Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Олтинчи муъман биҳнинг шарҳини муносабат жиҳатидин мунда қилинди (Ўн еттинчи мавзу)

 

НАЗМ

 

Олтинчи муъман биҳнинг шарҳини муносабат

жиҳатидин мунда қилинди

   

   Тақдирға ишоратдур

 

Еру кўк ичра ҳар не ҳодисдур,

Тенгри тақдири, билки, боъисдур.

Куфру дин, зуҳду фисқу яхши-ямон,

Тенгри тақдири бирладур яксон.

Феълингиз ҳар недур, билинг Ондин,

Ямону яхши барча – Раҳмондин.

Ямону яхшидур – қазоси анинг,

Яхшиғадур вале ризоси Анинг.

Зоҳидиға тегар тувбан таъабе,

Ёрлақар фосиқени бесабабе.

Зулм эмастур, эрур бори иши хўб,

Адл ила фазл эрур Анга мансуб.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

БОБУР ИЗОҲИ. Олтинчи муъман биҳ (иймоннинг олтинчи шарти)нинг шарҳи мавзуга муносиб бўлгани сабабли бу ўринда қилинди.

 

Тақдирга ишонмоқ шарҳи

 

Еру осмон ичра яна ҳар нимаики бор бўлса, ҳаммаси ҳодисдир – кейин пайдо бўлгандир. Бунга Аллоҳ таъолонинг тақдири – белгилаб қўйган ўлчови, андазаси, қазою қадари сабабдир.

 

ИЗОҲ. Инсон, жин, Ер, осмон, малак (фаришта), шайтон, ҳайвон, ўсимлик, жонсиз мавжудот, жавҳар, маъдан, идрок этиладиган ва ҳис қилинадиган нарсаларнинг ҳамма-ҳаммаси ҳодисдир (кейин пайдо бўлгандир). Жаноби Ҳақ буларни йўқдан бор қилган («Жомиъ ул-мутун»).

 

Куфр ва иймон, зуҳду фисқ, яъни дунё лаззатларидан кечиб, Ҳаққа берилиш ҳам, Ҳақ йўлдан чиқиб, нолойиқ ишларни қилиш ҳам, яхши ва ёмон ишлар ҳам – ҳаммаси бирдай Аллоҳнинг белгилаб қўйган тақдири биландир.

 

Феълингиз ҳар қандай бўлса, Ундан деб билинг, чунки яхши ва ёмон ишларнинг ҳаммаси Раҳмон бўлмиш Аллоҳдандир.

 

Яхши  ва  ёмон  ишларнинг  ҳаммаси  Унинг  қазою  қадари  биландир, лекин (Унинг ёмон ишларга ризоси йўқ,) Унинг ризоси фақат яхши ишларгадир (Аллоҳ фақат яхши ишлардан рози бўлади).

 

Зоҳидга – дунёдан ўзини тортиб, тоат-ибодатга берилган кишига, хоҳласа, Ундан машаққат, қийинчилик етади, (хоҳласа,) фосиқни, яъни Ҳақнинг итоатидан чиққан гуноҳкорни ҳеч қандай сабабсиз ҳам раҳмат қилаверади. Унинг барча иши яхшидир, зулм-ноҳақлик эмасдир, адолат ва фазл – лутфу карам Унга тегишлидир, Унга хосдир.

 

ИЗОҲ. Тақдирга – яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан эканига ишонмоқ иймон шартларидандир.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 2356 times
Tagged under

Мақолалар

Top