Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат ангаким, Муҳаммад уммати  афзали умамдур ва умматлари орасида  хулофойи рошидийн азизу муҳтарамдур  (Мавзунинг давоми) (Йигирма саккизинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ

ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур

хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА

НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

 

Кимки шайхайну анбиёни сўкар,

Қонини ўз илиги бирла тўкар.

Сўккучи шаръ аро бўлур кофир,

Тилимизни Сен асра, эй Қодир.

Бовужудеки, шаръ этар кофир,

Ўлум ўлғай бу журмға таъзир.

Яхши денг жумла олу асҳобин,

Васф этинг барча ёру аҳбобин.

Яхши денг, яхши ҳам кўрунг барини,

Иззу таъзим ила сўрунг барини.

Жумлани яхши эътиқод қилинг,

Барчасин яхшилиққа ёд қилинг.

Чун хилофат Алийға топти қарор,

Тушти асҳоб аро хилофи ниқор.

Ҳақ Алий жониби эди анда,

Ким хилоф этти, бўлди шарманда.

Ул хилоф эрди ноҳақу ботил,

Лек аларға тегурмагайсен тил.

Икиси эрди ул мубашшарадин,

Ким, бу навъ иттилар хато орадин.

 

НАСРИЙ БАЁН

Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломнинг уммати

умматларнинг афзали эканлиги ва ул зотнинг

умматлари орасида хулофойи  рошидийн азиз  ва

муҳтарам эканликлари ҳақида

(Мавзунинг давоми)

 

Кимки пайғамбарларни ва шайхайнни, яъни икки шайх бўлмиш ҳазрати Абу Бакр билан ҳазрати Умарни (розияллоҳу анҳумо) сўкса, у  ўз  қўли  билан  ўз  қонини  тўккан  бўлади.  Чунки  у  зотларни сўкадиган киши шариъатда кофир бўлади. Эй Қодир – қудратли Аллоҳ!  Сен  тилимизни  бундай  фалокатдан  асрагин!  Чунки  шариъат куфр деб санаса, бу зулмга жазо ўлимдир.

(Тўғри эътиқод шуки,) у зотнинг барча оила аҳлларини ва саҳобаларини яхши денг, барча ёрлари ва дўстларини яхши сўз билан васф этинг.

Уларни яхши дейиш билан бирга яхши ҳам кўринг, ҳаммаларини  иззат-икром,  ҳурмат-эътибор  билан  эсланг.  Барчаларини яхши деб эътиқод қилинг, ҳаммаларини яхшилик билан – яхши сифат ва яхши таъриф билан ёд этинг.

Халифалик ҳазрати Алига қарор топган вақтида саҳобалар ўртасига душманлик ихтилофи тушди. Ўшанда ҳақиқат ҳазрати Али тарафида эди, у зотга хилоф қилганлар уялиб қолди. У ихтилоф – қарама-қаршилик ноҳақ ва бекор бўлган эса-да, лекин уларга ҳаргиз тил текизмагин!

Иккиталари (ашараи) мубашшарадан – (ҳаёт чоғларидаёқ) жаннатий эканлиги башорат қилинган зотлардан эдилар, кейин шу йўсин хатони ўртадан йўқ қилдилар.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 1731 times
Tagged under

Мақолалар

Top