Мақолалар

ФАХРИДДИН РОЗИЙ — УЛУҒ АЛЛОМА ВА МАШҲУР ВОИЗ

Имом Фахриддин Розий ўз илмий фаолиятида, хусусан, фалсафий рисолаларида қадимги юнон олимлари Аристотель, Гераклит, Эпикур, Демокритдан, шунингдек, Шарқнинг машхур мутафаккирлари Форобий ва Ибн Сино асарларидан кенг фойдаланган ва уларга шарҳлар ёзган.

Олимнинг “Мифтоҳ ал-улум”, “Ниҳоят ал-улум”, “Илм ал-ахлоқ” асарларида оламни билишнинг турли йўл ва усуллари, инсон доимо ўз билимини орттира бориши зарурлиги, уни ҳиссиёт, ақл ва тафаккур орқали қўлга киритиш мумкинлиги тўғрисида муҳим ғоялар олға сурилган.

Фахриддин Розий “Имамул-аимма” (Барча имомлар имоми), “Ал-Хатиб (Хитоб қилувчи)”, “ал-Мудаъвий (Даъ-ватчи)”, “Зиёуддин” (Диннинг зиёси) каби унвонларга эга бўлган. “Фахрид­дин” (Диннинг фахри) нисбаси унга дин соҳасида қилган хизматлари учун берилган. “Розий” атамаси эса унинг асли Рай шаҳридан эканини билдирган.

Райдаги диний-сиёсий низолар сабаб ва илм-фан билан шуғулланиши учун бехавотир жой зарурати, қолаверса, бир гуруҳ олимларнинг Гурганжда жамлангани ва у ердаги эътиқод эркинлиги Розийни Хоразмга етаклаб келди. Тарихий манбаларнинг хабар беришича, Хоразмда ўша даврларда ва ундан кейин ҳам диний мутаассиблик ва радикал ҳаракатлар кўп кузатилмаган. Гурганжда жуҳуд маҳаллалари, мўътазилийлар, бундан ташқари, шиалар, шофеъийлар, настуро (христиан ва монийликнинг уйғунлашгани) эътиқодидаги кишилар бир-бирлари билан тинч-тотув яшашган.

Ўн иккинчи асрда Хоразм империяси катта сиёсий мавқега эга бўлган. Унинг иктисодий юксалишига иррига­ция тизимлари ва экин майдонларининг кенгайиши, Хуросон, Мовароуннаҳр ва Дашти Қипчоқ билан бўлган савдо-сотиқ, турмуш тараққиёти катта туртки берган. Бу давр Хоразмшохлар даври эди. Худди мана шу шароитда илм-фан ва маданият гуллаб яшнади, архитектура ва ҳунармандчилик ривожланди. Бу даврда Маъмун академияси давомчиларининг бутун бир авлоди етишиб чикди. Фахриддин Розийнинг фан оламида танилган замондошлари хоразмлик Абу Фазл Абул Қосим Баққолий Хоразмий (ваф. 1160 й.), Абу Али Ҳасан ибн Ҳорис Хоразмий (XII аср), Шайх Нажмиддин Кубро номи билан машҳур Ахмад ибн Умар Хивақий (ваф. 1221 й.), илк ўрта асрда Берунийдан кейин машҳур “Хоразм тарихи” асарини ёзган Муҳаммад ибн Арслон Аббос Хоразмий (ваф. 1172 й.) номини эсга олиш билан Хоразмда илм-фан ва маданиятга қизиқиш ниҳоятда кучли бўлгани англашилади.

Фахриддин Розий XII асрнинг тахминан 70-йилларида Хоразмга келади. Хоразмга келиш сабабини Розий ўзининг “Жомиъ ал-улум” асарининг муқаддимасида “Хоразмшоҳ Алоуддин Такаш (1172-1200)нинг фан билан шуғулланиш учун тайёрлаган, дилларга хуш ёқувчи шароити”, деб ёзган.

Хоразмга келгач, Хоразмшоҳ билан бўлган учрашуви Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” асарида мажозан бундай тасвирланган:

“Имом Фахриддин Розий билан Султон Муҳаммад Хоразмшоҳнинг ҳаммомда ошнолик шамъин ёрутғони ва Имом сўзидин Султоннинг истиғнодин илик ювғони.

Зумраи роз аҳлинга маснад нишин,
Даҳр имамул — умами Фахри дин.
 Қилди чу Хоразмни оромгоҳ,
кўрмагига келмади Хоразмшоҳ.
Сўрголи ул гулки қадам қўймади,
Илм шукуҳи муни ҳам қўймади.
Шоҳни пушаймон килиб эрди уёт,
Пек имом айламади илтифот …

… Имом Фахриддин Хоразмни ўзига оромгоҳ қилганида, уни кўришга Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ келмади. Илмнинг қадр-қимматини сақлаб, бу ҳам бормади. Шоҳ қилмишидан уялиб, пушаймон бўлди. Лекин, Имом бунга парво қилмади. Орада кўп пардали гап-сўзлар ўтди. Бир куни Имом билан Шоҳҳаммомда кўришиб, шоҳунга очилиб, бундай савол берди:

“Эй ўз илми билан элни баҳра-манд этган, қиёмат ишларидан бир ха­бар берчи. У куни қандай машаққатлар юз беради? Ҳар бир кишининг аҳволи нима бўлади?

Эй қиёмат кунини билишни хоҳлаган одам. Қиёмат ҳақидаги саволга энг монанд жой шу ҳаммомдир. У ерда шоҳ билан гадо бир хил аҳволга тушиб, шоҳу гадо барчаси яланғоч юради. Амалдорлар, катталар ҳаммаси сенга ўхшаб, ичкарига киргач, уларнинг бору йўғи ташқарида қолади. Илму ҳунар эгалари эса менга ўхшаб нима йиққан бўлса, ўзи билан олиб киради. Султонликдан сенга у куни кўп фойда йўқ. Ле­кин менга илмим туфайли яхшилик кўп бўлади”.

Шундан сўнг Розий Хоразмшоҳ Такаш томонидан ҳурмат ва шараф топади ва Хоразмда муқим қолади. Имом Фахрид­дин Такашнинг ўғли Алоуддин Муҳаммаднинг йўлбошчи ва раҳбарига айланади. У Хоразмшоҳнинг илтимосига кўра, ўша давр мусулмон оламига маълум бўлган илмлар тахланган ва соф ҳолатда ихчамлаштириб қомус тузади.

Муҳаммад Арабий ва Ибн Касир “ал-Бидоя ван-Ниҳоя” асарида Фахриддин Розий ҳақида бундай ёзади: “У киши юздан ортиқ асар муаллифидир. Шофиъий мазҳабида унинг асарлари муҳим аҳамият касб этади. Хоразм, Бухоро, Самарқандда яшаган. Ғазнада (1185 йилгача), Ҳиндистоннинг Панжоб ўлкасида ва Ҳиротда фаолият юритган. Ҳиротда катта Мадраса қурдириб, унда мударрислик ҳам қилган. У киши Хоразм ва кўплаб шаҳар-ларда мадрасалар бунёд қилади. Соф олтиндан 80 минг(баъзи манбаларда юз минг) динор пули, кўчмас мулклари, чорвалари бўлган. Доимо камбағалларни, етим-есирларни йўқлаб, уларни молиявий таъминлаб турган. Шу билан бирга, фалсафа, эътиқод ва ақида борасидаги қарашлари ва ўткир воизлиги (икки тилда ваъз қилар эди) билан машҳур эди. Маърузасига шохлар, вазирлар, амирлар ва минглаб халқ тўпланар эди. Маърузаларида исмоилийлар ва карромийларни қаттиқ қоралаб, уларнинг бузуқ ақидаларидан одамларни огоҳ этарди. Шу сабаб унинг шиалар, исмоилийлар ва карромийлардан кўплаб мухолифлари бўлган. Аллома Ҳиротда 1209 йили карромийлар томонидан заҳарлаб ўлдирилган.

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2020 йил 9 октябрь, 193-сон
Read 2318 times

Мақолалар

Top