Мақолалар

Гўзал ахлоқ нима, ё Расулуллоҳ?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари бизга буюрганлари, ўргатган нарсалари, тавсияларини хулоса қилмоқчи бўлсак, у киши масалаларни лўнда, ихчам ва мақбул шаклда буюрганлар ва бир бутун нарсанинг ҳамма томонини ҳисоб-китоб қилиб мувозанатли, қониқтирадиган тарзда ҳукм чиқарганлар. Бировга имкониятидан ортиқ юк юкламаганлар ва бировга азият етказмайдиган тадбирларни қўллаганлар.

Инсоний муносабатларнинг барчасини ғоят мутаносиб тарзда тартибга келтирганлар.

Бунинг намунасини ўз ҳаётлари, яшаш тарзлари орқали кўрсатиб ҳам берганлар...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал ахлоқ, савобли ҳар қандай хизмат – холис Аллоҳ ризоси учун бўлиши кераклигини уқтирганлар...

Бир ҳадиси шарифда “Гўзал ахлоқ нима, ё Расулуллоҳ?”, – дея сўрашганда, шундай деб жавоб берадилар:

تغفر عمن ظلمک، تعطی من حرمک، تصل من قطعک (راموز الاحاديث 2/152)

Тағфиру амман заламака туъти ман ҳарамака тасилу ман қатаака.

“Сенга зулм қилганни кечир, сенга бермаганга сен бер, сендан алоқасини узган билан алоқа ўрнат, борди-келди қил”, деганлар.

Юқорида бирор савобли иш, яхшилик – холис Аллоҳ ризоси учун бўлиши керак дедик. Яъни “Ҳасбатан лиллаҳ”, фақат холис Аллоҳ ризоси учун қилинади. Бировга яхшилик қилсак, ундан бирор манфаат, бирор яхшилик кутмаймиз. Ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қилишга буюрилганмиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида: “Мусибатнинг ёки етган бирор хасталик ёки ранжитувчи воқеани ҳам Аллоҳнинг бир икроми эканини англамаган киши – ҳақиқий мўъмин киши эмасдир”, деб буюрганлар.

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳодисаларга муносабатлари, қарашлари бизникига ўхшамайди... Бирор касаллик етса ҳам Аллоҳнинг бир қадари, тақдири, бунга сабр қилинса, савоб берилади.. Бирор мусибат ҳам Аллоҳнинг тақдири, сабр қилсак савоб топамиз ва ҳакозо...

Аллоҳу таоло бизларга ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари билан хулқланишни насиб айласин... Аҳли аёлимиз, қариндош уруғларимиз, қўни-қўшниларимиз, барча мусулмон биродарларимиз билан муносабатларимизда, тижорат ишларимизда, ижтимоий ҳаётимизда, иш фаолиятимизда шаръий-ахлоқий қоидаларга амал қилиб яшашимизни Жаноб Ҳақ жумламизга насиб этсин!..

Ўзининг ризосини қозонишни бу дунёда бахтиёрликни, бахтли бир ҳаётда яшашни, саодатли жамият тузишни ҳамда охиратда савоб қозонган ҳолда Оллоҳнинг ризолигига муяссар бўлиб, жаннати, жамоли билан сийланишни, шарафланишни барчамизга насиб айласин...

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

 

Read 2506 times

Мақолалар

Top