Мақолалар

Унутилаётган суннатлар (22-суннат): Зуҳо намози

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам уч нарсани васият қилганлар: ҳар ойда уч кун рўза тутишни; икки ракат чошгоҳ – зуҳо ва ухлашимдан олдин витр намозларини ўқишни” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ривояти).

Америкалик бир гуруҳ тадқиқотчилар Ойда инсон томири ва пешобида тўпланиб қолган сувни шимиш хусусияти борлигини аниқлашди. Ой инсон танасидаги бу сувни айнан 13, 14 ва 15 кунлик бўлганида шимиб олар экан. Тадқиқотчилар қамарий ойнинг 13, 14, 15 кунлари еб-ичишни камайтиришни тавсия этадилар.

Зуҳо намози икки ракатдан ўн икки ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.

Қуёш чиққандан таҳминан ўн беш дақиқа ўтгач ушбу намозни ўқиш мумкин. Унинг энг афзал вақти бомдод намозини адо этгандан сўнг, ўша жойда қуёш чиққунча зикр билан машғул бўлиб, қуёш чиққандан кейин ўқишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тўрт ракат зуҳо намозини мунтазам ўқиса, гуноҳи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозини баъзан узлуксиз ўқир эдилар. Биз энди бу намозни ҳаргиз тарк қилмайдилар, дердик. Гоҳида эса ўқимас эдилар, энди бу намозни ҳаргиз ўқимасалар керак, деб ўйлардик” (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2387 times
Tagged under

Мақолалар

Top