Мақолалар

Ватанга хизмат беиз кетмас

Хорижда сафарда бўлганимизда Ўзбекистон байроғини кўрсак ё юртдошларимиздан бирортасини учратсак, юрт соғинчини қумсаб кўзимиздан ёш қалқади. Бу бежиз эмас, албатта. Негаки, инсон яралибдики, унинг жисму жонига Ватанга меҳр-муҳаббат, соғинч туйғулари жо бўлган.

Ҳар йили юртимиз истиқлолга эришган кунни бир-биридан гўзал ғоя ва шиорлар остида нишонлаймиз. Уларнинг ҳар бири қалбимизда меҳр уйғотиб, шу Ватан фарзанди бўлган кексаю ёшни эл-юрт фаровонлиги йўлида жипслаштирмоқда.

Шу нурафшон кунларда олис мозий, буюк аждодларимиз мероси, истиқлолимизнинг 29 йиллик даври, жумладан, сўнгги уч йил давомида босиб ўтган йўлимиз, қилинган хайрли ишларни мушоҳада қиламиз. Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил одимлаётган Ватанимизда бу йилги мустақиллик байрами «Сен — қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида тантана қилинади.

Аллоҳ таоло ҳазрати инсон қалбига Ватанни севиш туйғусини солди. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтадиларОдам Ватанини, гарчи у чўл бўлса ҳам, борича севади. Ватанга муҳаббат туйғуси – савқи илоҳий. Инсон ватанидан бошқа жойда хотиржам бўла олмайди.

Буюк Раббимизнинг илоҳий амрига мувофиқ (Аҳзоб сураси, 21-оят), мўмин киши ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ибрат олишга интилади. Чунончи, Набий алайҳиссалом Маккадан Мадина шаҳрига кўчиб кетаётиб йиғладилар. Маҳзун ҳолда она шаҳри Маккага қайта-қайта қараб: «Қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг энг яхши маконисан ва Алоҳнинг энг маҳбуб шаҳрисан. Агар мени сендан чиқармаганида асло чиқмасдим», деганлар («Фатҳул борий»).

У зот ўзлари туғилиб-ўсган Макка шаҳри соғинчи боис қаттиқ қайғуга чўмдилар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб: (Эй Муҳаммад!) Албатта, Сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган зот, шак-шубҳасиз, Сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир” (Қасас сураси, 85-оят) оятини нозил қилгач, таскин топдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтаётиб, Мадина кўчаларини кўргач, туяларини ниқтаганлар. Имом Ҳумайднинг ривоятида: «Мадинани севганларидан уловни ниқтардилар», дейилган (Имом Бухорий ривояти). Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни шарҳлаб: «Бу ҳадис Мадина шаҳрининг фазлини билдириш билан бирга, Ватанни севиш жоиз эканлигига ҳам ишора қилади», деганлар.

Алишер Навоий ҳазратлари бежиз:

Ватан таркини бир нафас айлама,

Яна ранжу ғурбат ҳавас айлама, дея лутф этмаган.

Ўзбекистон аталмиш гўзал заминда халқимиз бир мақсад йўлида бирлашиб, муҳтарам Юртбошимиз атрофида жипслашиб ёрқин келажак, юксак тараққиёт сари йўл тутмоқда. Ўз навбатида, Ватан ўз халқига ҳам аҳилликда ҳикмат кўплигидан сабоқ бераётгандек. Буни сўнгги беш ой давомида юртга ёпирилган кўринмас ёв – коронавирус балосига қарши курашда давлатимиз отадек ғамхўр, онадек меҳрибон бўлиб, юртдошларимизга кўрсатилган тиббий, моддий, маънавий кўмаклар мисолида кўриш мумкин.

Эътиборингизни яқин ўтмишда орзу қилиш ҳам мумкин бўлмаган, истиқлол туфайли, айниқса, сўнгги уч йил мобайнида воқеликка айланган тараққиёт йўлимизнинг ҳаммамизга ойнадек аён кўрсаткичларига эмас, ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда содир бўлаётган, бир қарашда оддий туюлган ҳақиқатларга қаратмоқчиман.

2020 йилнинг ўтган даври мобайнида юртимизда кўплаб янги жоме масжидлари очилди. Бундай хайрли ишлар карантин даврида тўхтаб қолмади. Балки нафақат пойтахтда, олис ҳудудларда ҳам амалга оширилмоқда. Куни кеча юртимизнинг жанубий сарҳадларида яшовчи мўмин-мусулмонларимиз учун қувончли воқеа содир бўлди: Сурхондарё вилояти Термиз туманида «Варроқ Термизий» масжиди очилди. Шу билан мамлакатимизда масжидлар сони 2072 тага етди. Бир неча кун олдин эса Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги «Ҳилол» масжиди иш бошлагани ҳақидаги хабарни эшитиб, мамнун бўлган эдик.

Тошкент шаҳрида улуғ алломалар номидаги «Сузук ота», «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф», «Файзулла хўжа ўғли Мурод ҳожи», Сурхондарё вилоятида «Ҳаким Термизий», «Шайх Шамсиддин», «Имом Низомиддин Сангардакий», Наманганда «Муҳаммад ал-Амин», Фарғонада «Чилигижийда», Навоийда «Абу Бакр Сиддиқ» ва Тошкент вилоятида «Абу Ҳурайра» масжидлари ҳамда Бухорода «Абдуллоҳ ибн Муборак» номли янги жоме масжид иш бошлагани мўмин-мусулмонларни бағоят хурсанд қилди.

Бу ислоҳотлар, хушхабарларни ҳаммамиз кўриб, эшитиб, бевосита гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу хайрли ишлар ўз-ўзидан амалга ошмаяпти. Буларнинг замирида бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда кунни тунга, тунни тонгга улаб меҳнат қилаётган азизларнинг саъй-ҳаракатлари мужассам.

Бу ислоҳотлар нафақат мамлакатимизда, айни пайтда бутун дунёда эътироф этилмоқда. Сўз исботи билан гўзал, деганларидек, яқинда АҚШнинг Ж.Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти президенти Фредерик Старр ҳамда Институт директори Сванте Корнеллнинг «Ўзбекистон: мусулмон дунёсидаги ислоҳотлар учун янги модель» номли мақоласи эълон қилинди.

Экспертларнинг таъкидлашича, Президентимиз Шавкат Мирзиёев даврида Ўзбекистоннинг бой диний-маънавий тарихга даъвогарлиги амалий ҳаракатларда намоён бўлмоқда. Муаллифларнинг эътироф этишича: «Минтақа, исломнинг эътиқодий маркази сифатида қараладиган Яқин Шарқдан қолишмаган ҳолда, тарихий, диний ва интеллектуал асосларига кўра, мусулмон дунёсининг маркази бўлишга ҳақли».

Дарвоқе, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг шаффофлигини таъминлашнинг амалдаги инъикоси сифатида айни пайтда халқ муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунини келтириш мумкин.

Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг савоби жуда улуғ.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бир кеча кундуз «рибот», (яъни душмандан қўриқлаб чиқиш) бир ой тутилган нафл рўза ва ўқилган тунги намоздан яхшидир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Хулоса шуки, замонлар ўтиши, асрлар алмашиши билан ҳамма нарса унутилиши мумкин. Лекин динга ва Ватанга қилинган хизмат асло унутилмайди. Тарихда яхши ва ёмон ном қолдирган икки Маҳмудни биламиз. Бири Маҳмуд Ялавоч, иккинчиси Маҳмуд Таробий. Ялавоч Чингизхон лашкарига қўшилиб, ўз Ватанига хоинлик қилган бўлса, Таробий ўша ёвга қарши аёвсиз курашган.

Чингизхон истилосидан буён қанча замонлар ўтди, қанча давр, тузумлар ўзгарди, аммо асрлар давомида, ҳатто ҳалиям халқимиз Маҳмуд Ялавочнинг қилмишидан уялади. Энг даҳшатлиси, ҳеч ким фарзандига «Ялавоч» деб исм қўймайди, бу номдаги бирорта жой йўқ. Аммо юртимизда Маҳмуд Таробий номи билан аталадиган кўчалар, мавзелар кўп.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Read 2209 times

Мақолалар

Top