Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар САЙФУДДИНОВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум, домла. Динимиз ҳалоллик, тўғрилик ва поклик асосига қурилган. Аллоҳ таоло бизга нимани буюрган бўлса, фойдамиз учун, нимадан қайтарган бўлса, зарар кўрмаслигимиз, яъни, яна фойдамиз учундир. Маъқул кўрсангиз, бугун ҳалол ва ҳаром тушунчаси ҳақида суҳбат қилсак...
– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Дарҳақиқат, бу мавзу, айниқса, бугунги кунда кўпроқ эсланишга, эслатилишга лойиқ, ҳатто зарурият деб ўйлайман. Чунки аввалги даврларга қараганда ҳозир кўплар ризқни қандай топиш эмас, нима қилиб бўлса ҳам топиш баҳсига киришиб кетгандай... Маркаб минишни билган киши уни шамолдай учириб ҳайдашдан олдин қандай қилиб тўхтатишни ўрганиши лозим. Чунки бусиз у ҳалок бўлади. Тўхтатиш ускунаси эса уловнинг ҳаракатланишига халақит бериш учун эмас, балки хавфли ва муҳтож бўлган пайт фойдаланиш учун қўйилган.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Аллоҳ амри билан кемаларнинг сузиши ҳамда (у кемаларда) Унинг фазли (ризқи)дан исташларингиз ва шукр қилишларингиз учун сизларга денгизни бўйинсундириб қўйган зотдир. У ўз томонидан сизларга осмонлардаги ва Ердаги барча нарсаларни бўйинсундирди. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир» (Жосия сураси, 12–13-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ китобида ҳалол қилган нарса ҳалол, ҳаром қилган нарса ҳаром, сукут қилган нарса афвдир. Аллоҳдан офиятни сўранглар. Чунки Аллоҳ эсдан чиқаргувчи эмас, дедилар. Сўнг бу оятни ўқидилар: “Парвардигорингиз унутувчи эмасдир”» (Марям сураси, 64-оят), (Имом Абу Довуд ривояти).
Демак, шариатимизда ҳалол дейилган нарсалар Аллоҳга яқинлаштиради. Ҳаром қилинганлари Аллоҳдан тўсади.
– Моида сурасининг 87-оятида: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилмангиз. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас”, деган амр келади...
– Ақли расо инсон қандай қилиб Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол, ҳалол қилган нарсани ҳаром дейиши мумкин?! Инсон ҳаром нарсани ҳалол, ҳалол нарсани ҳаром дейишга журъат қилган пайт катта гуноҳга ботади. Ахир, Исломда мутлақ маҳрум бўлиш йўқ. Ҳалол ҳаромдан беҳожат қилинган. Аллоҳ инсонга покиза йўлни кўрсатган. Масалан, эркак аёлни, аёл эркакни истаса, никоҳ орқали бир-бирларига етишишлари мумкин. Шундай экан, Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартирмоқчи бўлган кимсанинг ҳолига вой бўлади.
– Ҳаром амал аниқ – зино, қотиллик, хамр, ўғрилик... Ҳалол ҳам равшан: тоат, намоз, рўза, ҳаж, закот каби. Иккаласининг ўртасида шубҳали ишлар ҳам бор. Шундайми, домла?!
– Шубҳалар бир жиҳатдан ҳалолга, бир жиҳатдан ҳаромга ўхшайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳалол ҳам аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Иккаласининг ўртасида шубҳалар бор. Ким дини ва обрўйини сақлаш учун уларни қилмаса, саломат бўлади ва ким улардан бирини қилса, ҳаромга дучор бўлиши мумкин”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
– Минглаб ҳаром қилинган ва минглаб ҳалол қилинган ҳукмлар бор. Буларнинг ҳалол-ҳаромлигини қандай қоида билан биламиз?
– Манфаат зарарнинг устига қурилса, у ҳаром бўлади. Қайси иш фойданинг устига қурилса, у ҳалолдир. Масалан, ўғрилик қилиш кишига фойда келтириши мумкин, лекин моли ўғирланган кишига зарар келтиргани учун ҳаром. Бошқа шаҳардан одамлар эҳтиёжи учун нарса олиб келиб, бироз фойда билан сотишда эса ҳеч кимга зарар йўқ. Демак, бу иш ҳалол. Бунда, албатта, савдо илмига амал қилиш муҳимдир. Шунингдек, бошқа эҳтиёжларимизда ҳам Аллоҳ таоло биз бандаларига ҳалол ва фойдали жиҳатларни аниқ кўрсатиб қўйган. Ҳар бир сўз ва амалимиз учун Ўзининг ҳузурида, албатта, ҳисоб беришимизни унутмайлик.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
суҳбатлашди.