Мақолалар

Мавританияда ислом

Жойлашуви. Африканинг шимоли-ғарбида жойлашган. Жазоир, Мали, Ғарбий Саҳрои Кабир ва Сенегал билан чегарадош. Ғарбий қирғоқларини Атлантика океани ювиб туради. Мамлакатнинг кўп қисми ғарбий Саҳрои Кабирнинг қумли ва тошлоқ чўллари, Атлантика океанига туташ соҳил пасттекисликдан иборат. Маъмурий жиҳатдан мамлакат 12 вилоятга бўлинади.

Тарихи. V–XI асрларда Мавританиянинг жанубий қисми Ғарбий Африка давлатлари таркибида бўлган. XIII–XIV асрларда жанубий қисми Мали давлатига қўшилгандан кейин араблар ҳукмронлиги кучайди.

1783 йилга келиб, Мавритания соҳиллари Францияга тобе бўлиб қолди. 1920 йил мамлакат расмий равишда Франция мустамлакаси деб эълон қилинди. 1960 йил 28 ноябрда Нуакшотда мустақил Мавритания Ислом Республикаси тузилгани эълон қилинди. 1961 йил майда давлат Конституцияси қабул қилинди. 1961 йил ноябрдан БМТ аъзоси. Мустақиллик куни (28 ноябрь) миллий байрам сифатида кенг нишонланади.

Мамлакат туб аҳолисининг 80 фоиздан кўпроғини маврлар ташкил этади. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у зотнинг саҳобалари сўзлашган соф адабий араб тилида сўзлашади. Барбарзенагалар, фулбе, волоф, тукулер, сонинке ва бошқа халқлар ҳам яшайди. Аҳолининг 62 фоизига яқини шаҳарларда истиқомат қилади.

Иқтисоди. Мавритания кам ривожланган аграр давлат бўлиб, тоғ-кон саноати яхши ривожланган. Саноатнинг асоси – темир рудаси, олтин, мис ва гипс қазиб олишдир. Саноат корхоналарининг аксарияти Нуакшот шаҳрида жойлашган. Ҳудудининг 40 фоизи яйловлардир. Тариқ, маккажўхори, дуккаклилар, шоли, ерёнғоқ, хурмо асосий озиқ-овқат экинлари ҳисобланади. Мамлакатда балиқчилик муҳим аҳамиятга эга.

Тез-тез бўлиб турадиган қурғоқчилик қишлоқ хўжалигига катта зарар етказади. Шу боис, қишлоқ хўжалиги анча заиф. Унинг асосий тармоғини кўчманчи ва ярим кўчманчи чорвачилик ташкил этади. Қорамол, туя, қўй, эчки, эшак, от боқилади. Балиқ ва денгиз жониворлари овланади. Сенегал дарёси бўйида ва воҳалардагина деҳқончилик қилинади. Четга темир рудаси, олтин, гипс, балиқ ва балиқ маҳсулотлари, чорва, тери кабилар чиқарилади.

Таълим ва маданият. Мажбурий бошланғич таълим жорий қилинган бўлса-да, ёшларнинг оз қисми мактабга қатнайди. Мамлакатда 1214 дан ортиқ бошланғич ва 51 та ўрта мактаб фаолият юритади. Таълим икки босқичдан, бошланғич (6 йил) ва ўрта мактаб (6 йил)дан иборат. Бошланғич мактабларда дарc араб тилида, ўрта ва олий мактабларда эса француз тилида олиб борилади. Бошланғич мактабларда француз тили ҳам ўргатилади. Нуакшотда Миллий университет, Педагогика институти, Кончилик институти, Бутилимит шаҳрида Олий Ислом тадқиқот институти бор. Ёшларнинг аксарияти Франция, Сенегал ва бошқа мамлакатларнинг университетларига бориб ўқийди.

Анъанавий ҳунармандчиликка катта эътибор берилади, уни ривожлантириш рағбатлантирилади. Металл, сопол, чарм, ёғоч кабилардан буюмлар ясаш амалий безак санъати сифатида ўзига хос услубда ривожланган. Заргарлик ва кулолчилик ҳам равнақ топган.

Милодий VII–XI асрларда савдо йўлларида, қудуқлар атрофида боғлар, тош уйлар қад кўтара бошлаган. XI–XII асрлардан эса тўғри бурчакли, ясси томли, ички ҳовлили уйлар барпо этилган.

Дини. Мавританияда Ислом дини расмий дин сифатида қабул қилинган. 0,1 фоиз аҳоли турли маҳаллий динларга эътиқод қилади. XVI–XVII асрларда насронийликнинг католик йўналиши ҳам тарқала бошлаган. Лекин мамлакатда саноқли кишигина ушбу дин вакили ҳисобланади.

Мамлакатга VIII аср бошларидан Ислом дини кириб кела бошлаган. Аҳолининг 99,6 фоизи мусулмон. Моликий мазҳаби кенг тарқалган. 1980 йил ҳукумат томонидан шариат кўрсатмалари давлат қонуни сифатида қабул қилинган. Шу боис, мамлакат суд-ҳуқуқ тизими Ислом шариати асосида тартибга солинади. Мавританияда саккиз мингга яқин масжид мавжуд бўлиб, улардан энг қадимийси XIII–XIV асрларда барпо этилган “Шингетти” жоме масжидидир. Масжид ва унинг минораси Мавритания давлатининг миллий рамзи саналади. Масжид 1970 йили ЮНЕСКОнинг ҳамкорлигида қайта таъмирланган ва 1996 йил Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Нуакшот шаҳрининг жануби-ғарбий қисмидаги “Кабир” жомеи мамлакатнинг энг йирик масжиди ҳисобланади.

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2021 times

Мақолалар

Top