Мақолалар

СОХТА САЛАФИЙЛАР КИМ?

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) давридан 13 аср ўтгач пайдо бўлган сохта салафийлар оқими тарафдорлари, Исломнинг дастлабки уч асридан кейин яшаган мусулмонлар Исломни нотўғри тушунган, деган фикрни илгари суришади. Ваҳоланки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Одамларнинг яхшилари мен билан яшаганлар, сўнг улардан кейингилар, сўнг улардан кейингилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Мазкур давр саҳобалар, тобеъинлар ва табаа тобеъинлар давридир. Ана шу давр салафларнинг давридир. Бу ҳақиқатни ўзларини  “салафийлар”, деб атаётган сохта оқим аъзолари ҳам яхши билади.
Агар теранроқ ўрганиб чиқилса, бугунги “Сохта салафийлар” Исломнинг дастлабки уч асрида чиқарилган ҳукмлардан бошқаси бидъат дейишади-ю,  бироқ уларнинг ўзлари бунинг тескарисини қилишади. Ҳолбуки, улар Ибн Таймийя, Ибн Қайюм каби раҳнамоларининг сўзларидан бошқасини тан олмайди ва тўрт нафар мужтаҳид имом: Имоми Аъзам, Имом Шофиъий, Имом Молик ва Имом Аҳмад Ҳанбалий (раҳматуллоҳи алайҳим)га эргашганларни эса қоралайди.  Аслида улар эргашаётган “мужтаҳид”лар солиҳ салафлар қаторига кирмайди. Чунки Ибн Таймийя ва Ибн Қайюм Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)дан деярли олти юз йил кейин яшаб ўтишган. Демак, «салафий” оқимининг икки имомини солиҳ салафлардан олти асрлик тафовут ажратиб турибди. Орадан шунча узоқ вақт ўтган бўлишига қарамай, “Сохта салафийлар” бу икки шахснинг таълимотини жуда катта эътибор билан ўрганиб, амал қилишади.
Яна улар гўё “пок” шариатга қайтишга ва кейинги даврда пайдо бўлган “бидъатлардан” воз кечишга ҳамда барча ҳукмларни фақатгина Қуръон ва Суннатдан олишга чақиради. Бу шундай ҳам ҳаммага маълум. Лекин масала бошқа тарафда – у икки манбадан ҳукм қандай равишда ва қайси усуллар билан чиқаришдадир. Ҳақиқатан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръон ва Суннатга эргашишни буюрганлар. Қуръон ва Суннат - ҳадислар орқали англанади. Улардаги  шаръий ҳукмларни эса мужтаҳидлар тушунтириб берадилар. “Сохта салафийлар” эса, Суннатни бизга тушунтириб берган бу олимларни адашган деб эълон қилиб, Суннатга эргашиш имкониятини йўққа чиқаришмоқда. “Сохта салафийлар”нинг иддаосига кўра, аҳли сунна вал жамоадаги ақидавий йўналиш асосчилари Ашъарийлар ва Мотурудийлар – Аҳли суннадан чиқиб адашганлардир. Ҳолбуки, ҳадис тўпламларини шарҳ қилган деярли барча олимлар, эътиқодда Мотурудий ёки Ашъарий бўлганлар.
“Фақатина Қуръон ва Суннатга эргашиш керак” деган салафийларнинг чақириғи назариётдагина яхшидир, амалий ҳаётда эса, мусулмонларнинг кундалик муаммоларига тааллуқли минглаб саволларга дуч келинади. Охир оқибат, ҳар бир одам учун, “ҳақиқий мужтаҳид олимга эргашиш керакми ёки навбатдаги бир фирқанинг “етакчисининг” ижтиҳодигами?” деган савол кўндаланг бўлаверади. “Сохта салафийлар” ҳақида исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “Ислом ва ақидапараст оқимлар” китобида бундай дейилади: “Сохта салафийлар - ...араб ва мусулмон мамлакатларида кенг тарқалган бўлиб, Ўрта Осиёга ҳам кириб келмоқда. Бу оқим тарафдорлари ислом динининг ҳар бир замон ва ҳар бир маконга мослаша олишини тан олмайдилар. Ўн тўрт асрдан бери Исломнинг етук алломалари, фақиҳу мужтаҳидлари қабул қилган фатволарга амал қилишга қарши чиқадилар.

Абдувоҳид Ўрозов

Read 2056 times

Мақолалар

Top