Мақолалар

Имом Табарий: Қирқ йил давомида кунига қирқ варақдан асар ёзган олим

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ер юзида уламолар худди еру сувнинг қоронғулигида йўл топишга ёрдам берувчи йўлчи юлдузга ўхшайди. Юлдузлар ғойиб бўлганда йўловчилар адаша бошлайдилар», дея марҳамат қилганлар.

Ҳадиси шарифда таърифи келган ана шундай йўлчи юлдузлардан бири билан қисқача танишсак.

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг тафсир китоблари ичида энг мўътабарларидан саналувчи «Тафсири Табарий» асари ва «Мусулмон тарихчилигининг отаси» унвонига сазовор этган «Тарихи Табарий» номи билан машҳур асарлари орқали танимаган илм толиблари кам топилади.

839 йилда ҳозирги Эроннинг тарихий вилояти Табаристон таваллуд топган Абу Жаъфар раҳимаҳуллоҳ ўзининг ёшлиги ҳақида сўзлаб: «Етти ёшимда Қуръони Каримни ёд олдим. Саккиз ёшга тўлганимда, таровеҳ намозларида инсонларга намоз ўқиб берар эдим. Тўққиз ёшга тўлганимда эса, ҳадис ёза бошладим» деган эканлар.

Бўлажак олим 12 ёшида илм йўлида сафар қилган. Кўплаб илм марказларида бўлиб, таниқли уламолардан дарс олган.

Бир неча йиллик илмий сафарлардан сўнг 870 йили Мисрдан Бағдодга келган олим кейинги 50 йиллик ҳаёти давомида ўта баракали ва сермазмун илмий фаолият олиб борган.

Ўзини бутунлай таълим ва илмга бағишлагани сабабидан замондошлари ва кейинги авлодларнинг юксак эътирофи ва таҳсинига сазовор бўлган.

Имом Абу Бакр Хатиб ўзининг «Тарихи Бағдод» китобида шундай ёзади: «Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий... шундай олим эдики, сўзлари ҳукм ўрнида қабул қилинарди, унинг раъйига мурожаат қилишарди. У ўз асрида ҳеч ким муваффақ бўлмаган даражада илм олди ва уларни ёзди. У Қуръони каримни тўла ёд олган, қироат турларининг барчасини чуқур ўзлаштирган, уларнинг маъноларини теран ўрганган олим эди. У ҳадис илмида ҳам беназир бўлиб, саҳобалар, тобеинларнинг ҳаётлари, ҳақида ҳам ҳаммадан яхшироқ билар эди».

Имом Табарий юксак эътирофларга сабаб бўлган «Тафсир»ини етти йил давомида шогирдларига айтиб туриб ёздирган. Хатиб Бағдодий шундай дейди: «Али ибн Убайдуллоҳ Симсимийдан эшитдимки, ибн Жарир Табарий қирқ йил давомида ҳар куни қирқ варақдан асар ёзган».

Табарий тарих, фиқҳ ва тафсир ва қироат илмларидан ташқари араб шеърияти, наҳв, математика ва тиббиёт илмларини ҳам яхши ўзлаштирган. У зот вақтини жуда ҳам тартибли равишда илм олиш ва таълим беришга тақсимлаб, шунга қатъий амал қилган.

Хатиб Бағдодий ривоят қилади: «Абу Жаъфар Табарий бир куни ўз шогирдларига айтди: «Тафсир ўқишни ҳохлайсизларми, ёзиб берайми?»-деди. Улар: «Қанча варақ бўлади?» –деб сўрашди. У киши: «Ўттиз минг саҳифа бўлса керак…» - деб, жавоб берди. Шунда шогирдлари: «Китобни охирига етмасдан умримиз тугаб қолади-ку!» -деб, жавоб бердилар. Сўнг Абу Жаъфар Табарий китобни уч минг саҳифага қисқартириб, таълиф қилди.

Сўнгра шогирдларидан: «Одам алайҳиссаломдан бизнинг вақтмизгача бўлган олам тарихини ёзиб берайми»-деб, сўради. Улар: «Неча саҳифа бўлади?»-деб, сўрашди. Абу Жаъфар тафсир китобининг ададича миқдорни айтган эди, шогирдлари ҳам худди ўшандай жавоб қайтаришди. Шунда Абу Жаъфар: «Инна лиллаҳи! Одамларда ҳиммат камайиб кетибди.» –деб, тафсирни қисқартирган миқдорда қисқартириб ёзди».

Муфассир, фақиҳ, муҳаддис ва тарихчи олим ибн Жарир Табарий 86 ёшида Бағдодда вафот этган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимга илм талаб қилиб турган ҳолида ажали келса, у билан пайғамбарларнинг ўртасида фақат пайғамбарлик бўлади, холос», (Имом Термизий ривояти) деган муборак сўзлари ҳаётининг сўнгигача ўзини илмга бағишлаган олимлар ҳақида айтилган бўлса керак, Валлоҳу аълам.

Манбалар асосида Бобур Аҳмад тайёрлади

Read 2597 times

Мақолалар

Top