Мақолалар

ИККИНЧИ ЖАМОАТ ЖОИЗМИ?

«Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Имом билан жамоат бўлиб намоз ўқилган масжидда қайта жамоат бўлиб ўқиш – макруҳ. Албатта, бу ҳукм унда азон ва иқомат айтилиб, намозлар жамоат билан ўқиладиган масжидларга тегишлидир. Азон ва иқомат айтилмайдиган, намозлар жамоат бўлиб ўқилмайдиган масжидлар бундан мустасно”».

Яъни азон ва иқомат айтилиб, масжид имоми билан бирор намоз (масалан, пешин) ўқилгач, ана шу масжидда пешинни ўқиш учун иккинчи жамоатнинг ҳозир бўлиши макруҳ саналади. Бу ҳолатда аввалги жамоат – масжид имоми билан ўқилган намозга етиша олмаган киши намозни ёлғиз ҳолда ўзи ўқийди. Имоми тайин қилинмаган, азон ва иқомат айтилиб, намозлар жамоат билан ўқилмайдиган мусофир-йўловчилар, ишчи-хизматчилар учун қурилган масжид ёки намозхоналарда эса намозларни иккинчи жамоат билан ўқишнинг зарари йўқ.

Имом Абу Бакр Жассос раҳимаҳуллоҳ мазкур кароҳатни шарҳлаб шундай дейди: Фақиҳлар азон ва иқоматни қайтармасликка иттифоқ қилишган. Зеро, азон ва иқоматни такрорлаш яна шундай (аввалгидек) жамоатнинг жамланишини вожиб қилади. Чунки жамоатлар азон ва иқоматсиз намоз ўқимайди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (бир куни) масжиддакўринмай қолдилар, шунда саҳобалари намозни (ўзлари жамоат бўлиб) ўқиб олишди. У зот қайтиб келганларида аҳли байтлари олдига кириб, улар билан бирга жамоат бўлиб намоз ўқидилар (Имом Табароний ривояти).

Агар масжидда қайта жамоат бўлиш мақбул бўлганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни асло тарк қилмас эдилар. Чунки у зотнинг масжиддаги жамоати бошқа ердаги жамоатидан кўра афзалроқдир.

Шунингдек, агар жамоатни қайтариш жоиз бўлганида намозларни ўқиб бериш учун масжидга муайян имомнинг тайин қилиниши шарт қилинмаган ва ҳар бир жамоат ўз имоми билан азон ва иқоматни айтиб ўқишган бўларди. Шунинг учун қайта жамоат қилиш жоиз эмас.

Агар “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда ёлғиз намоз ўқиётган кишини кўриб: “Ким буни тасдиқлаб, у билан бирга намоз ўқийди?” деганлар” (Имом Абу Довуд ривояти), ваҳоланки, бу ҳолат намоз масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жамоат бўлиб ўқилганидан кейин юз берган, деб эътироз қилинса, жавоб шундай бўлади:

Юқорида келтирган масжиддаги жамоатга етишолмаган кишининг аҳли оиласи билан уйида жамоат бўлиб намоз ўқиши ҳақидаги ҳадисимизни масжидда иккинчи жамоатнингтақиқланишига далолат қилади, деб айтиш тўғрироқдир. Чунки мазҳабимизда тақиқ ва рухсат баробар келиб қолганида тақиқни олиш афзал ҳисобланади» (“Шарҳу Мухтасари ат-Таҳовий”, 8-жуз, 518 – 520-бетлар).

Ҳанафийларнинг энг сўнгги муҳаққиқ олимларидан Ибн Обидийн номи билан танилган Муҳаммад Амийн қуйидагиларни келтиради:

«Такрори жамоат макруҳдир. Чунки Абдураҳмон ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳумо отасидан шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорларнинг ўртасини ислоҳ қилиш учун уйларидан чиқдилар. Қайтиб келганларида масжидда намоз жамоат билан ўқиб бўлинган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан бирининг уйига кириб, аҳлларини жамладилар ва улар билан жамоат бўлиб намоз ўқидилар”. Агар масжидда такрори жамоат макруҳ бўлмаганида у зот, албатта, масжидда ўқиган бўлардилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари масжиддаги жамоатни ўтказиб юборишса, масжидда намозни ёлғиз-ёлғиз ҳолда ўқишар эди”. Чунки такрор жамоатнинг камайиб кетишига олиб келади. Одамлар жамоат намозидан кеч қолишларини билганлари учун жамоатга шошилишади, натижада жамоат кўпаяди. Аксинча жамоатдан кечикиш хавфи бўлмаса, улар намозларни ортга суришади. Шунга кўра, масжид аҳли намозни ўқиб бўлгандан сўнг бошқа жамоат масжидга кирса, энди улар намозни ёлғиз ҳолда алоҳида ўқишади…

Имом Абу Ҳанифадан қилинган бир ривоятга кўра, агар (иккинчи) жамоат уч кишидан ортиқ бўлса, макруҳ бўлади, ортмаса макруҳ эмас. Имом Абу Юсуфдан қилинган ривоятда эса агар иккинчи жамоат биринчисидек кўринишда бўлмаса, макруҳ эмас, агар бир хил бўлса макруҳ бўлади, дейилган. Мана шу тўғридир. Меҳробдан бошқа ерда ўқиш ҳам кўринишни ўзгартиради. “Баззозия”да шундай келган. “Татархония”да “шуни оламиз” деган ривоятбор» (“Роддул муҳтор”, 2-жуз, 64-, 288 – 290-бетлар).

Демак, ҳар бир мўмин кишиимкон қадар намозларни масжидда биринчи (асосий) жамоат билан ўқишга ҳаракат қилиши лозим. Шунда у жамоат намозидан кўзланган ҳақиқий маъно – жамланишни топган ва унинг ажрини қўлга киритган ҳисобланади.Акс ҳолда “биринчиси бўлмаса, кейингисига улгураман” деган нотўғри тушунча билан жамоат учун белгиланган вақтларга риоя қилинмай қўйилади. Оқибатда масжидда кичик-кичик жамоатлар, яъни бўлиниш юзага келади. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига мутлақо хилофдир. Зеро жамоат қанчалик катта бўлса, унинг савоби ҳам шунча улуғ бўлади.

“Шарҳу Мухтасари ат-Таҳовий”, “Раддул муҳтор”

асарлари асосида Абдулазиз РАҲМИДДИН тайёрлади

Read 3596 times

Мақолалар

Top