Мақолалар

Унутилаётган суннатлар (6-суннат) Чироқларни ўчириб ётиш

 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Идишларнинг оғзини ёпиб, эшикларни тамбалаб ва чироқларни ўчириб ётинглар, чунки сичқон пиликни тортиб юбориб, уй аҳлини ёқиб юбориши мумкин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ўт чиқишига сабаб бўладиган жиҳозлар, яъни газ ва электр жиҳозларига уйқудан олдин эътибор бериш ҳам динимиз одобларидан экан. Бу ҳадис нафақат дунёвий манфаатларни, балки диний манфаатларни ҳам ўз ичига олган. У асраш лозим бўлган ҳар бир жонга эътибор ва беҳуда сарфлаш гуноҳ бўлган молни сақлашга ундовдир.

Қолаверса, замонавий илмий тадқиқотлардан маълум бўлишича, ухлаган пайтда чироқни ёниқ қолдириш инсон миясининг муҳим жойларига таъсир қилиб, турли изтироб ва руҳий тушкунликларга ҳамда семириб кетишга сабаб бўлади. Шунинг учун олимлар тана ва мия дам олиши учун тунда чироқларни ўчириб ётишни тавсия қилишади.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Read 2112 times

Мақолалар

Top