Мақолалар

Ҳаётимни янгидан бошламоқчиман
Президентимизнинг яқинда Мустақиллик байрами арафасида қабул қилинган “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 113 нафар фуқаро афв этилди.

Билиб-билмай тўғри йўлдан адашганлар орасида Ҳурматилло Хўжаев ҳам бор. У Андижон шаҳридаги Ал-Бухорий маҳалласидаги Мумтозбегим кўчасида яшайди. Суҳбат жараёнида Ҳурматилла кўплаб режалари борлигини, ёнига фарзандларини олиб астойдил меҳнат қилишини айтди. Тинч замон, одил Юртбошимиз, кечиримли халқимиз олдида қарздор эканини бот-бот такрорлади. 4 йилу 10 ой 28 кун. Бу муддатнинг ҳар лаҳзаси Ҳурматиллонинг юрагида, шуурида соат кафтгиридек бонг урган. Вақт жуда секин, баъзида тўхтаб қолгандай туюлган.

– Аслида вақт жуда тез ўтаркан. – дейди у биз билан суҳбатда. – Буни “ташқари”да билдим. Шундан бўлса керак, яхшиликка, эзгуликка улгуриб қолай дейсан. Тадбиркорлик билан шуғулланар эдим, ёмон адашдим. Озодликнинг, ҳурликнинг тотини тутқун бўлган одам юрак-юрагидан ҳис қилади. Давлатимиз раҳбарининг муруввати, кечиримлилиги туфайли оилам бағрига, хонадонимга қайтдим. Атрофдаги ўзгаришлар мени лол қолдирди..

Олти нафар фарзандим бор. Каттаси 24 ёшда. Олийгоҳнинг 3-курсида ўқийди. Яна бири мактабни бу йил олтин медалга битирди. Кенжатойим 12 ёшда. Уларнинг ютуғини кўриб, ота-онанинг айбу хатолари фарзандларга дахл қилмайдиган адолатли замонда яшаётганимдан мамнун бўлдим. Афсус, болаларимнинг бу ютуқларида менинг ҳиссам йўқ. Аксинча, булар мен қочган, шунча йиллар ёмон кўрган давлатимиз яратиб берган имкониятлар самарасидир.

Шаҳримизда бунёд этилаётган замонавий иншоотлар, янги-янги маҳаллаларни кўриб, кўзингиз қувнайди. Мана шу ўзгаришлар мен каби адашганларни “Энди хато қилмаслигим керак”, деган бонг билан ҳар дақиқа безовта қилиб туриши шарт. Президентимизнинг ишончини оқлашга, оиламни ҳеч кимдан кам қилмасликка аҳд қилганман.

Менинг оғир жиноятимни афв этган Президентимиздан бир умр миннатдорман. Халқимиз кечиримли, Юртбошимиз бағрикенг. Ҳаётимни янгидан бошламоқчиман. Энди умрим бўйи мана шу бағрикенгликни оқлаш, халқимизга, озод ва обод юртимизга ҳалол ва садоқат билан хизмат қилишга ваъда бераман.

Ҳокимлик Андижон туманидан 1 гектар ер берди. Боғдорчилик илмини ўрганяпман. Насиб бўлса, яқин йиллар ичида боғимда етилган дармондориларга бой меваларни нафақат ички бозорда , балки хорижда ҳам татиб кўришади.

Ҳурматиллонинг яхши ниятлари қанот ёзиши учун ўзи айтганидай, астойдил меҳнат қилиши керак. Асосийси, у тўғрилик, яхшилик сари дадил қадам ташлади.

Авф этишни амалга ошириш бўйича Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, ҳокимликлар билан ҳамкорликда афв этиш актининг қўлланиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва озодликка чиққан фуқароларни ижтимоий ҳимояга олиш борасида ташкилий-маърифий ишлар олиб борилмоқда. Жазони ижро этиш муассасаларидан афв этилаётган шахсларни профилактик ҳисобга қўйиш, кўникма маркази томонидан моддий ёрдам кўрсатиш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, бандлигини таъминлаш ва бошқа масалалар бўйича зарур вазифалар белгилаб олинган.

Саломатлигидан шикоят қилган ёки бирон касаллик аниқланган шахсларнинг даволанишига, фуқаролик паспортини йўқотган бўлса, уни қайта олишига, шу каби бошқа ҳаётий масалаларда муаммога дуч келганларга яқиндан кўмаклашиляпти.
 
 
ЎзА
Read 1966 times

Мақолалар

Top