Мақолалар

Пайғамбар алайҳиссалом масжидлари ва у зотнинг даврларидаги сифати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида масжид хом ғиштдан бино қилинган эди. Унинг шифти хурмо шохлардан эди. Устунлари эса хурмо ёғочидан эди. Абу Бакр унга ҳеч нарсани зиёда қилмади. Умар унга зиёда қилди. У масжидни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги асосга қайтадан хом ғишт ва хурмо шохидан қурди. Устунларини яна хурмо ёғочидан қилди. Сўнгра уни Усмон ўзгартирди. Кўпгина зиёдалар қилди. Деворларини нақшланган тош ва пишган ғиштдан қилди. Устунларини нақшланган тошдан, шифтини, саж ёғочидан қилди».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини, У зотнинг ўзлари ва уч халифалари даврларидаги васфини қисқача сўзлар билан ифода қилмоқдалар.

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврлари.

Масжид биноси хом ғиштдан, шифти хурмо шохидан, устунлари хурмо ёғочидан эди.

Масжид қурилишида саҳобаларга бош бўлиб, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шахсан иштирок этган эдилар.

Масжиднинг ҳажми ҳам кичик эди. Ёмғир ёғса хурмо шохларидан қилинган шифтдан ўтиб ерга тушар, сажда қилган одамнинг пешонасига лой ёпишар эди. Масжид ерига ҳеч нарса тўшалмаган эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давларида ана шундоқ содда ва кичик эди.

2. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврлари.

Масжидин Набавий бу даврда ўзгаришсиз қолди. Чунки, ҳазрати Абу Бакр оз муддат халифа бўлиб, сўнгра вафот топдилар. Ўша оз муддат ҳам ридда урушларида сарф бўлди.

Бунинг устига ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу табиатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги нарсанинг ҳеч бирини ўзгартиришни хоҳламас эдилар. Шунингдек, у кишининг даврларида Масжидин Набавийга ўзгартиш қилиш эҳтёжи ҳам йўқ эди.

3. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврлари.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейин халифа бўлган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўн икки йилдан кўпроқ халифалик қилдилар. Табиийки, хом ғиштдан қилинган, шифти фақат хурмо шохи ила тўсилган масжид ислоҳга муҳтож бўлиб қолди. Ана шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини айни қурилиш моддалари, хом ғишт, хурмо шохи ва ёғочидан, худди ўзига ўхшатиб қайта қурдилар. У киши масжид Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги кўринишини йўқотмаслигига эътибор бердилар.

4. Ҳазрати Усмон ибн Аффон даврлари.

Маълумки, ҳазрати Усмон узоқ вақт халифалик қилдилар. Бу давр ичида Ислом давлати мислсиз равишда кенгайди. Турли халқлар Исломга кирди. Мусулмонлар сони жуда ҳам кўпайди. Саҳобаи киромлар ҳам турли юртларга тарқаб кетдилар. Шунга ўхшаш кўпгина ўзгаришлар бўлди.

Ана шу давр ичида ҳазрати Усмон ҳам анчагина ишлар қилдилар. Бу ишларнинг кўпи янгилик ҳисобланар эди. Бу янгиликлар асосан давр тақозоси ила юзага чиққан янгиликлар эди. Ўша янгиликлар ичида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини янгидан кенгайтириб қуриш ҳам бор эди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятларида айтилганидек, ҳазрати Усмон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кўплаб зиёдалар қилдилар. Аввало уни анчагина кенг ва катта қилдилар. Қолаверса, қурилиш моддаларини тамоман бошқа қилдилар. Хом ғишт ўрнига нақш солинган тош ва пишиқ ғишт ишлатдилар. Устунларини ҳам хурмо ёғочи ўрнига нақшиндор тошлардан қилдилар. Шифтини эса, хурмо шоҳлари ўрнига Ҳиндистондан келтирилган саж ёғочларидан қилдирдилар.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг бу ишлари ўз тарафдорлари томонидан маъқулланган бўлса ҳам, у кишига қарши одамлар томонидан қаттиқ танқид қилинган. Одамлар ўртасида турли гап-сўз кўпайган. Ҳатто, ҳазрати Усмон ўзлари баёнот бериб, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатдан бир уй бино қилади, деганларини эшитган эдим, шунинг учун қилдим, деганлар. Аммо, мазкур гап-сўзлар тўхтамаган.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга қарши қўзғолон кўтариб, у зот Қуръон ўқиб ўтирган жойга кириб, жонларига суиқасд қилишга журъат этган тоифа у кишига қарши қўйган айблар ичида ушбу масжидни ўзгартириш ҳам бор эди.

Кейинчалик, замон ўтиши билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кўплаб ўзгартиришлар киритилган. Улар ҳақида алоҳида китоблар ҳам битилган. Бизнинг давримизда қилинган ўзгартишлар эса, бир эмас, бир неча китоб бўладиган даражада кўпдир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо дарахти тўнкасида хутба қилар эдилар. У зот минбар тутганларида тўнка йиғлади. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, уни лозим тутганларида у йиғидан тўхтади».

Термизий ва Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ўта содда бўлганлиги ва У зотнинг мўъжизалари ҳақида сўз кетмоқда.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг энг афзал Пайғамбари бўлишларига қарамай хурмо дарахти тўнкасига чиқиб хутба қилишлари, у зотнинг ўта камтар ва содда ҳаёт кечирганларидан дарак беради.

Кейинчалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига бир саҳобия аёл хизматкорига айтиб, ясатиб берган уч поғонали минбарга чиқиб хутба қилаётганларида, у зотнинг фироғига чидай олмай, ҳалиги тўнка ёш болага ўхшаб йиғлаган. Бу йиғини Жума намозига келганлар барчалари эшитганлар. Йиғлаб турган тўнкага Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини қўйганларида у йиғидан тўхтаган. Бу – Пайғамбарлик мўъжизаси эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқларини қўйиб туришларидан жонсиз тўнка ҳам фахрланар экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тарк қилиб минбарга ўтганларига надомат қилиб йиғлаган экан.

Ҳа, Муҳаммад алайҳиссаломга уммат бўлиш бахтига муяссар бўлганлар ҳар қанча хурсанд бўлса, шунча оз. У зотга уммат бўла туриб, шариятларига, суннатларига амал қилмаганлар ҳар қанча йиғласалар, шунча оз.

Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай кишилардан воз кечишлари аниқ ва равшан. Нобакор одамлар ушбу ривоятдаги тўнкачалик ҳам эмаслар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Бир аёл келиб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, сизга устида ўтирадиган бир нарса қилиб берайми? Менинг дурадгор қулим бор», деди.

«Агар хоҳласанг, минбар қил», дедилар у зот».

Учовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Ўша ҳимматли саҳобиянинг исмлари Оиша бўлган экан. Дурадгор ғуломнинг исми эса Маймун.

Ушбу суҳбатдан кейин Маймун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга уч поғоналик минбар ясаган ва унинг хожа ойими мазкура Оиша розияллоҳу анҳо олиб келиб ўрнатган. Ўша минбарга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб хутба айта бошлаганларида аввалги ривоятда келганидек, тўнка йиғлай бошлаган. Бу минбар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам узоқ вақт турган. Кейинчалик масжидга ўт кетганда куйиб кетган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида бошқа айтарлик нарса бўлмаган. Бу масжидлар содда ва зебу-зийнатсиз бўлишига тарғиб десак адайшмаймиз.

 

islom.uz

Read 2023 times

Мақолалар

Top