Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат ангаким, ҳавориқи одотқа ҳар маҳалда бир оттур (Йигирма бешинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

Ҳарқи одот зоҳир  этса киши,

Билингизким, анинг недур бу иши;

Анда гар даъвойи нубувваттур,

Билингиз, анга мўъжиза отдур.

Йўқса, анинг оти кароматтур,

Ақлда ушбу ишта ҳайраттур.

Мубтадиъдин хавориқи одот

Зоҳир ўлса, билинг, недур анга от:

Бордур ул макр ёхуд истидрож,

Шаҳрдин айлангиз ани ихрож.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Одатдан ташқари фавқулодда ҳодисаларнинг ҳар бири ҳар ўринда алоҳида бир ном билан аталиши ҳақида

 

Агар киши одатдан ташқари воқеаларни кўрсатса, унинг бу иши нима эканини (нима деб аталишини) билиб олинг.

Агар у киши пайғамбарлик даъвосида бўлса, у ҳолда унинг кўрсатган фавқулодда ҳодисаси мўъжиза деб аталади.

Йўқса (бошқа аҳли ҳол, солиҳ ва муттақий авлиё киши бу ҳодисани кўрсатса), у каромат дейилади. Ақл бу ишдан ҳайратдадир (ожиз ва ҳайрондир).

 

Агар мубтадиъдан – бидъатчидан, яъни дин қонун-қоидаларига зид бир янгиликни ихтиро қилувчи кимсадан бу фавқулодда ҳодиса юз кўрсатса,  бунинг  номи  нима  эканини  билиб  қўйинг:  бу  макр  ёки  истидрож дейилади. Уни шаҳардан (яшаётган манзилингиздан) қувиб чиқаринг.

 

ИЗОҲ. Одатдан ташқари фавқулодда ҳодиса пайғамбарлардан зоҳир бўлса – мўъжиза, авлиёдан бўлса – каромат, кофирдан бўлса – истидрож дейилади.

Истидрож – динсизларнинг гумроҳлигини (ва охиратдаги азобини) даражама-даража орттириш учун Аллоҳ таолонинг уларга устма-уст эҳсонлар қилмоғидир. Кофирларга қилинган ана шундай атолардан бири – уларга фавқулодда воқеаларни кўрсатиш имконининг берилишидир. Масалан, золим Фиръавн Нил дарёсини тескари оқизганига ўхшаш ҳодисалар.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 2014 times
Tagged under

Мақолалар

Top