Мақолалар

Дамашқдаги ўзбеклар

Бугунги кунда Дамашқ шаҳрининг тарихий марказларида ўзбек этноси билан боғлиқ бўлган кичик маҳаллалар, кўчалар, тарихий масжидлар ва мадрасалар сақланиб қолган. Маълумотларга кўра, 2010 йилларда Суриянинг Дамашқ ва Ҳалаб (Алеппо) шаҳарларида тахминан бир неча минг ўзбеклар (бухорийлар) яшаган. Тарихий манбаларда ўрта осиёликлар, жумладан ўзбеклар Дамашқ шаҳрига туркий мамлуклар билан бирга кириб келгани ҳақида маълумотлар бор. Миср тарихида бўлгани сингари Сурия тарихида ҳам Тулуния ва Ишхидий амирликлари катта сиёсий ва ҳарбий таъсирга эга бўлишган. Мамлуклар даврида ўрта осиёлик йирик мулкдорлар, қўшин қўмондонлари ва сиёсий арбоблар Дамашқда масжидлар, мадраса ва хонақоҳлар қурган.

Юқоридаги суратда: Дамашқдаги ўзбек маҳалласи, ХХ асрнинг 20-йиллари.

XVIII-XIX асрларда ўрта осиёликлар ҳаж зиёрати учун Сурия ҳудудларига Эрон орқали ўтувчи карвон йўллари билан кириб келган. Маълумотларга кўра, бу даврда Дамашқ Ўрта Осиёдан Эрон орқали ўтувчи ҳаж йўлининг сўнгги бекати бўлган. Кўплаб зиёратчилар, ҳаж сафаридан қайтишда шу ерда яшаб қолиб кетишган. Уларнинг махсус хонақоҳлари (такялари) бўлган. Жумладан, Усмоний пошшолар даври ҳали тугамаган бир даврда, Муродия такяси ташкил қилинган бўлиб, бу такяни асли ўрта осиёлик нақшбандия тариқатининг ёрқин вакилларидан бири бўлган Мурод Муҳаммад ал Бухорий номи билан боғлашади, бу ерда нақшбандий тариқатининг суфийлари йиғилишган, ҳожилар учун вақтинчалик бошпана вазифасини бажарган. Бу такя Дамашқнинг ал-Вард маҳалласида жойлашган. Мазкур такя таркибида Муродия жомеъси ҳам бўлиб, у Дамашқдаги катта жомеълардан бири ҳисобланади. Шунингдек, Дамашқда ҳозирга қадар сақланиб қолган Ал-Афрам жомеъсини ҳам ўрта осиёликлар билан боғлашади, у эски Дамашқнинг Ал-Муҳажирин маҳалласида жойлашган. Ўрта осиёликлар Дамашқнинг турли маҳаллаларида яшаганлиги маълум, жумладан, ал-Азбакия, ал-Мухажирин, Аннабаа Ассалихия, Суксаружа, ал-Майдан ва ал-Қадам ва бошқалар.



Суратда: Муродия такяси, ХХ аср.



Суратда: Дамашқдаги Нақшбандия (Муродия) жомеъси.

ХХ асрда Ўрта Осиёда бошланган колхозлаштириш ва ундан сўнг бўлиб ўтган Сталин қатағонлари даврида ўрта осиёликлар аввал Афғонистонга, сўнгра Яқин Шарқдаги катта шаҳарларга кўчиб кетган. Улар Яқин Шарқдаги катта шаҳарларга жумладан, Дамашқ шаҳрига ҳам бориб жойлашган. Дамашққа келган ўрта осиёликлар орасида Бухоро амирлари, Қўқон хонлари оиласига мансуб хон авлодлари, хонликда юқори лавозимларда ишлаган амалдорлар, ҳарбийлар, шайхул исломлар бўлган, шунинг учун ҳам улар бу ерларда катта қийинчиликларга учрамасдан тез орада давлат ва жамиятда ўз ўринларини топишган. Улар умумий ном билан бухорийлар деб номланган. Ўрта осиёликлар орасидан ҳарбий амалдорлар, сиёсатчилар, йирик тадбиркорлар, кўплаб олимлар ва муфтийлар етишиб чиққан. Хусусан, ўз даврида Насохи Ал-Бухорий Сурияда юқори ҳарбий лавозимларда ва бош вазир вазифаларида фаолият юритган. Тилшунос олим, профессор Бурҳон Бухорий нафақат Сурия илмий жамоатчилигида балки ўзбек олимлари орасида таниқли олимлардан биридир.

Бир сўз билан айтганда худди, Саудия Арабистони, Иордания, Қуддус ва Қоҳирада бўлгани сингари Дамашқдаги миллатдошларимиз бунёдкорлиги билан, ватан, ислом дини ва ўзлари яшаб турган жамият тараққиёти йўлида садоқат билан хизмат қилганлар, натижада яхши ном ва ҳурматга сазовор бўлганлар.

Шавкат Икромов,

Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ докторанти.

 

azon.uz

Read 2350 times

Мақолалар

Top