Мақолалар

АЛЛОҲ ТАОЛО ЗАМОН ВА МАКОНЛАРДАН ПОКДИР

Аллоҳ таолонинг зотини танишда Аллоҳ таолога  макон исбот қилиш масаласи  аҳли суннага зиддир. Ваҳоланки аҳли сунна вал жамоа  ақидасини   мукаммал баён қилинган ақида китоблари матнларида Аллоҳ таолога макон  исбот берилмайди. Бунга барча аҳли сунна уламолари иттифоқ қилишган.  Имом Таховий ўзларининг ақида матнларида бу борада

تعالى عن الحدود والغايات والاركان والاعضاء والادوات لا تحويه الجهات الست كسائر المبتدعات

У зот чегаралар, ниҳоялар, арконлар, аъзолар ва асбоблардан олийдир. У зотни бошқа пайдо бўлган насралар каби олти тараф ўраб олмаган.

Саҳобалар даврида Аллоҳнинг сифатлари Қуръон ва суннатда келганидан ортиқча баҳс қилинмаганига гувоҳ бўламиз. Аммо кейинчалик пайдо бўлган карромия, мушаббиҳа ва нажжория каби фирқалар Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида турли нотўғри даъволарни қилишди. Уларнинг шундай даъволаридан бири Аллоҳга макон исбот қилиш бўлган. Шундан кейин Аллоҳнинг маконлардан ҳоли экани ҳақида чуқур баҳс қилишга эҳтиёж туғилган. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари эса бу фирқаларнинг даъвою фитналарига Қуръон ва суннат асосида кескин раддиялар берганлар.

         Карромия ва Мушаббиҳа фирқалари: “Аллоҳ таоло махсус маконда, яъни Аршда”, - дейдилар.   Нажжория фирқаси: “Аллоҳ таоло барча маконда”, - дейдилар.

Аҳли сунна вал-жамоа: “Аллоҳ таоло бирор маконда ўрин олишдан ҳолидир”, - дейдилар (Бадул аъмолийнинг ўзбекча шарҳи – эътиқод дурдоналари).              

Аллоҳ таоло бирор замонда ҳам, маконда ҳам эмас. Чунки маконни ҳам, замонни ҳам Аллоҳ яратган ва У зотга нисбатан қаерда, ва қачон деган саволлар ишлатилмайди. Имом Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Аллоҳ қаерда деб сўраган кишига жавобан: “Қаердани тайин қилган зотга нисбатан қаерда дейилмайди”, деганлар. Кейин яна айтганлар: “Бирор макон йўқлигида ҳам Аллоҳ бор эди”. Аввал қандай бўлган бўлса ҳозир ҳам шундайдир. Яна у кишига айтилди: “Аллоҳ қаерда? деган саволга қандай фикрдасиз?”. Унга айтилади: “Аллоҳ таоло халқ яратилишидан олдин ва бирор макон йўқлигида ҳам бор эди. У ҳар бир нарсани Яратувчисидир". Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ бирор макон йўқлигида ҳам бор эди, сўнг маконни яратди”. У азалий сифатларида маконни яратишидан олдин қандай бўлса ўшандай. У зотга зоти ва сифатларида ўзгариш жоиз эмас. Имом Изз ибн Абдуссалом айтди: “Аллоҳ макон ва замонни пайдо қилишидан аввал ҳам бор эди”. Ҳозир ҳам аввал қандай бўлса шундай. Ибн Ҳожиб “Ақийдати Изз ибн Абдуссалом” китобига ёзган шарҳида: “Ибн ибн Абдуссалом айтган гап ҳақ йўлдир, албатта, салаф ва ҳалаф уламолари ҳам шу фикрда бўлганлар”. Уларга фақатгина бир тоифагина хилоф қилган. У тоифа ўз йўлларини яширадилар ва қўрқитиш билан илми ва ақли заиф бўлган кимсаларга фитна қиладилар”. Ҳашавийя деган тоифа ҳам Аллоҳ маконда деб айтади.

Имом Нававий айтади: “Албатта Аллоҳга ўхшаган бирон нарса йўқ. Аллоҳ жисмланишдан, бошқа махлуқотларни сифатларига кўчишдан ва тарафларга бўлинишдан покдир”. Имом Қоррофий айтади: “Ҳақ таоло тарафларда эмас, У бирон тарафда бўлмаган ҳолда биз уни кўрамиз” (Имом Ғазнавийнинг “Ақийдатут Таҳовий” га ёзган шарҳи).

Машҳур ватандошимиз Умар Насафий раҳимаҳуллоҳ: “Ақоидун Насафий” асарида бу ҳақда қуйидагича ёзган: “У зот бирор бир маконда ўрин олмайди”. Яъни бирор макондан ўрин олиш бошқа маконга нисбатан узоқда бўлиш ҳисобланади. Бир-биридан узоқ ёки яқин масофада бўлиш эса жисмларнинг хусусиятларидир. Ўнг, чап, тепа, паст, олди ва орқа томонларнинг бирортаси Аллоҳ таолони ўз ичига қамраб ололмайди. Чунки борлиқдаги барча нарсаларни, олти тарафларни ҳам Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган. Йўқдан бор қилинган нарсалар эса уларни яратган Зотни ўз ичига ололмайди. Аллоҳ бундай нуқсонли хусусиятлардан холидир. (Бадул амолийнинг ўзбекча шарҳи – эътиқод дурдоналари).

Бу замон аввалдан бор бўлмаганлиги Аллоҳ таолога замон нисбатини бериб бўлмаслигига далил бўлади. Зеро, Аллоҳдан ўзга ҳар бир нарса кейин пайдо бўлганига далил бор. Агар Аллоҳ кейин пайдо бўлган ва Аллоҳга замонни таъсири бор дейдиган бўлсак, У аввалда бўлмай сўнг пайдо бўлган деган тушунча ҳосил бўлиб қоларди. Лекин бу хато тушунча. Шундай экан Аллоҳ таолога замонни таъсири бўлишлиги ҳам хатодир. Яъни, Аллоҳни мавжудлигини замонга дахли йўқ. Имом Саъд “Шарҳул ақоид” китобида айтдилар: “У зотга вақтнинг таъсири йўқ. Чунки замон ўзгариб, янгиланиб туради. Аллоҳ таоло эса бундан мутлоқ покдир” (Имом Ғазнавийнинг “Ақийдатут Таҳовий” га ёзган шарҳи).

Шунга кўра, фирқаларнинг гаплари таъвил қилиш имкони бўлмайдиган даражада очиқ-ойдин айтилса, масалан, “Аллоҳ осмонда жойлашган”, ёки “Арш устига ўрнашган” дейилса, Аллоҳ таолога нуқсонни нисбат бериш деб қаралган. Нуқсонни нисбат беришни эса барча уламолар куфр санашган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Унинг мислидек бирор “шай” йўқдир ва У ўта эшитгувчи зотдир” (Шуро сураси, 11-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳйи васаллам айтадилар:

تفكروا في خلق الله  ولا تفكروا في الله  فتهلكوا

“Аллоҳ яратганлари борасида фикр қилинглар, Аллоҳ борасида эса фикр қилманглар, ҳалок бўласизлар (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, Аҳли сунна вал-жамоа ва мазкур адашган фирқалар орасидаги асосий фарқ “Аллоҳ таоло макондан ҳоли”, деб эътиқод қилиш лозимлигида бўлади (Бадул аъмолийнинг ўзбекча шарҳи – эътиқод дурдоналари).

Сўзимизнинг охирини Сўфи Оллоҳёрнинг “Саботул Ожизин” да келтирган байтлари билан тугатмоқчимиз. У киши ақоид масалаларида ҳам дурлардек назм билан айтадилар:

 

Эрур ҳозир ҳамиша, йўқ макони,

Анга қилғон эмас сабқат замони.

 

Удур ҳоким ки ҳукмин ўзга этмас,

Анинг зотиға ҳеч ким ақли етмас

 

Кўнгулда кечса кўзга тушса ҳар шай

Эрур андин муназзаҳ холиқу хай.

 

Фаришталар, набилар етмадилар,

Бўйсундилару фикр этмадилар.

 

Вале фикр эт, Худонинг қудратиға,

Ажойиб ишлариға, санъатиға.

 

Даврон АБДУҚОДИРОВ,

“Имом Фахриддин Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири.

 

Read 3619 times

Мақолалар

Top