Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Аввалғи муъман биҳнинг шарҳи (Ўнинчи мавзу)

НАЗМ

 Аввалғи муъман биҳнинг шарҳи

(Мавзунинг давоми)

 

Бор эдию ҳамиша бўлғусидур,

Неким ўлғусидур, не тўлғусидур.

Тенгри кунҳиға банда йўл топмас,

“Қачон”у “қанда” анда йўл топмас.

Зоти Анинг не жавҳару не араз,

Ишларида не иллату не ғараз.

Тенгрининг зоти, оти элдек эмас,

Феъли бирла сифоти элдек эмас.

Ўз бошингча Худоға от демагил,

Ҳам таъаққул қилиб, сифот демагил.

Бор мавсуф ул сифот бирла,

Ҳам мусаммодурур ул от бирла.

Ким Ўзи они ёд қилғандур,

Аҳли дин эътиқод қилғандур.

 

НАСРИЙ БАЁН

(Мавзунинг давоми)

 

У зот (Аллоҳ аввалдан) бор эди ва ҳамиша бор бўлади – абадий тирик ва қоим тургувчидир, на ўлади, на ортади – на ўзгаради!

Аллоҳнинг зоти моҳиятига банда йўл топа олмайди (Унинг зоти моҳиятини англашдан банда ожиздир), “Қачон (бор бўлган)?”, “Қаерда (туради)?” деган гаплар у зот ҳақида йўл топмайди (Унинг зоти ҳақида бундай гапларни айтиш жоиз эмас).

Унинг зоти жавҳар ҳам эмас, араз ҳам эмас. Аллоҳнинг ишларида иллат – айб, нуқсон, камчилик  бўлмайди, шунингдек, ғараз – ёмон мақсад ва ният ҳам бўлмайди (балки, фақат фойдали ҳикмат бўлади).

 

ИЗОҲ. Жавҳар – парчаланишни қабул этмайдиган бир парча, нарсаларнинг  асл  моддаси,  ўзаги,  бошқа  жисмлар  шу  жавҳардан  вужудга келади.  Аллоҳ  таъоло  жисм  эмас,  жавҳар  эмас.  шакл,  ҳудуд,  ўлчов, саноқ ва бўлинишни қабул этмайди...

Араз  бирор  нарсанинг  аслида  бор  бўлмай,  кейин  бор  бўлган  вақтли сифатидир, у фақат бошқа нарса билан бирикканда бор бўлади. Аллоҳ араз эмас ва аразлардан холидир («Жомиъ ул-мутун»).

Аллоҳ таъолонинг зоти ҳам, номлари ҳам халқнинг, одамларнинг, яратилмиш махлуқотнинг зоти ва отидек эмас, мутлоқ ўзига хос ва мосдир, Унинг феъли – қиладиган ишлари ва сифатлари ҳам одамларнинг феъли ва сифатидек эмас (аксинча, одамларнинг, махлуқотнинг барча феъл ва сифатларини У яратгандир).

Ўз бошингча Аллоҳ таъолога номлар тақама, ўзингча ақл юритиб, хаёлингга келган сифатларни ҳам У зотга нисбат бераверма. Зотан, Ўзи (Қуръони каримда билдирган) сифатлар билан васф этилган ваЎзи  (билдирган  энг  гўзал)  махсус  исмлар  билан  номлангандир.  Бу сифат  ва  номларни  Ўзи  баён  қилган  ва  дин  аҳли,  иймон  аҳли  шу нарсаларга эътиқод қилган – ишонгандир.

 

ИЗОҲ.  Илм  сифати  Аллоҳнинг  азалий  сифатларидандир.  Аллоҳ  таъоло  бутун  мавжудотни  билади.  Унинг  илмидан  зарра  миқдорича  бўлса ҳам ҳеч нарса йўқ бўлмайди. У қоронғу кечада юрган чумолини, ҳавода учаётган  заррачаларни,  қалбларнинг    ич-ичидан  кечган  нарсаларни, ҳофизаларда  (хотирада,  хаёлда)  жараён  этадиган  нарсаларни,  яширин ва энг пинҳон нарсаларни билади. Унинг илми ҳамма нарсаларга – хоҳ бутун  бўлсин,  хоҳ  бутундан  бир  парча  бўлсин,  хоҳ  мавжуд  бўлсин,  хоҳ номавжуд  бўлсин,  хоҳ  мумкин  бўлсин,  хоҳ  номумкин  бўлсин  –  ҳаммасига тааллуқлидир. У махлуқотининг ибтидосини ва интиҳосини – бошланишини  ва  охирини  билади.  Зот  ва  сифатлардан  ҳамма  нарсани  азалий  ва  абадий  илми  билан  билгувчи  Удир  («Жомиъ  ул-мутун»).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 1908 times
Tagged under

Мақолалар

Top