Мақолалар

Бир савол сўрасам: Одам сочини ошхона буюмларига алмаштириш мумкин-ми?

— Маҳалламизга одам сочлар эвазига ошхона буюмларини алмашадиган одамлар келади. Биз уйда тўпланиб қолган сочларимизни бериб, ўша буюмлардан олганмиз. Лекин ўғлим, бундай қилиш гуноҳ, деяпти. Бу ҳақда шариатимизда нима дейилган?

— Шариатимизда одам аъзоларининг савдосидан қаттиқ қайтарилган. Агарчи у ўлик тана ёки кесиб олинган соч ёки тирноқ бўлса ҳам. Одам аъзоси қандай ҳолда бўлмасин унинг савдоси ножоиздир. Шу ўринда бозорларда кенг кўламда сотилаётган “парик”ларнинг ҳукми ҳам нима бўлиши ҳақида ҳам савол келиб чиқади. Агар парик одам сочидан таёрланган бўлса, (баъзилари шундай ҳам экан) уни тақиш юқорида айтиб ўтганимиздек, мумкин эмас. Агар беморлик ёки бирор сабабдан сочи тўкилган бўлса ҳам. Агар сунъий нарсалардан ёки ҳайвонлар юнги ёки жунларидан бўлса, уламолар бунга рухсат берган.

Раддул мухтор соҳиби Ибн Обидин (инсон сочи) сўзининг давомида “Инсон сочидан фойдаланиш умуман жоиз эмас. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ улама қилувчи аёлни ҳам, улама қилдирувчи аёлни ҳам лаънатласин”, деган ҳадисларига биноандир. Аёллар сочларининг ўримларини зиёда қилиши учун туянинг юнгидан улаб олсалар жоиз” деган.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 2409 times

Мақолалар

Top