Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ҳақ субҳонаҳунинг субутий сифатларининг тафсили (Ўн биринчи мавзу)

 

НАЗМ

 

Ҳақ субҳонаҳунинг субутий

сифатларининг тафсили

 

Бор субутий сифатлари етти,

Ушбуларни салаф баён этти.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Пок ва муназзаҳ аллоҳ таолонинг

субутий (ўз зоти билан собит бўлган)

сифатлари тафсили

 

Аллоҳ таъолонинг субутий, яъни Ўз зоти билан собит бўлган сифатлари еттитадир, уни салаф(и солиҳийн) – олдинги ўтган солиҳ зотлар (саҳобалар, тобиъийнлар, дин имомлари) баён қилгандирлар.

 

ИЗОҲ. Бошқа ақоид китобларида Аллоҳ таъолонинг субутий сифатлари саккизта деб кўрсатилган ва таквин (билфеъл яратмоқ сифати) ҳам саналган.

 

НАЗМ

 

(1)  Ҳаёт сифатиға ишоратдур

 

Бири бу еттидин ҳаётдурур,

Ул ҳаётеки бемамотдурур.

Бу ҳаёт эл ҳаётидек эрмас,

Васфи Ҳақ эл сифотидек эрмас.

Тану жондин эмас ҳаёти Анинг,

Ўхшамас халқға сифоти Анинг.

 

  1. Ҳаёт сифатига ишорат

 

Бу  етти  сифатдан  бири  ҳаёт  сифатидир,  Яратган  зотнинг  ҳаёти ўлим билмас абадий ҳаётдир. Бу ҳаёт одамларнинг, яралмишларнинг ҳаётидек (тугайдиган) эмас, Ҳақ таъолонинг васфи – сифатлари ҳам яралмиш инсонларнинг (ва бошқа махлуқотнинг) сифатларидек эмас. Унинг ҳаёти тан ва жондан (бадан ва руҳдан) иборат эмас, Унинг сифатлари яралмиш нарсаларнинг сифатига ўхшамайди.

 

ИЗОҲ. Ҳаёт Аллоҳнинг азалий сифатларидандир. Бу сифат билан сифатланган бўлиш илм эгаси бўлмоқни тақозо этади. Аллоҳнинг ҳаёти азалий ва абадий ўлароқ Ўз зотидандир, Ўз зотидан бир зум ҳам ажралмайди. Унинг ҳаёти бошқа нарсалардан фойдаланиб вужудга  келган эмас. Этлар, томирлар (бадан, жон) ва турли моддалардан вужудга келмоқдан ҳам пок ва муназзаҳдир. Аъзога эга бўлмоқ, турли моддалардан вужудга келган бўлмоқ, бор бўлиш учун ҳар қандай бир унсурга муҳтож бўлмоқ  Аллоҳ таъоло ҳақида тасаввур қилинмайди.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 1926 times
Tagged under

Мақолалар

Top