Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Учинчи муъман биҳнинг шарҳи (Йигирманчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

Учинчи муъман биҳнинг шарҳи

 

Тенгрига, билки, кўб Китобдурур,

Анда ҳам лутфу ҳам итобдурур.

Бу Кутуб юздуру яна ўн тўрт,

Кимгаким, мункир ўлса, тушсун ўрт.

 

Анбиёға келибтурур бу кутуб,

Умматиға набийлари ўқутуб.

Лек иймон ададға лозим эмас,

Мужмал иймон Кутубға келтур, бас.

 

Бу Кутубдинки, тўртдур машҳур,

Бири Тавротдур, бири Забур.

Яна Инжилу яна Фурқондур,

Эмди машҳур оти Қуръондур.

 

Бу Кутубким, аларға келди фуруд,

Бири Мусодуру яна Довуд.

Яна Ийсодуру Муҳаммад, бил,

Ушбу тартиб ила таъаққул қил.

 

Бу Кутубки, дейилди баъзи оти,

Барчасини бил каломию сифоти.

Сифоти Тенгридин жудо эрмас,

Дема махлуқким, раво эрмас.

 

НАСРИЙ БАЁН

Иймон келтириш шарт бўлган учинчи

нарсанинг шарҳи

(Иймоннинг учинчи шарти)

 

Билки, Аллоҳнинг кўп китоблари  (тўрт Илоҳий китоб ва юборган саҳифалари) бордир. Уларда Аллоҳнинг лутфу карами ҳам итоби – қаҳру ғазаби ҳам баён қилингандир. Бу китоблар (Илоҳий саҳифалар билан бирга) бир юзу ўн тўрттадир. Буни инкор қиладиган кимсага ўт тушсин (ўт-алангада куйсин).

 

Бу китоб (ва саҳифалар Аллоҳ тарафидан) пайғамбарларга нозил қилингандир, пайғамбарлари ўз умматларига ўқитгандирлар. Лекин уларнинг саноғига иймон келтириш зарур эмас, барча Илоҳий китобларига (ҳақдир деб) ижмол билан мухтасар иймон келтирсанг, етарлидир.

 

Бу Илоҳий китоблардан тўрттаси машҳурдир: бири Таврот, бири Забур, яна бири Инжил, яна бири Фурқон бўлиб, ҳозир унинг энг машҳур номи Қуръондир.

 

ИЗОҲ. Асли Илоҳий китоблар бўлган Таврот, Забур ва Инжилнинг бугунги  нусхалари  инсонлар  қўли  билан  ўзгартирилган  ва  илоҳий  моҳияти бузилган ҳолдадир, яна муқаддас Қуръони карим билан мансух қилингандир. Қуръони карим эса бирор ҳарфи ҳам ўзгармайдиган, то қиёматгача дастурул-амал бўладиган Китобдир.

 

Бу китоблар нозил қилинган зотлар эса, бирлари Мусо алайҳиссалом, бирлари Довуд алайҳиссалом, яна бирлари Ийсо алайҳиссалом ва яна бирлари ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Ана шу тартибда ақлингга, зеҳнингга жойлаб ол.

 

Билки,  номи  айтилган  бу  китобларнинг  барчаси  Аллоҳ  таъолонинг Каломи ва сифатларидир. Аллоҳнинг сифати Зотидан жудо эмас, Унинг каломини махлуқ – яратилган нарса деб айтма, чунки бу мумкин эмас.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 1953 times
Tagged under

Мақолалар

Top