Мақолалар

Яхшилик қилишга шошилайлик

Динимизда инсонларга манфаат етказувчи киши Аллоҳ таоло учун энг суюкли бандалардан ҳисобланади дейилган. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси одамларга энг кўп манфаат келтирувчисидир”, дедилар (Имом Тобароний ривояти).

Динимиз мўмин-мусулмонларни бир тану бир жон бўлиб, ўзаро бир-бирига ёрдам бериб, манфаат келтириб яшашга тарғиб қилган. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг бир-бирларига меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат ва меҳрибонлигининг мисоли худди бир жасад кабики, унинг бирорта аъзоси оғриса, жасаднинг қолган (аъзолар)и унинг учун бедорлик ҳамда иситма ила безовта бўлишади”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадисда барча мўмин-мусулмонлар ҳар доим бир бири билан ўзаро меҳр-шафқат ва ёрдамда бўлишлари ҳамда бирор мўмин-мусулмонга етган мусибатга қолган мусулмонлар ҳам мазкур мусибат худди ўзларига етгандек бефарқ бўмаслиги лозим экани баён қилинмоқда.

Дарҳақиқат, динимиз инсонпарвар, яхшилик динидир. Доим инсонларга манфаат етказиш, доимо яхшилик қилишга чорлаган диндир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳмат қилган: “Ва эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!” (Ҳаж сураси, 77-оят).

Ушбу оятда эзгу иш дейилмоқда. Бу дегани – сиздан зинҳор ёмонлик, фасод содир бўлмасин деганидир. Шунингдек, “шоядки, нажот топсангиз!” сўзи билан эзгу иш қилиш бандаларнинг нажот топишига сабаб экани баён қилинмоқда. Аллоҳ таолонинг “шояд” дейиши аниқ амалга ошадиган нарсани ифодалайди. Яъни, эзгу иш қилган бандалар аниқ нажот қучади, деганидир. Чунки Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсалар амалга ошмасдан қолишининг мутлақо эҳтимоли йўқдир!

Демак, жамиятда биз билан бирга яшаётган барча инсонларга яхшилик, уларни оғирини енгил етсак, орзу интилишларини рўёбга чиқарсак, албатта ажру мукофотлар олар эканмиз. Аллоҳ таоло бандаларини хайрли ишларни қилишга шошилишни буюрган: “Бас, хайрли (савобли) ишларда (бир-бирингиздан) ўзишга ошиқингиз!” (Моида сураси, 48-оят).

Ушбу оятга кўра, инсон ҳамиша яхши амаллар қилишга, яхши ниятда бўлишга шошилиши лозимдир. Доимо яхши ишлар ва яхши ниятлар билан юрган инсоннинг хотимаси ҳам гўзал бўлади. Инсон ҳаёти давомида барча яхши ишларни амалга оширишга имконияти бўлмаслиги мумкин, лекин барча яхши ишларни ният қилишга имкони бордир. Аллоҳ таоло эса унга ниятига яраша савоб бераверади. Чунки Аллоҳ таоло бандалари қилган хайрли амалларнинг бирортасини ҳам зое қилмайди. Зеро, Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса, (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз” (Каҳф сураси, 30-оят).

Дарҳақиқат, биз қиладиган амалларимиз ва инсонлар манфаати йўлида қилган холис хизматларимиз учун ниятимизга кўра ажр-савобга эришамиз. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Амаллар фақат ниятларга кўрадир”, деяётганларини эшитганман”.

Ушбу ҳадисга кўра, қиладиган хайрли ишларимиз, барча инсонларга қилган яхшиликларимиз Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул бўлиши ҳамда унга ажр-савоб олишимиз учун ниятимиз тўғри бўлиши лозимлиги маълум бўлади. Ҳар бир хайрли ишни амалга оширишда Аллоҳ таолонинг розилигини кўзласак, ажр-савобга эришамиз. Агар ниятимизда Аллоҳ таолонинг розилиги бўлмаса-да, бирор хайрли ишни амалга оширишга киришсак, гарчи мазкур ишни амалга оширишга эришсак-да, лекин унга бериладиган ажр-савобдан бебаҳра қолиб кетамиз. Шунинг учун ҳар бир амалда ниятнинг ўрни қанчалик муҳим эканини яхши англаб етишимиз лозим бўлади. Масалан: Касб қилишдан мақсад диним касб қилишга буюрган, оиламнинг таъминоти менинг зиммамдаги фарздир, деган ниятда бўлиши ҳам мумкин ёки фақат мол-дунё орттиришни ният қилган бўлиши ҳам мумкин. Ушбу ҳолатларда ниятнинг ўрни жуда ҳам муҳимдир. Аллоҳ таоло буларни ниятига кўра мукофотлайди. Ният ва ихлос агар инсоннинг ҳаёти давомида тўғри қўлланса, ҳаётнинг ҳар бир дақиқаси ибодатга айланади. Динимиз яхши ниятлар ва яхши амаллар динидир. Мусулмон киши яхши ниятли, солиҳ амаллар қилувчи саодатманд инсондир. У нияти орқали ҳаётининг ҳар нафасини, ҳар бир ҳаракатини Аллоҳ учун ибодатга айлантиради. Имонли банда шундайин бахтлики, у динимиз кўрсатмаларини бажара бориб, ниятини уларга мослаб ҳаёт кечирса, унинг оддий турмуши ҳам ибодатга, охиратда ажр-мукофотларга эришиш имкониятига айланади. Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мўминнинг нияти унинг амалидан яхшидир" (Имом Байҳақий ривояти). Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтдилар: «Аллоҳ таоло фарз этган амалларни адо этиш энг афзал амал бўлади. Аллоҳ таоло ҳаром этганидан қайтиш парҳезкорлик (диёнат)дандир. Бу Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсаларда тўғри, рост ният қилишдир».

Демак, бизнинг қилаётган амалларимизда ва холислик билан адо этаётган хизматларимизда ихлоснинг аҳамияти жуда ҳам катта экан. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сўз амал билан бирга бўлмаса фойда бермайди. Сўз ва амал ҳам ният билан бирга бўлмаса, фойда бермайди. Сўз, амал ва ният ҳам агар суннатга мувофиқ бўлмаса, фойда бермайди”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминдан дунё ғам-ташвишларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ ундан Қиёмат куни ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир қийналган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда енгиллик қилади. Ким бир мусулмоннинг (айбини) беркитса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг (айбини) беркитади. Банда ўз биродарига ёрдам қилса, Аллоҳ таола унга ёрдам қилади. …”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ҳайрли ишимизда ният ва ихлосимизнинг тўғри бўлишига муваффақ этсин! Юртимизни ва дунё мусулмонларини турли балоларидан ўзи асрасин, дардга чалинганларга Ўзи шифо берсин!

У.Раҳимов,

"Имом Фахриддин ар-Розий" ўрта махсус ислом билим юрти маънавият ишлари

бўйича мудир муовини.

 

Read 3024 times

Мақолалар

Top