Мақолалар

Азон ҳақида мукаммал маълумотлар

Азон ҳақида мукаммал маълумотлар

Азон – Ислом динида намозга, ибодатга чақириқ эканини ҳаммамиз биламиз Аммо унинг таърифи, унинг амалга киритилиш тарихи ва унга оид дақиқ маълумотларни ҳамма ҳам билавермайди.

Яқинда “Азон китоблари” нашриётида чоп этилган “Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинган азонга оид маълумотларни тақдим этишга қарор қилдик.

أذَانُ  [АЗА́НУН] – АЗОН

Таърифи:

1. Азон луғатда билдириш маъносини англатади. Аллоҳ таоло: “Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чорлагин![1] деб марҳамат қилган. Яъни, уларга ҳажни билдиргин[2] дейилган.

Шаръий истилоҳда эса, у – махсус кўринишда, ривоят қилинган маълум лафзлар билан фарз намоз вақти (бўлгани)ни билдиришдир. Баъзи фуқаҳолар наздида эса бомдод намозига нисбатан фурсатнинг яқин қолганини билдириш азон ҳисобланади[3].

Алоқадор сўзлар:

а. دعْوَةُ  [даъватун] – даъват ва نِدَاءُ  [нида́ун] – нидо қилиш:

2. Бу икки лафз ҳам азон сўзига умумий маънода мувофиқ келади. Чунки улар чақириқ, нидо ва юзланишни талаб қилиш каби маъноларни англатади[4].

б. إقَامَةُ  [иқо́матун] – иқомат айтиш:

3. Луғатда иқоматнинг барқарор туриш, изҳор қилиш, нидо қилиш, ўтирган кишини тургазиш каби бир қанча маънолари мавжуд.

Шаръий истилоҳда иқомат – махсус кўринишда, ривоят қилинган маълум лафзлар билан намоз учун туришга чорлашдир[5].

в. تَثْوِيبُ  [тасвий́бун] – қайтиш, қайтариш:

4. Тасвийб луғатда қайтариш маъносини англатади. Азон бобида билдиришдан кейинги қайта билдиришга тасвийб дейилади. Яъни, барча фуқаҳолар наздида бомдод азонида икки “ҳаййа аъла”дан кейин “Ассолату хойрум минан навм” иборасини икки маротаба зиёда қилиш ёки ҳанафий уламоларимиз айтганидек азон ва иқомат орасида “ҳаййа аълас солати, ҳаййа аълал фалаҳи” иборасини зиёда қилиш тасвийбдир[6].

Азоннинг сифати (таклифий ҳукми):

5. Фуқаҳолар азон Ислом хусусиятлари ва юксак шиорларидан бири эканига иттифоқ қилганлар. Агар бир шаҳар аҳли азонни тарк қилишга келишиб олсалар, уларга қарши уруш қилинади. Аммо уламолар азоннинг ҳукми борасида ихтилоф қилишган. Баъзилар уни фарзи кифоя дейди. Бу сўз ҳанбалийлар наздида муқимлик пайтида ва моликийлар наздида шаҳар аҳли борасидаги ҳукмдир. Баъзи моликийлар уни жамоат масжидларида фарзи кифоя эканини айтганлар. Бу шофеъийларнинг ҳам бир фикридир. Шунингдек, имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилинган бир ривоят ҳам мазкур қарашни қувватлайди. Баъзи ҳанафий уламоларимиздан азоннинг фарзи кифоя экани нақл қилинган. Бу ҳанафий мазҳабимизнинг вожиб тўғрисидаги истилоҳларига биноандир. Бу қараш соҳиблари ўз қарашларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар намоз вақти бўлса, сизлардан бирингиз азон айтсин ва ёши улуғроғингиз имомлик қилсин”, деган сўзларини далил сифатида келтирганлар.

Ушбу ҳадисдаги буйруқ (азоннинг) вожиби кифоя эканини келтириб чиқаради. Қолаверса, азон Исломнинг улуғ шиорларидан. Шу сабаб у фарзи кифоя бўлади.

Баъзилар уни суннати муаккада деган. Бу ҳанафий мазҳабимиз наздидаги рожиҳ, шофеъийлар наздида энг саҳиҳ сўздир. Баъзи моликийлар: “Намозда шерик бўлишлари учун бошқаларни кутиб турган жамоат учун у суннати муаккада”, дейишган. Ҳанбалийлар наздидаги саҳиҳ қавлга кўра, азон сафар пайтида суннати муаккада бўлади. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилинган бошқа бир ривоятда азон мутлоқ суннати муаккада экани айтилган. Хироқий раҳматуллоҳи алайҳ айни шу фикрни олган. Азонни сунати муаккада деган уламолар ўз қарашларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозини енгил-елпи ўқиган аъробийга: “Шундай, шундай қил”, деганлари, унда таҳорат, қиблага юзланиш ва намозни рукнларини айтиб, азонни зикр қилмаганларини далил қилишади[7].

Юқорида айтилган ҳар икки фикрга қарамасдан, азон айтмасдан намоз ўқиган жамоанинг намози дуруст бўлади. Бироқ суннатга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига хилоф иш қилганлари учун гуноҳкор бўлишади.

Баъзилар: “Азон фақат жума намозида фарзи кифоя. Бошқасида эмас”, деган. Бу шофеъий ва ҳанбалийларнинг фикридир. Чунки азон – жамоатга чақириш. Жума намозида эса жамоат бўлиши вожиб. Жумҳур уламолар наздида бошқа намозларда жамоат тартибда йиғилиш суннат[8].

Азоннинг шариатга илк киритилиши:

6. Энг саҳиҳ қавлга кўра, азон ҳижратнинг илк йили Мадинада машруъ қилинган. Бу борада саҳиҳ ҳадислар бор. Жумладан: имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумадан ривоят қилган ҳадис. Ибн Умар розияллоҳу анҳума айтади: “Мусулмонлар Мадинага келган пайтларида (масжидда) тўпланиб ва намоз вақтини кутиб туришарди. Бир куни улар намозга бирор усулда чорлаш, ибодат пайти бўлганлиги ҳақида хабар бериш борасида гаплашиб қолишди. Баъзилар: “Насоролар  каби қўнғироқ чалган маъқул”, деди. Айримлар: “Яҳудийларга ўхшаб бурғудан фойдалансакчи”, деб маслаҳат берди. Умар розияллоҳу анҳу баҳсга аралашди: “Намозга чақирадиган бирор кишини тайинласакчи?!” Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Билол! Тур намозга чақир”, дедилар. Сўнг Абдуллоҳ ибн Зайд гап бошлади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни намозга тўплаш учун занг чалишга амр қилганларида кечаси туш кўрдим. Олдимдан занг кўтарган бир одам ўтди. “Эй Аллоҳнинг бандаси, зангни сотасанми?” дедим унга. У: “Буни нима қиласан?” деди. Мен: “У билан намозга чақирамиз”, дедим. У: “Сени бунданда яхшироқ нарсага далолат қилайинми?” деди. Мен рози бўлдим. У: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” дейсан, деб азон ва иқоматни охиригача айтиб берди. Тонг отиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, кўрган тушимни айтиб бердим. У зот: “Иншааллоҳ, бу ҳақ тушдир. Билолнинг ёнида туриб, иқоматни билдириб тур, У азон айтсин”, дедилар”[9].

Баъзилар: “Азон ҳижратнинг иккинчи йилида машруъ қилинган”, қабилидаги фикрлар билдиришади. Айримлар: “Азон ҳижратдан олдин, Маккада машруъ қилинган”, деб таъидлайдилар. Ушбу сўзлар саҳиҳ ҳадисларга зид келгани сабабли ҳақиқатдан йироқ ҳисобланади.

Ислом уламолари азоннинг шариатда мавжуд эканига иттифоқ қилган. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидан бугунги кунимизгача бирор ихтилофсиз амал қилиниб келмоқда[10].

Азоннинг машруъ қилиниш ҳикмати:

7. Азон намоз вақти кирганини билдириш, Аллоҳнинг исмини такбир ила улуғлаш, Унинг шариатини изҳор қилиш, Расулини улуғлаш ва одамларни нажотга чорлаш учун машруъ қилинган[11].

Азоннинг фазли:

8. Азон бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган энг улуғ амаллардан биридир. Унда кўплаб фазл ва улуғ ажрлар бор. Азоннинг фазли борасида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади. У зот: “Агар инсонлар азонда ва биринчи сафда нима (ажр) борлигини билганларида, сўнгра (унга эришиш учун) қуръа ташлашдан бошқа йўл топа олмаганларида, албатта, қуръа ташлаган бўлар эдилар”[12], дея марҳамат қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Муаззинлар қиёмат куни энг узун бўйли одамлар бўладилар”[13], дедилар.

Баъзи ҳанбалий, моликий ва шофеъий мазҳабининг фақиҳлари нақл қилинган хабарларга асосланиб муаззинликни имомликдан афзал санайдилар ва: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда халифалар ушбу амалга (муаззинликка) вақт ажратишга имконсизликлари учун ўзлари бевосита қилмаганлар. Шу сабабдан Умар ибн Хаттоб бир сўзларида: “Агар халифалик бўлмаганда азон айтган бўлардим”, деган экан”[14].

9. Азондаги фазл ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг азон айтишга ундаганлари эътиборидан фуқаҳолар: “Агар азон айтишга кўпчилик тортишиб қолса, муаззинлик шартлари тўла топилган киши энг аввал танланади. Агар мазкур шартларда кўпчилик тенг бўлса, ўрталарида қуръа ташланади”, дейишган. Бу ҳақида юқорида қайд этилган ҳадисда ҳам айтиб ўтилган эди. Ривоятга кўра, Қодисия куни азон айтиш борасида талашиб қолинди. Саъд розияллоҳу анҳу қуръа ташлаб, муаззинни аниқлаб бердилар[15].

Азон лафзлари (сўзлари):

10. Ҳанафий уламоларимиз ва ҳанбалийлар азон борасида Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу тушида кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берган ҳадисида келган лафзларни олганлар. Ушбу лафзлар қуйдагича:

Алло́ҳу акбар, Алло́ҳу акбар,

Алло́ҳу акбар, Алло́ҳу акбар,

Ашҳаду алла́ ила́ҳа иллалло́ҳ,

Ашҳаду алла́ ила́ҳа иллалло́ҳ,

Ашҳаду анна Муҳаммадар Росу́лулло́ҳ,

Ашҳаду анна Муҳаммадар Росу́лулло́ҳ,

Ҳаййа ъалас-сола́ҳ, Ҳаййа ъалас-сола́ҳ,

Ҳаййа ъалал фала́ҳ, Ҳаййа ъалал фала́ҳ,

Алло́ҳу акбар, Алло́ҳу акбар,

Ла́ ила́ҳа иллалло́ҳ[16].

Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу тушида одам қиёфасида кўринган фариштанинг азонини юқоридаги тартибда айтиб берган. Умар ва бир қанча саҳобалар уни баб-баравар маъқуллашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Зайдга: “Билолнинг ёнида туриб, тушингда эшитганларингни такрорлаб тур. У ўша (лафзлар) билан азон айтсин. Билолнинг овози сеникидан кучлироқ”, дедилар”[17].

Шофеъийлар Абу Маҳзура[18] розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисни олганлар. Бу ҳам Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг тушида ворид бўлган лафзларнинг айнан ўзи бўлиб, фақат унда таржиъ[19] зиёда қилинган[20].

Моликийлар ҳамда ҳанафий мазҳабимиздан Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳлар: “Азоннинг аввалидаги такбир тўртта эмас, балки охиридаги сингари икки марта айтилади”, деганлар. Чунки Мадинада яшаган салаф уламоларнинг амали шундай бўлган. Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ривоятда азоннинг аввалидаги такбир иккита экани айтилган[21].

(Давоми бор)

 

“Катта фиқҳ энциклопедияси”нинг нашрга тайёрланаётган иккинчи китобидан олинди.

 

 


[1] Ҳаж сураси, 27-оят.

[2] Лисонул араб. Мисбаҳул мунир фи ғариби шарҳил Кабир.

[3] Шарҳу мунтаҳал иродот. Дорул фикр нашри, 1-жилд. 122-бет. Ихтиёр ли-таълилил мухтор. Дорул маърифа нашри, 1-жилд. 42-бет. Минаҳул жалил. 1-жилд. 117-бет.

[4] Лисонул араб. Мисбаҳул мунир фи ғариби шарҳил Кабир.

[5] Лисонул араб. Шарҳу мунтаҳал иродот. 1-жилд. 122-бет. Муғнил муҳтож. Ҳалабий нашри, 1-жилд. 133-бет.

[6] Лисанул араб. Шарҳу мунтаҳал иродот. 1-жилд. 127-бет. Муғнил муҳтож. 1-жилд. 136-бет. Раддул муҳтор ала Дуррил мухтор. Булоқ нашри, 1-жилд. 260-261-бет.

[7] Муттафақун алайҳ. Луълуъ вал маржон. 224- рақам.

[8] Ал-Инсоф. 1-жилд. 407-бет. Ал-Муғний. 1-жилд. 417-418-бетлар. Мавоҳибул жалил шарҳи мухтасар Халил. 1-жилд. 422-423-бетлар. Ал-Мажмуъ шарҳул Муҳаззаб. 3-жилд. 81-бет. Муғнил муҳтож. Ҳалабий нашри, 1-жилд. 134-бет. Фатҳул қадир. 1-жилд. 209-210-бетлар. Ихтиёр ли-таълилил мухтор. 1-жилд. 42-бет.

[9] Ушбу ҳадисни Абу Довуд “Сунан”да Муҳаммад ибн Исҳоқ йўли орқали ривоят қилган. Термизий ривоят қилиб: ҳасан саҳиҳ ҳадис, деган. Яна айтган: Мен Бухорийдан ушбу ҳадис ҳақида сўрадим. У: Менинг наздимда саҳиҳдир, деди. Ибн Ҳиббон ва ибн Хузаймалар ҳам ривоят қилганлар. Байҳақий бу ҳадисни собит саҳиҳдир, деган. Насбур роя. 1-жилд. 259-бет.

[10] Ан-Нававий. Шарҳу саҳиҳи Муслим. 4-жилд. 75-бет. Субулус салам. 1-жилд. 188-бет. Раддул муҳтор ала Дуррил мухтор. Булоқ нашри, 1-жилд. 257-бет. Мавоҳибул жалил шарҳи мухтасар Халил. 1-жилд. 421-бет. Фатҳул қадир. 1-жилд. 167-бет. Ал-Муғний. 1-жилд. 403-бет.

[11] Баҳрур роиқ шарҳи Канзид дақоиқ. 1-жилд. 279-бет.

[12] Муттафақун алайҳ. Талхийсул ҳабир. 1-жилд. 209-бет.

[13] Ал-Муғний. 1-жилд. 402-бет. Мавоҳибул жалил шарҳи мухтасар Халил. 1-жилд. 422-бет. Иброҳим ибн Али Шерозий. Ал-Муҳаззаб. 1-жилд. 61-бет. Ушбу ҳадисни имом Муслим Муовиядан ривоят қилган. Талхийсул ҳабир. 1-жилд. 208-бет.

[14] Ал-Муғний. 1-жилд. 403-бет. Мавоҳибул жалил шарҳи мухтасар Халил. 1-жилд. 422-бет. Иброҳим ибн Али Шерозий. Ал-Муҳаззаб. 1-жилд. 61-бет. Ушбу асарни барча муҳаддислар Абуш Шайхдан ривоят қилганлар.

[15] Ал-Муғний. 1-жилд. 429-430-бетлар. Иброҳим ибн Али Шерозий. Ал-Муҳаззаб. 1-жилд. 62-бет.

[16] Ихтиёр ли-таълилил мухтор. 1-жилд. 42-бет. Ал-Муғний. 1-жилд. 404-бет.

[17] Абу Довуд, ибн Можа ва Термизий ривоят қилган. Термизий: ҳасан саҳиҳ ҳадис, деган. Сунан Абу Довуд. 1-жилд. 196-бет. Сунан Термизий. 1-жилд. 359-бет.

[18] Ушбу ҳадисни Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар ривоят қилган. Жомеъул усул. 5-жилд. 280-бет.

[19] 11-бандга қаранг. (тарж).

[20] Иброҳим ибн Али Шерозий. Ал-Муҳаззаб. Дорул маърифа нашри, 1-жилд. 63-бет.

[21] Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косоний. Бадоиъус саноиъ. 1-жилд. 147-бет. Фатҳул қадир. 1-жилд. 211-бет. Шарҳуз Зарқоний ала мухтасари Халил. Дорул фикр нашри, 1-жилд. 157-бет. Аш-Шарҳус сағир. Дорул маъориф нашри, 1-жилд. 249-бет. Фавокиҳуд давоний ала рисолати ибн Абу Зайд Қайравоний. Дорул маърифа нашри, 1-жилд. 202-бет.

 

azon.uz

Read 4369 times
Tagged under

Мақолалар

Top