Мақолалар

"Ҳозирги жамиятимиз тариқатга мос эмасми?"

Савол: «Баъзилар: «Ҳозирги жамиятимиз тариқатга мос эмас. Бир ерга беркиниб, зикр айтгандан кўра, ташқарида инсонларга ислом учун хизмат қилиш керак. Шунинг учун ҳам тариқат кераксиздир», – дейдилар. Бу ҳақда нима дейсиз?»

ЖАВОБ: Тариқат жамиятга қандай муносиб бўлмасин, ахир тариқатда ажойиб бир тарбия тизими, ички тарбия, ахлоқ тарбияси бор... Жамиятнинг комил инсонга эҳтиёжи борми, демак тариқатга ҳам эҳтиёжи бор... Агар эҳтиёжи бўлмайдиган бўлса, у вақт жамиятнинг ўзгармоғи лозим... Тариқат ҳақида билмай гапирадиганлар қайсарлик, ўжарлик, беҳуда хаёлларни ташлаб, аввало тариқатни чуқур ўргансинлар. Уятсизлик, андишасизликдан жаноби Аллоҳни ўзи сақласин! Ахлоқ жамиятга керакли бўлгани, ахлоқ тарбиясининг жамиятга  татбиқ этилиши лозимлиги учун ҳам биз бу масалага жиддий ёндашамиз... «Бир ерга беркиниб олиб зикр айтиш» деган сўз билан тариқатга тош отилади, ноҳақ  бир даъво, асоссиз айблаш бўлади, холос... Тариқат гумон этилгани каби ундай эмас. Балки, насроний роҳиблари, исломдан олдинги мистиклар бундай бўлганлар. Масалан, Туркиядаги Улудоғга чиқиб кетиб, у ерда махсус жой қилиб ибодат қилишган. Шунинг учун ҳам у ер «руҳоний тоғи» деб аталади. Ғорларга кириб кетишган. Ёки Ниғда, Оқсаройдаги қояларда махсус жойлар қилиб узлатга чекинганлар, тарки дунё қилиб, уйланмасдан ибодатга машғул бўлганлар. Исломда бундай қилиш тақиқланади.

Исломда мутасаввифларнинг ҳар бири бир касб соҳиби бўлган. Фариддин Атторнинг «Тазкиратул авлиё»сини ўқинг; мутасаввифлар ё аттордир, ё қассобдир, ё темирчидир, ё нонвойдир, ё ҳаммолдир, ё тўқувчидир, ё пўстиндўздир ва ҳоказо. Чунки улар қўл меҳнати билан кун кўришни, ризқ топишни энг савоб, энг ҳалол, суннатга мувофиқ яшаш тарзи деб тушунганлар.

Ислом тасаввуфида таркидунёчилик, жамиятдан қочиб, бир чеккага – узлатга чекиниш йўқ, дедик. Бироқ баъзан тарбия учун вақтинчалик «хилват» га кирилади. Буни нимага ўхшатиш мумкин? Агар бир талаба университетни битириш арафасида  диплом иши олса, уни пухта ёзиш учун бир неча кун уйидан чиқмай вақтинчалик узлатга чекинса, ҳеч ким уни уйидан чиқмаганликда айбламайди. Чунки  пишиқ бир лойиҳа ёки ёзма бир иш ёзиб тугаллайди. Имтиҳонларга ҳам тайёргарлик кўради. Бу бир ҳол саналади. Тариқатда ҳам тарбия учун бир нарсалар, тарбиянинг баъзи усуллари, шакллари қўлланади: қирқ кун хилватга /чиллага/ киради, зикр айтади, кўнгул кўзи очилади, маърифатуллоҳга эришади, Аллоҳнинг севгили қули бўлади. Хилватда қирқ кун ибодат билан машғул бўлгандан кейин, халққа хизмат қилади.

Масалан, Ашраф ўғли Румий Ҳамага кетибди. У ерда Саъдиддин Ҳамавий ҳазратларининг изни билан уч марта хилват /арбаийн, чилла/ ўтирибди. Яъни юз йигирма тўрт кун /тўрт ой давомида/. Тўрт ой доимий ибодатга шуғулланибди, бироқ ундан кейин Изникка келиб, халқни тарбиялашга, иршод этишга, дарвишларни  етиштиришга, диний илмларни ўргатишга машғул бўлибди.

Мутасаввифлар меҳнат қилиб, касб ўрганиб, ундан рўзғор боққанларини айтиб ўтдик.Ҳазрат Аҳмад Яссавийнинг қандай ҳаёт кечирганликларини биламиз. Қошиқ йўниб, бозорда соттирганлар. Ҳатто ўзлари бозорга бормас эканлар. Қошиқларни бирор уловни икки тарафидаги қутиларга жойлаштириб, «чуҳ-чуҳ»лаб ҳайдаб юборар эканлар... Улов бозорга бориб, айланиб юраркан, одамлар қошиқни олиб, пулини қутининг ичига ташлаб қўяркан. Агар бирор киши пулини бермаса, ҳайвон то пулини бермагунича унинг кетидан қолмас экан...

Бундай воқеалар кўп гапирилади. Бир нарса аниқки, улар меҳнат қилганлар, бировга юк бўлмасдан пешона тери билан кун кўрганлар.

Ҳа, улар ҳаётида тижорат бор, хизмат бор, зикр ҳам бор... Албатта, мурид вақт топиб кечаси икки билан уч орасида ярим соат зикр айтсин, Аллоҳ, Аллоҳ десин, кўз ёши тўксин!... Ояти  каримада ва ҳадиси шарифда бу ҳақда кўп  таъкидланади...

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

 

Read 1783 times

Мақолалар

Top