Мақолалар

Бир савол сўрасам: Эр ҳаром пул топса, аҳли аёли ҳам гуноҳкор бўлади-ми?

— Эр ҳаром йўл билан уйга нарса олиб кириб, болалари ва хотинига eдирса, бунинг гуноҳи эрнинг бўйнидами? Ёки истеъмол қилмаслик керакми? Иккиланиб қолдик.

— Эр ҳалол йўлдан ризқ топишга ҳаракат қилиши шарт. Аҳлига ҳаром луқма едиришдан узоқ ва эҳтиёт бўлиши лозим. Агар эркак киши оиласига ҳаром луқма едирса, гуноҳкор бўлади. Аҳлига эса ҳеч қандай чораси бўлмаса, ўлмай қоладиган даражада ейишга рухсат бор.

Қолаверса, ҳаром таом еган одамнинг неча кунлаб дуоси қабул бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, Анас! Луқмангизни ҳалол қилинг, киши ҳаром луқма еса, қирқ кун дуоси ижобат бўлмайди”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, ҳар бир имонли киши тановул қилаётган луқмасига қаттиқ эътибор қилиши ва уни фақат ҳалол йўл билан топиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мол-дунёни қаердан топаётганига парво қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам у кишини дўзахнинг қайси эшигидан киритишига парво қилмайди” (Имом Дайламий ривояти).

Шу боис, илгари оналаримиз оталаримизни ишга кузатаётиб: “Биз бу дунёнинг очлигига сабр қила оламиз, лекин дўзахнинг ўтига сабр қилолмаймиз. Аллоҳдан қўрқинг, ризқимизни ҳалолдан топинг”, деб эслатиб туришарди.

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 2036 times

Мақолалар

Top