Мақолалар

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга муносабат

Оиланинг муқаддас эканлиги шу даргоҳда инсон насл-насабини давомчилари дунёга келишидир. Оила сўзи “Аёл” сўзидан иштиқоқ қилинган бўлиб, оила деганда аёл тушунилади. Демак, аёл муқаддас ҳисобланар экан.

Муқаддас динимизда аёлларнинг алоҳида тутган ўрни бор. Жамиятда унга ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб берди. Исломдан олдин нафақат жоҳилият арабларида, балки бутун ер юзида аёл зоти хўрланаётган эди. Бунга тарих гувоҳ. Аёл кишини инсон сифатида тан олишмас эди. Жоҳилият араблари ҳатто ўзларининг қизларидан ҳам нафратланишган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай хабар берган:

“Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир” (“Наҳл” сураси, 58, 59-оятлар).

Минг афсуслар бўлсинки, бугунги замонамизда ҳам, жаҳолат қолдиқларидан баъзи ҳолатларни кўриб, наҳотки шунчаликка боришадими деб истиғфор айтишдан нарига ўтмайсиз.

Самарқанд шаҳрида юз берган воқеа бутун Ўзбекистон халқини тинчини бузди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган аёлнинг эри томонидан шафқатсизларча калтакланиши аёлнинг оиладаги ўрнини билмасликдан бошқа нарса эмас. Кишини яхши ёки ёмон эканини билиш учун динимизда бир қоида бор. Пайғамбаримиз муборак ҳадисларида: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муносабатда бўлганингиздир”, деб марҳамат қиладилар. Оила раҳбари эркакнинг зиммасига аҳли-аёлини моддий ва маънавий томонлардан ўз ҳимоясига олиши вазифа қилиниб белгиланган. Шундай экан эр кишилар бу масалада эътиборли бўлишлари жуда зарур.

Ижтмоий тармоқларда тарқалган, қалбни оғритадиган мазкур ҳолатни содир этган эркак кишининг ҳатти-ҳаракати мусулмон кишининг қиладиган иши эмаслигини айтиб ўтамиз. Тезроқ тавбага шошилишини маслаҳат берамиз. Акс ҳолда Аллоҳнинг ғазаби қаттиқдир.

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилоят бош имом-хатиби

Read 1963 times

Мақолалар

Top