Мақолалар

Бир савол сўрасам: Хатнани тоқ ёшда қилиш керак-ми?

— Ўғлим ҳозир 4 ёш. Шу кунларда хатна қилдирмоқчи эдик. Лекин айримлар жуфт ёшда хатна қилиб бўлмайди, тоқ ёшида қилиш керак, дейишяпти. Шу тўғри-ми?

— Ўғил болаларни кичиклик чоғида хатна қилдириш мусулмон халқларнинг тарк қилмайдиган одатига айланганлиги яхши иш. Хатнада закарнинг уч қисмини қоплаб турган юмшоқ тери кесилади. Ўша терини арабчада “қалафа” дейилади. Ҳанафий мазҳаби бўйича боланинг ҳолига қараб хатнани кўтарадиган бўлганда қилинади. Етти кунлик болани хатна қилиш шарт эмас. Шунингдек, заифлиги учун хатнага чидай олмайдиганлар ҳам хатна қилинмайди. Хатна қилинмаган одам вафот этса, у ҳам хатна қилинмайди. Хатна (суннат) ҳолида туғилган шахс хатна қилиниши лозим бўлган жойида баъзи бир тери бўлса, олиб ташланади. Хатначининг айби ила хатна қилинган шахсга талофат етса, тавон тўланади. Хатна муносабати ила маросим қилиш шариатда бордир. Уламолар орасида бола туғилганига етти кун ўтгандан бошлаб хатна қилинса бўлаверади, деганлари ҳам бор. Баъзилар етти ёшдан ўн ёшгача хатна қилинса, яхши бўлади, деганлар. Аммо хатнани тоқ ёшда қилиш шарт этилмаган. Бола балоғатга етгунича хатна қилингани маъқул. Ҳатто чақалоқлигида қилинса ҳам бўлади (бавл қилишда бирор муаммо туғилса, одатда, шундай қилинади). Хуллас, болани хатна қилиш учун 1 ёки 3 ёшга тўлиш шарт эмас, шароитга қараб қилинаверади.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 1999 times

Мақолалар

Top