Мақолалар

Дангасаликнинг сабаблари I 3-сабаб: Ҳимматсизлик

Ҳар қандай ишда ҳимматлилик яъни: тиришқоқлик ва ғайратли бўлиш кўзланган ва мақсад қилинган ишларга эришиш омилидир. Зеро, кишининг олий ҳимматлилиги нажот топиш белгиси бўлса, бунинг акси эса маҳрум бўлиш белгисидир.

Иродасизлик ва ҳимматсизлик кишининг қалб идрокини заифлигидан далолатдир. Қачонки ҳиммат олий ва ирода бақувват бўлса, шундагина қалб ҳаётга теран назар солади.

Қуръонда ҳиммати олий бўлган кишилар мақталган: “Биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир” (Тавба сураси, 100-оят).

Ислом тарихидан муҳожир ва ансорларнинг қай даражада ҳимматли ва ғайратли бўлганларини яхши биламиз. Уларнинг бу сифатга эга бўлганлари учун ҳам Аллоҳ таоло уларни мадҳ қилиш билан бир қаторда, уларга охиратда берилажак мукофотлар башоратини ҳам берди.

Бошқа бир оятда эса: "(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбиҳ айтурлар. Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар" (Нур сураси, 36-37 оятлар).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин, Аллоҳ таолога кучсиз мўминдан суюклироқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ҳиммати ва иродаси кучсиз бўлган дангаса кишилар эса Қуръонда қораланади: "Уларга оятларимизни берганимизда, улардан ўзини олиб қочган ва уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган шахснинг хабарини тиловот қилиб бер! Агар хоҳласак, уни ўша (оят)лар билан кўтарар эдик. Лекин унинг ўзи ерга ёпишди ва ҳавои нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайди, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверади, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверади. Бу бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Бу қиссани ҳикоя қил, шоядки тафаккур қилсалар" (Аъроф сураси, 175-176-оятлар).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло темир қалқон ўғирлаб, қўли кесилган ва арқон ўғирлаб қўли кесилган ўғрини лаънатлади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Уламолар ушбу ҳадисдан ҳимматсиз ва ғайратсиз дангаса кишидан яхшилик умид қилинмаслиги ва шу йўсинда яшар экан ундан фойда умид қилинмаслиги намоён бўлади деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган кишилар олдида тўхтаб, бундай дедилар: “Сизларга яхшингиз ва ёмонингиз ҳақида хабар берайми?”. Улар сукут қилишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч маротаба сўрадилар. Шунда бир киши: "Ҳа Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг яхшимиз ва ёмонимиз кимлиги ҳақида хабар беринг", деди. “Сизларнинг яхшингиз, ундан яхшилик умид қилинадигани ва унинг ёмонлигидан омонда бўлинадигандир. Сизларнинг ёмонингиз, ундан яхшилик умид қилинмайдигани ва унинг ёмонлигидан омонда бўлинмайдиганидир”, дедилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, динда ҳам, дунёда ҳам барчамиздан ҳимматлилик, тиришқоқлик ва ғайратли бўлиш талаб қилинади. Шундагина барчамиз дунё ва охиратда кўзлаган мақсадларимизга эриша оламиз. Аллоҳ таоло барчамизга ҳимматни бериб, дангасаликдан йироқ қилсин.

Абдураҳмонов Яҳё Убайдуллоҳ ўғли,

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби

Read 2082 times

Мақолалар

Top