Мақолалар

“Одноклассник” ка бой берилган бахт

 

Ҳозирги вақтда оилалардаги  ажримларнинг кўпайиб кетиши сабабларидан бири ижтимоий тармоқлар эканлиги кўпчиликка сир эмас.

Янги оила қураётган  ёшлар ҳаётга  ёши катталарга нисбатан енгилроқ қарайди.  Чунки ёш келин-куёвлар  ҳамма нарсага бирданига эришадилар, шунинг учун ҳам уларга бахт тушунчаси, оила мустаҳкамлиги  деган иборалар  қадрсиз бўлиб бормоқда.

Манзура ота-онасининг совғасидан хурсанд бўлиб кетди. Ахир неча йиллардан бери  телефон олишни орзу қилиб юрарди.  Фарзандларини мактабга, боғчага жўнатиб,  мактабдош дугонасиникига борди. Телефонига ҳар хил дастурларни ўтказиб, дугонасининг ёрдамида  “синфдошлар” гуруҳига аъзо ҳам бўлиб олди.  Бора-бора телефон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб борарди. Авваллари  турмуш ўртоғини  келиши интизорлик билан кутиб оларди, энди эса эрининг кечроқ, янаям кечроқ келишини истарди.

Телефонидаги “синфдошлар” гуруҳига  очдию, янги синфдош қўшилганини кўриб, профили билан танишиб чиқди. Юраги бир орзиқиб кетди. Мактабдаги илк муҳаббати Сардор ҳам гуруҳга қўшилган эди. Болаликдаги хотиралар жонланиб, бир икки ёзишмалардан кейин алоҳида учрашиш  нияти туғилди. Учрашувда Сардорнинг ўзи ҳақида ёқимли сўзларини, келажакдаги орзуларини эшитиб, ўзининг ҳаёти кўзига ночор кўрина бошлади. Тез-тез учрашадиган, Сардор билан учрашганидан кейин эри унинг қадрига етмаётгандек бўлиб кўрина бошлади. Ҳатто фарзандлари ҳам кўзига кўринмай қолди.

Хотинининг юриш-туришидаги ўзгариши Акмални хавотирини оширди. Очиқчасига гаплашишни айтганида Манзура   ҳохламади. Акмал аҳлоқ қоидаларига тўғри келмасада, хотинининг телефонини  олиб текширганида, хотини номига келган турли ишқий мактубларни ўқиб, кўзларига ишонмади.

Хотини билан очиқчасига гаплашганида эса Манзура биринчи муҳаббати қалбини бутунлай ром этганини тан олди, ҳатто Акмал билан яшашдан зерикканлигини, ҳохласа ажрашиши мумкинлигини ҳам айтди. Акмал  фарзандларини тўғрисида гапирганида, Манзура болалар отаси билан қолишини айтиб,  келинлик хонадонидан чиқиб кетди.

Манзура уйидан чиқар экан, енгил нафас ола бошлади. Энди у бутунлай Сардорники, ҳаётини янги варағини биринчи муҳаббати билан очишини ҳаёл қилиб, Сардорга телефон қилди. Узоқ куттиргандан кейин Сардор телефонини олди. Бўлган воқеани айтиб, Сардордан озодлик нашидасини бирга суришини айтганида, Сардорнинг жаҳл билан айтган гапларидан эси оғиб қолай деди. Аёли билан бир оз аразлашиб қолганида, кўнгил ёзиш учунгина Манзурадан фойдаланганини, ҳозирда оиласи тинчлигини, бошқа безовта қилмаслигини  очиқ айтди.  Манзура бутунлай эсини йўқотди...

Аллоҳ таоло томонидан ато этилган ҳар бир неъматга шукр қилиш лозим. Ҳар бир инсонга берилган умр ҳам Яратганннинг улкан неъмати ҳисобланади. Инсон ўз ҳаётини эзгу ва савоб амаллар билан безатса икки дунё саодатига эришиб яшайди, аксинча бўлсачи?

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Аллоҳ ато этган неъматлардан  ғаразли мақсадлардан фойдаланиш эса неъматнинг заволига, қолаверса бошқа, тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин.

 

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Read 5108 times

Мақолалар

Top