Мақолалар

Афв қилган бу дунёда инсонлар меҳр-муҳаббатига, охиратда эса улуғ неъматларга сазовор бўлади

Инсон зоти шундай яралган – баъзан шайтоннинг қутқусига учади, баъзан тўғри йўлдан тояди. Беайб – фақат Парвардигор. Аллоҳнинг бир исми – сифати Раҳмон, яна бири – Ғафур. Яъни раҳмли ва кечиримлидир. Инсонки, адашибди, йўлини бошқа томонга бурибди, аммо бир кун келиб унинг хато эканлигини англабдими, уни кечириш, тўғри йўлга қайтишига кўмак бериш бандаларига ҳам хос бўлмоғи лозим.

 Бахт деган тушунчани ҳар ким ҳар хил тасаввур қилади. Кимдир уни тинчлик-хотиржамлик ёки сиҳат-саломатликда, бошқа биров оила, дўстлар, яхши даромадли ишда, деб билади. Умуман, бахт ҳақида гап борганда, ҳар ким уни ўз дунёқараши, тафаккури, қаричи билан ўлчайди. Маҳкумликдаги одам учун эса озодлик, оиласи бағрида бўлиш катта бахт.

Шу боис адашиб жиноят йўлига кирган ва содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган инсонларга яна бир бор имкон бериш, уларни тўғри йўлга, оиласи бағрига қайтариш давлатимиз олдида турган муҳим масалалардан бирига айланди. Зеро, адашганлар ҳам шу мамлакат фуқароларидир.

Муҳтарам Президентимиз энг азиз умуммиллий байрамимиз – Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинганининг 29 йиллигини нишонлаш арафасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

 Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 113 нафар фуқаро афв этилди.

 Афв этилган шахсларнинг 5 нафари асосий жазодан озод этилди, 53 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 15 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 40 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

 Афв этилганларнинг 1 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 2 нафарини чет давлат фуқаролари, 105 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этади.

Фармонга мувофиқ афв этилганлар иш жойлари билан таъминланиб, жамиятда ўз ўринларини топишларига ёрдам берилади. Давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик юртимиздаги барча инсонпарвар, меҳр-оқибатли кишиларни хурсанд қилди.

Зеро, кечиримли бўлиш ҳамма вақт инсонлар ва жамиятга кўпдан-кўп манфаат ва муваффаққиятлар келтирган. Ва шу билан бирга кечиримли бўлиш мўмин-мусулмонлар учун юксак фазилатлардандир.

Кечиримлилик инсоннинг улуғ сифатларидан биридир. Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай баён қилади: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур”. (Фуссилат сураси 34-оят)

 Яна бир ояти муборакда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ким авф этиб ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳ зиммасидадир”. (Шўро сураси 40-оят).

Қуръони каримнинг яна бир ояти каримасида Аллоҳ таоло бандаларига қуйидагича хитоб қилади: “Ва агар авф этсангиз, кўнгилга олмасангиз ва айбларини кечирсангиз, бас, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳимдил зотдир”. (Тағобун сураси 14-оят).

Аллоҳ таоло бандаларини гуноҳини кечирувчи Зотдир. Кечиримлилик қанчалик буюклигини Аллоҳ таолонинг Одам алайҳиссаломнинг тавбасини қабул қилганидан билса бўлади. Аллоҳ таоло бандаларини ҳам бир-бирларини айб нуқсонларини, хато-камчиликларини кечиришга буюрган.

Юксак хулқ соҳиби бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада энг катта ибрат бўлганлар. У зотниинг ниҳоятда кечиримлилик бўлганликлари, у кишини бошларига оғир кунларни солган мушриклар раҳнамоси бўлган бир қанча кишиларни кечириб юборганликлари кечиримлиликнинг олий намунасидир.

Аллоҳ таоло “Қуръони Карим”да шундай марҳамат қилади: “Афвни ( қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”. (Аъроф сураси, 199-оят).

Ушбу оятни тафсир қилган уламолар оятдаги “ Афвни ( қабул қилиб) олинг” деган муборак бирикмани “кечиримли бўлишга” далолат қилади, дейишади. “Тафсири ирфон”да бу оятнинг тафсири ҳақида шундай дейилади:“Оят каримадаги “урф” сўзи “яхши амаллар” маъносида, Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали Ўз пайғамбарига афвни қабул қилиб олишни, яъни, ўта кечиримли бўлишни, одамларни яхшиликка чорлашни ҳамда ширк ва куфр йўлини тутган жоҳил, нодон кимсалардан юз ўгиришни буюрмоқда. Парвардигорнинг амрига бўйсунган Пайғамбаримиз кечиримлиликда ҳам, одамларни яхшиликка чақиришда ҳам бутун умматга ибрат бўлганлар”.

Улуғларимиз кечиримлилик дунёдаги амалларнинг энг хайрлиси ва фазилатлисидир, дейдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилар: “Қиёмат куни бўлганда бир жарчи нидо қилади: “Одамларга кечиримли бўлганлар қаерда? Парвардигорингиз ҳузурига келинглар ва савобингизни олинглар! Қайси бир мусулмон кечиримли бўлса, жаннатга киришликка ҳақлидир”

Кечиримлилик, бағрикенглик, инсонпарварлик — ўзбек халқига хос азалий қадриятлар ҳисобланади. Ҳаётда адашган, билиб-билмай хато қилган, қилмишидан пушаймон бўлган юзлаб одамлар кечирилмоқда, афв этилмоқда, оиласи, яқинлари бағрига қайтарилмоқда.

Боши деворга теккандан сўнг адашганлигини тушуниб етган одамларни афв этиш муқаддас динимизнинг асосий арконларидан бири саналади. Кўплаб бунёдкорлик ва хайрли амаллари билан тарихда қолган улуғ бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темур ҳам “Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтарганлар, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, агар улар илтижо билан тавба-тазарру қилиб келсалар, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим”, дея бағрикенглик, кечиримлилик фазилатларини юксак даражада эъзозлаганини эсламоқ жоиз.

Мазкур бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояси билан йўғрилган фармон жамиятимизда инсон, унинг ҳаёти ва эркинликлари энг олий қадрият эканлигини яна бир тасдиқлади. Хулоса қилиб айтганда, бу юртда инсон азиз, унинг қадр-қиммати ҳар нарсадан устун. Бугун афв этилганларни, кечирилганларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак бериш замирида бир ҳақиқат мавжуд. У ҳам бўлса, ҳаётга келган ҳар бир инсон умрини мазмунли ўтказсин, ғанимат фурсатларни ҳуда-беҳудага сарфламасин, юртига, юртдошларига содиқ бўлиб, ўз ватанида бахтли ҳаёт кечирсин….

 

Раҳматуллоҳ УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби

 

Read 2485 times
Tagged under

Мақолалар

Top