарашларидаги хатоларни кўрсатиб берган. 

Абу Мансур Мотуридийнинг қилган энг улкан хизмати Аҳли сунна вал жамоага қарши чиққан фирқаларнинг даъволарига умумий раддия қилишдан ташқари, уларга батафсил раддиялар қилганидир. Яъни, бу зот ўша пайтларда омма мусулмонларга ташвиш туғдириб турган мўътазилий етакчиларининг асарларига бирма-бир раддиялар ёзиб, уларни “очиқ майдон”да мағлуб қилган. Бунга у зотнинг қуйидаги асарлари яққол далилдир: 

  • Абу Муҳаммад Боҳилий мўътазилийнинг “Усулул хомса” (бешта асос) китобига “Родду усулил хомса” (“бешта асос” китобига раддия);
  • Абулқосим Каъбий мўътазилийнинг “таҳзийбул жадал” (Илмий баҳсларни ўргатиш) китобига “Родду таҳзийбил жадал” (“Илмий баҳсларни ўргатиш” китобига раддия);
  • Абулқосим Каъбий мўътазилийнинг “Ваъийдул фуссақ” (Фосиқларга таҳдид) китобига “Родду “Ваъийдил фуссақ” (“Фосиқларга таҳдид” китобига раддия);
  • Абулқосим Каъбий мўътазилийнинг “Аваилул адилла” (Дастлабки далиллар) китобига “Родду аваилил адилла” (“Дастлабки далиллар” китобига раддия) каби асарлар ёзган.

 Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари:

Абу Мансур Мотуридий Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари бўйича “Тавҳид” китобини ёзган. Калом илмига оид энциклопедия дейиш ҳам мумкин бўлган бу китоб Мотуридия мазҳабининг асосий қарашларини баён қилувчи асардир. Имом Мотуридийнинг ушбу асари ундан кейин ёзилган калом китобларига андоза ҳисобланади. Чунки кейинчалик ёзилган калом китоблари асосан Имом Мотуридийнинг услубига кўра ёзилгани ва маълумотлар у зотнинг тартибига кўра тартиблангани инкор қилиб бўлмайдиган очиқ ҳақиқатдир. Мотуридия мазҳабидаги китобларнинг аввалида келадиган “билиш воситалари” мавзусини ҳам дастлаб Абу Мансур Мотуридий жорий қилган.

Мотуридия мазҳабининг асосий қарашларини баён қилувчи “Тавҳид” китоби “билиш воситалари” мавзуси билан бошланиб, сўнгра даҳрийлар, суманийлар, суфастоийлар каби фирқаларга раддия беришга ўтилган. Китоб охирида қазо ва қадар, иймон, шафоат, иймон ва Ислом масалалари баён қилинган. Мотуридия мазҳабидаги машҳур китоблар бўлган Абул Муин Насафийнинг “Табсиротул адилла”, Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафий” каби асарлари “Тавҳид” китоби асосида таълиф этилган асарлар ҳисобланади.

 

Абдулқодир Абдур Раҳим,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом

институти ўқитувчиси

Read 2697 times
Tagged under

Мақолалар

Top