Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Самъ ва басар сифатиға ишоратдур (Ўн бешинчи мавзу)

 

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

(5.6) Самъ ва басар сифатиға ишоратдур

 

Яна бил васфи самъу васфи басар,

Илмдин мунда ўзга маъно бор.

Бу эшитмак қулоқдин эрмас,

Ушбу кўрмакта кўз мадад бермас.

Гар қоронғуву, гар ёруғ бўлсун,

Гар йироқ бўлсин, гар ёвуқ бўлсун,

Кўрару эшитур тафовутсиз,

Ажз йўқтур жанобида ҳаргиз.

 

5.6. Самъ ва басар (эшитиш ва кўриш)

сифатининг шарҳи

 

Яна (Аллоҳ таолога хос бўлган) самъ (эшитиш) ва басар (кўриш) сифатини ҳам билиб ол. Бунда илм сифатидан бошқа маъно бордир (илмни эгалласанг, бунда бошқа маъно борлигини билиб оласан). Бу эшитиш (инсонларда бўлганидек,) қулоқ  сабабли  эмас,  бу  кўришда  (бандаларда  бўлганидек)  кўз  ёрдам қилмайди.

Хоҳ қоронғу, хоҳ ёруғ бўлсин, хоҳ йироқ, хоҳ яқин бўлсин, фарқи йўқ, Ул зот тафовутсиз кўради ва эшитади.  Жаноби Аллоҳ таъолода асло (инсон ва бошқа махлуқотларга хос бўлган) ажз – ожизлик йўқдир.

 

ШАРҲ. Аллоҳ таъоло эшитгувчи, кўргувчидир, У зот яширин ёки ўта пинҳон бўлган ҳамма нарсани эшитади, катта ёки кичик бўлган ҳамма нарсани кўради. Унинг эшитмоғига узоқлик, кўрмоғига эса қоронғулик монеъ бўла олмайди. Шак-шубҳасиз, У қоронғуликда юрган чумолини ҳам кўради. Унинг кўрмоғи ва эшитмоғи ҳеч бир жиҳати билан биз инсонларнинг кўриш ва эшитишимизга ўхшамайди. У янги ва эски, жузъ ва кулл (бўлак ва бутун) – ҳамма борлиқни эшитади ва кўради («Жомиъ ул-мутун»).

 

САМЪ ВА БАСАР СИФАТИГА ИЗОҲ. Аллоҳ таъоло азалий зоти ва вужудий сифатлари билан эшитади ва кўради.  Товушлар, ҳарфлар, сўзлар, жисмлар, ранглар, ҳаво, шамоллар, тотлар (таъмлар), шакллар, ҳаракат, ҳаракатсизлик,  тўпланиш,  ажралиш,  хотиралар  сингари  борлиқларнинг  саналган бу сифатларини ва зотларини азалий ўлароқ кўради ва эшитади.

Самъ ва басар сифатлари тажаллий этганида мавжудот ва махлуқот эшитади ва кўради, эшитиладиган ва кўриладиган нарсалар инкишоф бўлади – очилади, маълум бўлади.)

Калом  сифатига  изоҳ.  Бу  сўнгги  байтда  Қуръони  каримнинг  бир неча оятлари маъноси ифодаланган. “(У) осмонларнинг ва ернинг мислсиз яратгувчисидир. У бирор ишнинг бўлишини хоҳласа, унга фақатгина «Бўл» дер, бас, у дарҳол бўлур” (2/Бақара сураси, 117-оят).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 2165 times
Tagged under

Мақолалар

Top