Мақолалар

Тил – ё нажотга ё ҳалокатга элтади

Тупроқдан инсонни яратиб, унинг сувратини чиройли, бекаму кўст, мўътадил қилиб яратган ва унга нутқ қилиш қобилиятини берган Раҳмон исмли Аллоҳ таолога хамду санолар бўлсин. 

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, бас яхши гапни гапирсин ёки жим турсин», деб айтган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога мукаммал салоту саломлар бўлсин. 

Аллоҳ таоло инсонни ер юзидаги маҳлуқотлари ичида энг афзали қилиб яратган. Ҳар бир берилган неъматларни агар санамоқчи бўлсак, батаҳқиқ унинг саноғига етолмаймиз. Аллоҳ таоло инсонни тўла-тўкис, мўътадил ва энг чиройли суратда яратганлигини Ўз каломи Қуръони каримда очиқ-ойдин баён қилган. Инсонда бўлган буюк неъматлардан бири бу тилдир. Аллоҳ таоло бу ҳақида Қуръони каримда қуйидагича баён қилади. 

و لساناو شفتين 

«(Биз инсонга) тил ва икки лабни (бермадикми)?» (Балад сураси, 9-оят). 

Бу ояти карима орқали Аллоҳ таоло инсонга бу икки аъзоларни ўзи ато қилганлигини айтмоқда. Агар ҳар бир инсон ўзининг аъзоларининг ҳаракати, хизмати ва манфаатларига, жумладан, тилига тафаккур назари билан эътибор қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани ҳикмат билан, беҳудага яратмаганлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилади.

«(Аллоҳ) инсонни яратди, унга баённи ўргатди». 

Ушбу ояти каримадаги баёндан мурод нутқ қилиш, сўзлаш ва ҳоказолардан иборатдир. Нутқ қилиш, баён қилиш қобилияти Аллоҳ таолонинг инсонга берган улкан неъматларидан бири ҳисобланади. Айнан ушбу неъмат билан инсон ўзга жонзотлардан ажраб туради. Бошқа жонзотларнинг овози асосан тақлидий ёки фикрсиздир. Инсон турли товушлардан сўз ясайди, сўзлардан эса жумлалар тузади, жумлалардан нутқ қилади. Баён қилиш, нутқ қилиш неъмати инсоннинг ўз ҳис туйғуларини, хотираларини, таассуротларини гап оркали ифода қилиш қобилиятидир. Аллоҳ таоло ҳар бир берган неъматини ўз бандасига инъом этган экан, банда ҳам ўзига берилган неъматларини қадрлаб, Аллоҳ таолони рози қиладиган амалларга ишлатсагина унинг шукронасини адо қилган бўлади. Жумладан, инсон тили билан яхшиликка далолат қилувчи маъруф, ҳикматга бой сўзларни гапириб, унинг акси бўлган сўзлардан тилини тийиб ҳаёт кечирса, тилнинг шукрини адо қилган бўлади. Тил билан сўзлаш Исломда шунчалик жиддийки, ҳаттоки инсон бир оғиз сўз билан мўъмин ёки муртад бўлиши, жаннатий ёки дўзахий бўлиши мумкин. 

Самовий динларнинг охиргиси барча замон ва маконларда инсонни икки дунё саодатига етакловчи сўз жавобгарлигини, яъни Исломда банда тили билан айтган ҳар бир сўзига қиёматда жавобгар эканлигини кўп маротаба таъкидлайди. 

Энди ушбу мавзуга оид Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан айтилган ҳадиси шарифлар билан мавзуни янада ёритамиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича баён қилади. 

 

إذ يتلقى اليمين و عن الشمال قعيد . ما يلفظ من قول الا لديه رقيب عتيد 

«Вактики икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар» (Қоф сураси 17-18 оятлар). 

Ушбу икки оятдан маълум бўлишича, ҳар бир инсоннинг икки тарафида икки фаришта жойлашган бўлиб, улар инсоннинг ҳар бир амали ва сўзларини кутиб олади ва улар шунга вакил қилинганликлари учун инсоннинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз, ҳар бир амал уларнинг назарларидан четда қолмай дарров ёзиб қўядилар. 

Али ибн Аби Талҳа Абдуллох ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у зот «Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар» ояти ҳақида: «Ҳар бир яхши-ёмон гап ёзиб борилади, ҳаттоки «едим, ичдим, бордим, келдим, кўрдим» кабилар ҳам. Пайшанба куни унинг амаллари ва гапи арз қилинади, яхшилиги, ёмонлиги бори қолади, қолгани ташлаб қолдирилади», деган эканлар. 

Шунинг учун ақл эгаси бўлган ҳар бир киши гапиришдан олдин ақл тарозусида тортиб, гапирганда гуноҳкор бўлмаслик эҳтимоли бўлса, гапириши керак, бўлмаса сукут сақлаши, жим туриши афзал ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сурасидаги 83-оятда шундай марҳамат қилади. 

و قولوا لناس حسنا 

«Одамларга яхши гаплар айтинг»

Ушбу оятдаги яхши гаплардан мурод яхшиликка буюриш ва ёмонликдан кайтариш, муомалада юмшоқ табиатли ва кечиримли бўлиш, шу билан бирга яхши сўзларни сўзлашдан иборатдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда яна қуйидагича марҳамат қилади: 

قول معروف و مغفرة خير من صدقة يتبعها آذا و الله غني حليم

«Яхши сўз ва кечириш ортидан озор келадиган садақадан яхшироқдир ва Аллоҳ Ғаний ва Ҳалийм Зотдир» (Бакара сураси, 263-оят).

Ушбу ояти каримада бировга миннат қилиб ва озор бериб садақа ёки эҳсон қилгандан кўра ширин сўзли ва кечиримли бўлиш яхширок эканлигининг баёни келмоқда. Чунки инсон миннат қилиб берган садақасидан савоб олмайди, лекин қалбга малҳам бўладиган ширин сўзи учун савоб олади. Бу билан Исломда оғиздан чиқадиган ҳар бир сўз қанчалик аҳамиятли эканлигини биласиз. 

و عن أبى هريرة رضى الله عنه عن النبى صلى الله عليه و سلم قال: من كان يومن بالله و اليوم الآخر فليقل خيرا او ليصمت (رواه الأربعة)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин», дедилар. 

Ушбу ҳадиси шарифга чуқурроқ эътибор қиладиган бўлсак, Аллоҳ таолога иймон келтирган ҳар бир мўмин эркак ёки мўмина аёл «Мен Аллоҳга иймон келтирганман, қалбимда иймоним бор» деб даъво қилса, бас қачон бир гапни гапирмоқчи бўлиб, у яхшиликка далолат қилувчи гап бўлса, ана ўшандай пайтда гапириши кераклиги ёки унинг акси бўладиган бўладиган бўлса, жим туриши лозимлиги таъкидланмоқда. Чунки ҳадисда فليقل сўзи буйруқ маъносида келмоқда. Яъни яхши гапни гапиришга қодир бўлмаса, ёмон, қабиҳ гапларни гапириб гунохқор бўлгандан кўра, гапирмасдан жим туриш афзал ҳисобланади. Шунинг учун ҳам тилни тийиб, жим туриш юксак фазилат ва гўзал одоб бўлганлигидан, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу амалга буюрмоқдалар. 

Халқимизда «Тилингга эрк берма», «Бир гапдан колсанг, ютасан», «Инсоннинг бошига келадиган бало тилидандир», «Билдим дединг тутилдинг, билмадим дединг қутулдинг» каби тилга оид бир қанча мақоллар мавжуд бўлиб, буларнинг асл негизи динимиз таълимотига бориб тақалади. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни машҳур саҳобийлардан бирлари Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуга насиҳат қила туриб, шундай деганлар:

عليك بطول الصمت، فإنه فطردة الشيطان، و عون لك على امر دينك. (رواه احمد)

«Сен ўзинг учун (кўпроқ) жим туришни лозим тутгин, чунки жим туриш шайтонни қувувчи ва сенга дининг ишида ёрдамчидир», дедилар. 

Бу ҳадисдан ёмон гап гапиришнинг ўрнига сукут сақлаш инсон учун қанчалик яхши фазилат эканлиги, икки дунёда саодат келтиришини билиб оламиз. Чунки икки киши оғзаки жанжаллашса, улардан қайси бири оғир бўлиб сукут сақласа, Аллоҳ таолонинг ҳузуридан уни ҳимоя қилиш учун бир фаришта нозил бўлади, акс ҳолда иккаласи ҳам жанжаллашса, шайтон ҳозир бўлади. Сўзимизнинг исботини қуйидаги ривоят қилинган ҳадисдан ўрганамиз. 

عن سعيد بن المسيب رضى الله عنه قال: بينما رسول الله صلى الله عليه و سلم جالس فى اصحابه وقع رجل بأبى بكر فاذاه فصمت عنه أبو بكر، ثم أذاه الثانية قصمت عنه، ثم اذاه الثالثة، فنتصر أبو بكر رضى الله عنه فقام رسول الله صلى الله عليه و سلم، فقال أبو بكر اوجدت على يا رسول الله. قال لا و لكن نزا ملك من السماء بكذبه بما قال، فلما إنتصرت ذهب الملك و قعد الشيطان فلم اكن لأجلس إذا فقعد الشيطان. (رواه أبو داود) 

Саъид ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобалари билан суҳбат қуриб ўтирган эдилар. Суҳбатда ҳозир бўлганлардан бири Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга озор берди (бошқа ривоятда – сўкди). Абу Бакр Сиддиқ розияллоху анҳу эътибор бермасдан жим ўтиравердилар. Ҳалиги одам у кишига иккинчи марта озор берди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу яна жим ўтиравердилар. Кейин учинчи марта озор берганда Абу Бакр Сиддиқ розияллоху анҳунинг ғазаблари чиқдида, унга жавоб бердилар. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирдан ўринларидан туриб, жўнаб қолдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у зотга мурожаат қилиб: «Мендан аччиғингиз чиқдими, ё Аллоҳнинг Росули?» деб сўрадилар. У зот «Унинг сенга айтган гапининг ёлғонлигини билдириш учун осмондан фаришта тушган эди. Қачон сен унга жавоб қайтарганингда фаришта кетиб, ўрнига шайтон ўтириб олди. Шайтон ўтирган жойда мен ўтира олмас эдим», дедилар. 

 Бу ҳадисдан тилни тийиб, жим туриш юксак фазилат эканлигини билиб оламиз. Албатта, бундай фазилатли амалдан ҳар бир киши бебаҳра қолиши керак эмас. Ўтган улуғларимиз ҳаётларининг ҳар бир жабҳасида бизга ана шундай ибрат бўлганлар. Мўмин банда беҳуда сўзлардан тилини тийиши керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича баён қилади: 

قد أفلح المومنون الذين هم فى صلاتهم خشعون. و الذين هم عن اللغو معرضون. و الذين هم للزكوة فعلون. 

«Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир. Улар закотни адо қилгувчилардир» (Мўминун сураси, 1-3-оятлар). 

Аллоҳ таоло ушбу оятлар орқали мўмин бандаларини аниқ нажотга эришишларини хабар қилмоқда, лекин бунга баъзи бир амалларни боғлаб, уларни адо килиш шартини ҳам айтмоқда. У ҳам бўлса мавзуимизга оид «Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир», дейилмоқда. Беҳуда нарсалардан мурод кераксиз сўз, беҳуда иш, беҳуда фикр, умуман мўмин киши қилса, савоб олмайдиган ишлардир. Тилни беҳуда нарсалардан узоқ қилиш, беҳуда сўзларни тарк қилиш нажотга эришишнинг асосий рукни ҳисобланиб, инсонни комилликка етакловчи омил ҳисобланади. Шунинг учун оятларнинг кетма-кет келишига яхшироқ назар ташлайдиган бўлсак, биз ўрганаётган мавзуга тегишли бўлган оят иккита фарз орасида, яъни намоз ва закот зикр қилинган оятларнинг ўртасида келмоқда. Қасос сурасининг 55-оятида Аллоҳ таоло мўмин бандаларини мақтаб, қуйидагича баён қилади: 

و إذا سمعوا اللغو اعرضو عنه 

«Қачонки беҳуда нарса эшитсалар, ундан юз ўгирурлар». 

Оятда ҳақиқий мўмин банда беҳуда сўзлардан тилини тийиш билан бирга, уни эшитишдан ҳам ўзини сақлаши кераклигига ишора қилинмоқда. Чунки беҳуда, ноўрин гап сўз нафақат вақтни, балки ақл-заковатни, соф инсоний ҳис туйғуни ҳам зое қилади. Беҳуда гап-сўзлар билан тилни машғул қилиш инсонни фақатгина пасткашликка ва қалбнинг бузилишига олиб боради. 

عن إبن عمر رضى الله عنه عن النبى صلى لله عليه و سلم قال: "لا تكثروا الكلام بغير ذكر الله فإن كثرة الكلام بغير ذكر قسوة للقلب و إن أبعد الناس من الله القلب الناسى"

Ибн Умар розияллоху анҳудан ривоят қилинади: 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг зикрисиз гапни кўпайтирманглар. Чунки Аллоҳнинг зикрисиз гапни кўпайтириш қалбни қаттиқ қилади. Аллоҳдан энг узоқ киши қалби қаттиқ кишидир, дедилар. 

Бу ҳадисда фақат Аллоҳ таолони зикр қилиб гапириш, яъни Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу Акбар ва ҳоказо зикрларни айтиб юришга тарғиб қилинмоқда. Яна бир нарсани яхшилаб тушуниб олишимиз керакки, бундан зикрдан бошқа сўзни айтиш мумкин эмас экан деган хулосага бормаслик керак. 

Аллоҳнинг зикрисиз сўздан мурод гапирганда ёки эшитганда номаи аъмолига гуноҳ бўлиб ёзиладиган гаплардир. Мисол учун, ғийбат, ёлғон, бўҳтон, лағв, яъни беҳуда, фаҳшга ва гуноҳ ишларга далолат килувчи сўзлар шулар жумласидандир. 

عن سهل بن سعيد رضى الله عنه عن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال: "من يضمن لى ما بين لحييته و ما بين رجليه اضمن له الجنة ". (رواه الشيخان و الترمذى)

Саҳл ибн Саъд розияллоху анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасидаги нарсани ёмонликдан тийиш кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман», дедилар. 

Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўлмоқдаки, инсон тили ҳамда фаржини фаҳш, яъни ҳаром ишлардан тийиб юриш кафолатини берса, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай кишига жаннатнинг кафолатини бермоқдалар. 

Азизлар! Бу башоратли хабарга қалб кўзимиз ила диққат билан назар солайлик. Барчамиз учун, ҳатто ота-онамиз, аҳлу аёл, фарзандларимиздан, молу мулк хамда ўз нафсимиздан ҳам кўра кўпроқ яхши кўришга ҳақли зот, охирзамон Пайғамбари, меҳрибон шафоатчимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай мўътабар ваъдани бермоқдалар. Ҳақиқатан ҳам, у зот қиёматгача келадиган ҳар бир уммат учун ўрнак ва намуна бўлишга ҳақли зот ҳисобланадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапирганларида чиройли овозда, эшитадиган кишининг қалбига малҳам бўладиган қилиб гапирардилар. У зоти бобаракот гапирганларида шошилмасдан, дона-дона қилиб, ҳаттоки эшитувчи одам санаб улгурса бўладиган даражада гапирар эдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш сўзларни умуман тилларига олмаганлар. У зоти бобаракотнинг муборак оғизларидан фақатгина ҳикматга бой сўзлар чиққан. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари, мўминларнинг оналари, у зоти бобаракотнинг муборак хонадонларида хизматда бўлган ходимлари ва саҳобаи киромлар розияллоҳу анҳумлар томонларидан қилинган ривоятлардан маълум бўлишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳар бирлари билан фақат ширин сўз билан муомала қилганликлари ривоят қилинади. 

عن إبن سعيد رضى الله عنه عن النبى صلى الله عليه و سلم قال: "إذا اصبح إبن آدم فإن الأعضاء كلها تكفر اللسان فتقول إتق الله فينا فإنما نحن بك فإن إستقمت إستقمتنا و إن اعوججت اعوججنا ". (رواه الترمذى)

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Одам боласи тонг оттирса, унинг барча аъзолари тилга зорланиб «Бизнинг ҳаққимизда Аллоҳдан қўрқ! Албатта, биз сенга боғлиқмиз. Агар сен тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз. Агар сен эгри бўлсанг, биз ҳам эгри бўламиз» дерлар». 

Бу ҳадисдан тил инсондаги ҳар бир аъзонинг фаолиятига ижобий ёки салбий томондан жиддий таъсир этиши мумкинлиги маълум бўлмоқда. 

Тилни тийиш ҳақида ҳакимларнг таърифлари:

«Тил инсон аъзолари ичида энг кучлиси хисобланар экан» 

«Тилни тийишни ўзингга лозим тут, ҳаким бўласан»

«Кимнинг сўзи озуқали, тили ёмон сўзлардан тийилган бўлса, бахтга эришибди». 

«Тилни тийишни ўзингга лозим тут, бас албатта, у сенга соф муҳаббатни ато этади, оқибатнинг ёмонлигидан сенга паноҳ бўлади ва сенга виқор либосини кийдиради». 

«Жоҳиллар билан ўтириб қолсанг ҳам, олимлар билан ўтириб қолсанг ҳам, тилингни тийиб жим тур. Бас, албатта, жоҳилларнинг олдида тилингни тийиб жим туришинг ҳам, олимлар олдида тилни тийиб жим туришинг ҳам илмда зиёдаликдир»

«Кимнинг сўзи кўп бўлса, хатоси кўп бўлади». 

«Инсон ақлдан жудо бўлса, гапирганда нуқсонга учрайди». 

«Тил инсоннинг вазиридир». 

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Аббос розияллоху анҳуга: «Гўзаллигингиз мени ажаблантиради» дедилар. У киши: «Инсоннинг гўзаллиги нима, ё Аллоҳнинг Росули?» дедилар. Пайғамбар Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг тили» дедилар.

Демак, ушбу ҳадисдан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, тил инсоннинг гўзаллиги ҳисобланар экан. Бу гўзал неъматдан бу дунёдаги ҳаётимизда динимиз кўрсатган тарзда фойдаланиб, қайтарганидан қайтиб, гўзал амаллар қилишга ошиқайлик. 

Ушбу юқоридаги сатрларда келган маълумотлар динимизда тил ҳақида келган маълумотлар олдида денгиздан бир томчи, десак муболаға бўлмайди. Аллоҳ таоло ҳар биримизнинг тилимиздан фақат Ўзи ва Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўладиган сўзларни сўзлаб, улар қайтарган фаҳш ва беҳуда сўзларни тарк қилиб, қиёматда Ўз жамолини кўришга ошиқиб яшашимизни насиб этсин. 

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоху ва барокатуҳ. 

Нажмиддин Ҳасанов,

тайёрлади

Read 3054 times

Мақолалар

Top