Мақолалар

Мутаассиб оқимларга қарши курашнинг илмий асослари

Агар огоҳсан сен...

Тарихда фаолияти қайд этилган хори­жия, қадария, муътазилия, кар­ромия каби адашган оқимлар негизида шаклланган замонавий бузғунчи фирқа­ларнинг ғояларига улуғ ватандошимиз Абу Мансур Мотуридий асарлари асосида жавоб бериш муҳим аҳамият касб этади.

Хусусан, биринчи бўлиб муътазилийлар томонидан илгари сурилган ва ҳозирги кунда мутаассиб оқимлар: “Солиҳ амаллар савобини оламдан ўтганлар­га бағишлаш жоиз эмас”, “қабр­ларни зиёрат қилиш, дунёдан ўтганларнинг ру­ҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилиш кечирилмас гуноҳдир”, масаласини келтириш мумкин. Қайд этиш лозимки, мўътабар ман­баларда вафот этганларнинг ҳақига қилинган дуои хайр­ларнинг савоби уларга етиб бориши зикр қилинган. Жумладан, Абу Ҳафс Насафий “Ақоид” асарида: “Тирикларнинг вафот этганлар ҳақига қилган дуолари ва садақалари улар учун наф беради”, деган.1

Ушбу фикр мотуридийлик ва тўрт фиқҳий мазҳаб имомларининг қарашларига мос. Абдулмалик Саъдий мазкур матн­ни шарҳлаш ва қўллаб-­қувватлаш асносида Ҳашр сурасининг: «Улардан ке­­йин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Эй Раббимиз, Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират қилгин”» 10-оятини, шу­нинг­дек, “Май­йитни дафн қилгандан ке­йин унинг ҳақига истиғ­фор айтиб, собит ту­ришини сў­­ранг­лар. Чунки у ҳозир ҳи­­соб-­китоб қилинади” (Имом Термизий ривояти), де­ган ҳа­дисни далил сифатида кел­тирган.

Юқоридагилар билан бир қаторда, Абдулмалик Саъдий ушбу қарашни қувватловчи тўққизта ҳадисни ҳамда “Жаноза намозининг ўзи ҳам маййит ҳақига дуо, ҳам истиғфордир”, деган ­фикрни келтириб ўтади.2

Адашган оқимларнинг асо­­сий ғояси бўлиб хизмат қилган “такфир” масаласи ҳам бугунги кунда долзарблигича қолмоқда. Ҳозирги кунда “Жамоатул муслимин”, “Сохта салафийлар”, “Шабаб Муҳаммад”, “Ал-қоида” каби оқим ва ташки­лотлар “уларнинг йўлини тутмаган мусулмонларни”, “та­саввуф йўлини тутганларни”, умуман олганда, ­арзимас сабабларни важ ­қилиб, мусулмонларни ко­фирга чиқарадилар.

Бу каби ботил қарашларга аллома Абу Ҳафс Насафий “Ақоид” асарида: “Гуноҳи кабира мўмин бандани имондан чиқармайди ва уни куфрга ҳам киргаз­майди”, деб таъкидлаганини келтиришнинг ўзи кифоя.3 Тафтазо­ний мазкур матнга шарҳ бериб: “Кабира гуноҳ – бу ноҳақ одам ўлдириш, покдомон инсонни зинода айб­лаш, зино қилиш, сеҳр, етимнинг мо­лини ейиш, ота-онага оқ бўлиш...”, деган. Демак, ҳатто, шундай оғир гуноҳга қўл урган кишида ҳам имон сақланиб қолади.4

Шиҳобиддин Маржоний “Ақоид”да келган мазкур матн остида гуноҳи кабира билан киши мўминликдан чиқиб қолмаслиги ҳақида ҳадислар келтириб, мўътазилия ва хорижия таъли­моти вакилларига раддия берган. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «“Раббим ҳузуридан бир элчи келиб, умматимдан ким Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмай вафот этса, жаннатга кири­шининг хабарини берди”, дедилар. Мен: “Зино қилса ҳамми? Ўғрилик қилса ҳамми?” деб сўрадим. У зот: “Зино қилса ҳам, ўғрилик қилса ҳам”, дедилар» (Имом Байҳақий риво­яти).

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан нақл қилинган бошқа ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким: “Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ мавжуд эмас, Унинг шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир. Исо Аллоҳнинг бандаси, расули ва Марямга ташлаган “калима”си ҳамда Ўзидан бўлган руҳдир. Жаннат ҳақ, ­дўзах ҳам ҳақ”, деб гувоҳ­лик берса, қилган амалига қараб, Аллоҳ уни жаннатга киритади”, деганлар» (Имом Бухорий ривояти).

Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ҳадисда бундай дейилган: «Ра­сулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам: “Ким Аллоҳ­дан ўз­га илоҳ йўқлигини эътироф этган (тасдиқлаган) ҳолда вафот этса, жаннатга киради”, дедилар» (Имом Муслим ривояти). Бун­дай маънодаги ҳадислар маънавий мутавотир даражасига етган. Мазкур ҳадислардан киши гуноҳи кабира орқали имондан айрилмаслиги тушунилади.5

Ғулом Ҳусайн “Шарҳу ақоидин Насафий” китобида: “Оят, ҳадисда гуноҳи каби­ра қилган кишиларга нисба­тан “куфр” сўзининг ишлати­лишидан зоҳирий маъно ­ту­шунилмайди. Чунки бош­қа оят ва ҳадисларда гуноҳи кабира қилган киши имонидан айрилмаслиги қатъий собит бўлган.

Хулоса қилиб айтганда, Абу Ҳанифанинг “Ал-фиқҳул акбар”, Абул Юср Паздавийнинг “Усулуд дин”, Абул Муин На­сафий­нинг “Баҳрул калом”, Абу Ҳафс Насафийнинг “Ақоид”, Абул Баракот На­сафий­нинг “Умда”, Усмон Ўшийнинг “Бадъул омолий” асарларида ҳанафий-­моту­ридий­­­лик таълимоти асос­ла­ри тў­ла-тўкис баён этилган.

Мутаассиб оқимларнинг имон ва такфир мавзусида­ги нотўғри қарашларига аҳ­ли сунна вал жамоа олимларининг асарларида тарихда ҳам, ҳозир ҳам асосли рад­диялар берилган.

Жасур НАЖМИДДИНОВ

Read 1895 times

Мақолалар

Top