Мақолалар

Шариат ман этган икки амал

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Киши биродарининг савдоси устига савдо қилмасин. Ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмасин. Илло, унга ўзи изн берса, зарари йўқ”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

“Киши ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмасин”. Масалан, киши бирор буюмни ихтиёр шарти* билан сотиб олган харидорга: “Савдоингни бузгин, мен сенга шу нархга ўз молимни сотаман ёки ундан арзонроққа сотаман”, деб таклиф қилиши ёки савдолашиб, нархига келишиб бўлган сотувчига: “У харидор билан савдоингни бузгин. Шу буюмингни қимматроққа сотиб оламан”, деб айтишидир.

Бошқа бир ривоятда: “Мусулмон ўз биродарининг савдолашиши устига савдолашмасин”, дейилади. Савдо устига савдолашиш қуйидагича: сотувчи ва харидор ўзаро келишиб туришган бўлса-ю, лекин савдо битими қилинмаган бўлса, ўзга одам келиб сотувчига: “Шу молни қимматроққа сотиб оламан”, деб таклиф қилса ёки харидорга: “Шу молга ўхшаш молни яна ҳам арзонроққа бераман” деса, ҳаром бўлади.

“Ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмасин. Илло унга ўзи изн берса, зарари йўқ”. Масалан, киши бир аёлга совчи қўйиб, икки томон бир-бирига маъқул келса, бу воқеадан хабар топган бошқа шахс совчилик устига совчи қўйса – бу ҳолат ҳаром эканига уламолар иттифоқ қилишган.

Ҳадисда совчилик устига совчилик қилиш фақат биринчи совчи воз кечганда ёки рухсат бергандагина жоиз экани таъкидланди. Биринчи совчига розилик берилганидан кейин, никоҳ ақди тузилмай, совчи воз кечди, деб ҳисобланадиган даражада кўп вақт ўтиб кетса ёки келин бўлмишга зарар етказадиган даражада узоқ вақт ғойиб бўлинса ё қиз тараф ўша биринчи совчига розилик берганидан кейин фикрларидан қайтиб қолса, бундай ҳолатларнинг барчаси биринчи совчининг воз кечгани ёки изн бергани ҳукмига ўтади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бировнинг савдоси устига савдо қилиш, ўзганинг совчилиги устига совчилик қилиш, бир сўз билан айтганда, бошқаларга қандай йўл билан бўлса ҳам озор етказиш, улар орасини бузиш, адоват ва нафратни келтириб чиқарадиган ҳаром ишдир.

Манбалар асосида

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси

Сурайё Иброҳимова тайёрлади

Read 2511 times

Мақолалар

Top