Мақолалар

Мўмин бой бўлса, нимаси ёмон?

Яқинда бир йигитнинг: “Айрим имомлар қиммат автоулов миниб, энг яхши кийимларни кийиб, маза қилиб юради. Тағин камтар ва хокисор бўлиш, исроф қилмаслик тўғри­си­да насиҳат қилишади. Ахир, ўзи маркабини со­тиб, йўқсилларга тар­қат­са, бўлмайдими?..” де­гани­ни эшитиб қолдим.

Афсуски, одамлар орасида шундай фикрлайдиган­лар оз эмас. Баъзи кишилар кўз ўнгида имом, умуман, му­сулмон киши деганда, қан­дайдир қолоқ бир инсон қиёфа­си жонланади. Гўё, мў­мин-­мусулмонларнинг ҳаёт тар­зи, тутуми масжидда ўти­ри­шу маъракага боришдан ибо­ратдек...

Бундай қараш қаёқдан ­пайдо бўлди?! Имом, мусул­мон деганда фақат ночор, жонсарак, овози зўрға чиқадиган кишини тасаввур қилувчилар кўзига “замонавий” кўринган мўмин-мусулмон динга амал қил­маётгандек кўринади, ше­­килли. .

Ҳолбуки, кимнинг бой ёки фақир бўлиши Аллоҳ­нинг изни билан, қандай ­ҳаётни танлаши ўзининг иши. Насиҳат қилиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш – на­фақат имом, балки ҳар бир мў­миннинг вазифаси.

Аллоҳ таоло ҳалол касб билан топилган бойликни ҳеч кимга ҳаром қилмаган. Бошқаларга ярашган бой­лик нега энди мўмин-мусул­монга ярашмас экан?! Ни­коҳ ўқиётган имом куёвга: “Аёлингизнинг таъминоти, кийим-кечаги, зеб-зийнати, уй жиҳозию рўзғор буюмлари зиммангизда”, деб ша­риат кўрсатмасини эслатса-ю, ўзи ночор яшаса?! Минбарда: “Фар­зандларингизни ўқи­­тинг, таълим йўлида молин­гизни аяманг, деб ўзи биров­нинг қўлига қараб тур­са? Имомлик­ни уддалаб, бўш вақтида тижорат би­лан шу­ғулланса – бунинг нимаси ёмон?!

“Имом” сўзи истилоҳда “ол­­динда турувчи” деган ­маъно­ни англатади. У одам­лар­га пеш­қадамдир. У на­моз­да олдинда тургани­дек, бошқа ишларда ҳам пеш­во бўлиши керак. Пайғам­баримиз соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам ҳам имом – ҳар бир ишда олдинда турувчи эди­лар. У зотдан ке­йин Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ро­зийал­лоҳу ан­ҳум ха­лифа, шунингдек, имом эдилар. Улар фақирликка тар­ғиб ­қилишмаган. Туя ўша давр­нинг энг яхши улови ҳи­собланиб, у зотларнинг бир қанчадан яхши туялари бор эди. Ҳеч бири туя қимматли улов, эшак минамиз, де­йиш­маган. Жаннат башорати берилган улуғ саҳобалар ора­си­да Абдураҳмон ибн Авф ро­зий­аллоҳу анҳу энг бойи эди.

Саҳобалар ҳалол тижоратда ўз­аро мусобақалашар эдилар. Набий алайҳиссалом ҳеч ким­га нега бой бўлиб кетяпсан, демаганлар. Агар бойлик айб бўлганида, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга бойлик бермаган бўларди.

Исломда бой бўлиш эмас, балки мол-дунёга ҳирс қў­йиш қораланган. Ҳақ таоло бундай марҳамат қилади: «У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган зот» (Бақара сураси, 29-оят). Бошқа бир оятда: «Айтинг: “Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?”» «Айтинг: “У (зийнат ва пок ризқлар) бу дунёда имон келтирган­лар (ва бошқалар) учун, қиё­мат кунида эса холис (мў­минларнинг ўзлари учун бўлур)”», дейилади (Аъроф сураси, 32-оят). Мўмин бой бўлса, закотини жойига берса, қан­дай ях­шидир! .

Шайх Муҳаммад Ғаззо­лий (1917–1996) бундай деган: “Қо­рун эга бўлган мулк­дан кўп­роғига эга бўлинг! Су­лай­моннинг салтанатидан кат­тароқ салтанатни қўлга ки­ритинг! Ҳақиқат қўлловга муҳтож замонда, уни қўллаш учун буларнинг барини илкингизда тутинг! Ўлим онлари келган пайтда эса уларни Аллоҳ йўлида қолдиринг! Кам­бағал, сойилдай яшаш жаннат йўли деб ишониш телбалик ва алданишдир”.

 

Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ

Read 2071 times

Мақолалар

Top