Мақолалар

Бошқа мазҳабнинг ҳукмини олиш жоизми? Ёхуд ким фатвога ҳақли?

Ўзича амал қилмаслик ёки мазҳабга тўлиқ амал қилишнинг вожиблиги

Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Обидин Димашқий (1783–1836) раҳимаҳуллоҳнинг “Уқуду расмил муфтий” асари фатво чиқариш қонун-қоидаларини ўқиб-ўрганишда ҳанафийларнинг асосий китоби ҳисобланади. Унда имом Ибн Обидин умумий қоида ва тамойилларни баён қилади. Бу китобнинг ҳанафийлар орасида обрўси баланд эканига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Қолаверса, мен ундаги қонун-қоидаларни очиқчасига рад қилган бирор таниқли уламони билмайман. Мақоланинг давомини тушунишга ёрдам бериши учун мазкур китобдан бир неча тезисларни қисқача қилиб келтириб ўтаман.

1. Ўзи истаган қараш ёки фикрга эргашиши мумкин эмас.

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Амал қилиш ёки бировга фатво (жавоб) бериш учун фақатгина мазҳаб олимлари қувватли, деб ҳисоблаган қавлга эргашиш вожибдир. На ўзи амал қилиши ва на бировга фатво бериши учун истисно ҳолатлардан бошқасида кучсиз қавлга эргашиш мумкин эмас”.

Шунингдек, “Шифа ал-илал” номли рисолада Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ Қосим Қутлубуғонинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Кучсиз қавлга таяниб ҳукм чиқариш ёки фатво бериш – жоҳиллик ва ижмога зид”.

2. Мазҳабдаги кучли қавлни фақатгина таржиҳ аҳли белгилаб бериши мумкин.

Биринчи ҳолатимиздан келиб чиқиб, яъни ўзимиз истаган қавлга эргаша олмас эканмиз, у ҳолда мазҳабда амал қилинадиган қавлни ким ажратиб беради, деган савол пайдо бўлади. Албатта, бу вазифа фақатгина ижтиҳоднинг маълум даражасига етган олимлар томонидан амалга оширилиши мумкин, холос.

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Билгинки, муносиб кишилар томонидан кучли деб ҳисобланган нарсага эргашиш вожибдир”.

Муаллиф ўша муносиб кишилар ким эканини шундай изоҳлайди: “Яъни таржиҳ аҳли. Бу нарса ҳар қандай олимнинг ҳам таржиҳи яроқли бўлавермаслигига ишора қилади”.

3. Фақиҳларнинг илмий даражаси турлича бўлади.

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ фақиҳларнинг етти табақаси ҳақида Ибн Камол Пошонинг тақсимотини келтиради. Бундай табақаланиш ҳамда Ибн Камол Пошо қайси олимни қайси табақага киритгани кейинги давр олимлари, жумладан, Лакнавий, Маржоний ва Кавсарий кабилар томонидан танқидга учраган. Танқиднинг асоси баъзи табақани бир-биридан ажратиш мумкин эмаслиги, шунингдек, фақиҳлар ўзлари муносиб бўлган ўриндан қуйироққа қўйилгани билан боғлиқ. Аммо улардан бирортаси фақиҳларнинг табақалари, кимлар таржиҳ соҳибию кимлар таржиҳ аҳли эмаслиги борасидаги фикрларни хато санашмаган.

4. Мазҳабдаги мужтаҳид анчадан бери йўқ, муфтийнинг вазифаси эса – таржиҳ аҳли қувватли деб белгилаган нарсага эргашиш.

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бизнинг замонамизда муфтий-мужтаҳидлар йўқ, фақатгина соф муқаллидлар қолган, холос”. У охирги мазҳаб мужтаҳидлари орасида Камол ибн Ҳумом (вафоти ҳижрий 861 йил) ва Қосим Қутлубуғо (вафоти ҳижрий 879 йил)ни ҳам зикр қилади. Ибн Нужаймни эса соф муқаллидлар қаторига қўшади. Агар Ибн Нужаймнинг таржиҳи олдинги таржиҳ соҳибларининг қарашларига мувофиқ келмаса, унинг таржиҳи ҳеч қандай кучга эга эмас.

5. Фатво аҳллари усул ва фиқҳга эмас, балки мазҳаб китобларидаги очиқ-равшан матн (нақл)га асосан фатво беришлари лозим.

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Муфтий ўша (мужтаҳид)лар очиқ баён қилиб кетган матнни тўғридан-тўғри келтириш (орқали жавоб бериш)и вожибдир”.

Айтиш лозимки, Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ бу ўринда ўзини ҳам назарда тутмоқда. Ҳатто Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳнинг ҳам усул ва фиқҳ асосида фатво чиқаришга ҳаққи йўқ экан, имом Насафийнинг “Манор”и асосида фатво беришга уранаётганлар кишини ҳайратга солади.

Юқоридагилардан хулоса қилинадиган бўлса, Қосим Қутлубуғодан сўнг мазҳабдаги ҳар қандай таржиҳ ҳеч қандай кучга эга эмас ва у рад қилинади. Чунки бу муқаллидларнинг ҳукми ҳисобланади, муқаллидлар эса ҳукм чиқара олишмайди.

Айримлар бу қоида – Ибн Обидиннинг шахсий қараши, холос, деб эътироз билдиришлари ҳам мумкин. Аммо яқиндагина чоп этилган Абу ал-Фая ал-Айни (милодий 1147 йилда вафот этган)нинг фатво одоблари ҳақидаги китобида ҳам худди шу маънони кўриш мумкин. Ваҳоланки, муаллиф бу китобни Ибн Обидиндан илгарироқ ёзган бўлиб, Ибн Обидин уни танимаган. Ибн Обидиндан сўнг бирорта ҳам ҳанафий фақиҳи мазкур тартиб-қоидалар борасида эътироз билдирмаган.

Жузъий масалаларда мазҳабдан ташқарига чиқиш борасида ҳанафий мужтаҳидларининг тутган мавқелари.

Абул Аббос Нотифий айтади: “Агар савол берувчи киши ироқликларнинг мазҳабига эргашадиган бўлса, олим унга Абу Ҳанифа, Абу Юсуф, Муҳаммад ёки Зуфарларнинг қавлларига кўра жавоб бериши керак. Унинг жавобни Шофеъий ёки Моликнинг қавлидан олишга ҳақи йўқ”.

Заҳириддин Марғиноний Кабир айтади: “Бирор аъзоси қонаган оми ҳанафий, бу масалада имом Шофеъийга эргашиб таҳоратини янгиламаслиги мумкин эмас”.

Фахрул Қуддат Муҳаммад ибн Ҳусайн Асрабандий айтади: “Агар (фиқҳдаги ихтилофда) ҳақиқат битта бўлмаганида, муқаллиднинг баъзида бир мужтаҳидга, баъзан эса бошқасига тақлид қилишга ҳақи бўларди. Бу эса диннинг ҳавои нафс устига қурилганини билдиради ва бу бузуқликдир...

(Фиқҳий ихтилофда) ҳақиқат битта дейдиган оддий мусулмон (оми)лар учун ўзлари энг билимдон деб ҳисоблаган фақат битта имомга эргашишлари вожиб бўлади ва ўз ҳавои нафсларига эргашиб, унга хилоф қилишлари мумкин эмас”.

Шайхул Ислом Бурҳониддин Марғиноний айтади: “Талоқни уйланишига боғлаган (ҳанафий мазҳабидаги) киши уйланиб, бунинг ҳукмини шофеъийлардан сўраганида, уларнинг ўз мазҳаблари бўйича “талоқ тушмайди”, деган жавоблари ҳам унга ҳужжат бўлолмайди (яъни талоқ тушади)”.

Муҳаммад ибн Асрушаний айтади: “Эркак ва аёлга шофеъий мазҳабидан ҳанафийликка ўтиш ёки аксинча қилишга рухсат берилади. Шарти – тўлақонли ўтиш керак, бир-икки масалада ўтиш мумкин эмас...

Баданидан қон чиқиб, оққан ҳанафий шофеъий мазҳабига эргашиб, таҳоратини янгиламай намоз ўқиши мумкин эмас. Агар шу ҳолда намоз ўқийдиган бўлса, унга тарсаки туширилиши керак”.

Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Мазкур имомлар мазҳаб мужтаҳидлари бўлиб, уларнинг ичида фақатгина Камол ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ бир мазҳабдан бошқасига ҳеч қандай сабабсиз ўтиш мумкин, деган фикрни илгари суради. Қолаверса, унинг ўзи бу қараш ҳанафийларга тегишли эмаслигини ҳамда ҳанафийларда бу иш гуноҳ саналиб, унга жазо берилишини очиқ кўрсатиб ўтган. Умуман олганда, Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ ўзининг мазҳабга алоқадор бўлмаган қатор шахсий фикрлари билан машҳур бўлган.

Бирор сабабсиз бошқа мазҳабга ўтиш мумкин, деб ҳисоблайдиган, жумладан, имом Шурунбулолий каби уламоларнинг ҳаммаси муқаллидлардир. Уларнинг шахсий фикрлари асосида фатво берилмайди. Шундай экан, ҳанафий мазҳаби доирасида бу фикрга эргашиш мумкин эмас.

Замонамиз олимларининг – ҳурматлари бош устига – қилаётган ишлари фатво учун манба бўлолмайди. Агар оддий мусулмон савол бераётган бўлса, у менинг ёки шайхимнинг фикрини ёки унинг кундалик ҳаётда қандай иш тутиши ҳақида эмас, балки ҳанафий мазҳабининг ҳукмини сўраётган бўлади. Агар савол ҳанафий мазҳаби доирасида берилаётган бўлса, албатта, жавоб ҳам фақат ана шу доирада бўлиши керак. Мабодо киши ўзининг шахсий ўй-фикри, тафаккури билан қандайдир хулосага келадиган бўлса, уни мазҳабга нисбат бермай, ўзининг шахсий хулосаси эканини қайд этиши лозим.

Бу масаланинг моҳияти илмийлик эмас, балки маънавийлик жиҳатидадир: қачонки талаба устозида мазҳабга қатъий амал қилиш кўникмасини топмас экан, бундай муносабат унинг ўзига ҳам ўтади.

Йигирма йилдан бери ҳадислар устида чуқур изланишлар олиб бораётган устозимиз, муфтий Муҳаммад Исҳоқ Банна кўпинча шундай дерди: “Насбур-роя” (Имом Марғинонийнинг “Ҳидоя” асаридаги ҳадисларнинг тахрижига бағишланган асар) ёки “Иълааус-сунан” (Ҳанафий мазҳабидаги ҳукмларга далил бўлган ҳадислар жамланган асар) каби китоблар мазҳаб устидан қозилик қилолмайди. Ҳатто уларнинг муаллифлари мазҳабнинг қарашига бирор далил-ҳужжат тополмаган тақдирда ҳам, у (мазҳабдаги гап) барибир ўзгармайди. Мазҳаб бизгача шундай етиб келган ва биз бу омонатни шундайлигича етказишимиз керак”.

Абу Али Ашъарий Ҳанафийнинг

 шу номли мақоласидан

Азизбек ХОЛНАЗАРОВ таржимаси

Read 2483 times
Tagged under

Мақолалар

Top